«ПСЖ» — ҳозир ёки ҳеч қачон! ЕЧЛ ўйинлари анонси
27 ноябрь куни Европа чемпионлар Лигасининг тўрт гуруҳида 5-тур ўйинлари якунланди ва яна 7 жамоа расман плей-офф йўлланмасини ҳал қилди. Сўнгги турлар энди, «Шахтёр» ва «Лион»дан қайси бири F гуруҳининг иккинчи омадли жамоаси бўлишини, ҳамда гуруҳлардаги биринчи ва иккинчи ўринлар борасида аниқлик киритади холос.
Бугун эса, қолган тўрт гуруҳда ҳам ҳал қилувчи палла бошланмоқда. Парижда икки топ жамоанинг ўзаро ўйинида йўлланма учун жанг кечса, «Тоттенҳэм» «Уэмбли»да сўнгги хасга осилиб кўришга уринади. Шу ва бошқа қизиқарли учрашувлар ҳақида Tribuna.uz сайтининг анъанавий анонси билан қаршингизда.
А ГУРУҲИ
АТЛЕТИКО – МОНАКО (23:00)
БОРУССИЯ – БРЮГГЕ (01:00)
Бу гуруҳда «Брюгге»нинг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари ҳозирча сақланиб қолаётган бўлса-да, ғолиблар «Атлетико» ва «Боруссия» бўлишини ҳамма билиб турибди. Бельгияликлар аввал Дормундда ғалаба қозонишлари, кейин ўз майдонида «Атлетико»нинг енгишлари, бу ҳам етмагандай, бу жамоаларнинг «Монако»га қарши ўйинларда очко йўқотишларидан умид қилишларига тўғри келади. Бу жуда қийин.
«Монако»нинг ҳам ўз ҳолича мотивацияси бор. Тьерри Анри жамоаси 16 ўйиндан иборат ғалабасиз сериядан сўнг, ниҳоят, Канда ғалабага эришди. Плей-офф учун барча имконият йўқотилган бўлса-да, қолган ўйинларда ижобий натижа қайд этиш ва ҳеч бўлмаса, Европа Лигасига ўтиш учун имконият йўқотилгани йўқ.
Албатта, «Атлетико» ва «Боруссия» ўз ўйинларини юз фоизлик натижа билан тугатишни истайди. Сабаби, гуруҳда 1-ўринни олиш ва кейинги босқичда нисбатан осонроқ рақибга рўбару келишни мақсад қилишлари турган гап. Ўзаро ўйинларда Дортмунд жамоасининг устунлиги борлиги туфайли, жадвални бошқармоқда, демак «Атлетико» гуруҳ ғолиби бўлиши учун «Боруссия»нинг очко йўқотишидан умид қилишга тўғри келади. Хуллас, агар интрига топаман дейилса, ҳар қандай ҳолатдан ҳам буни уддалаш мумкин.
Дарвоқе, Мадриддаги ўйин бошқа ўйинлардан икки соат эртароқ бошланишига эътибор қаратишингиз мумкин.
В ГУРУҲИ
ПСВ – БАРСЕЛОНА (01:00)
ТОТТЕНҲЭМ – ИНТЕР (01:00)
5-тур олдидан кейинги босқичга расман чиққан жамоа «Барселона» эди. Аммо шундай бўлса-да, каталонияликлар қатнашадиган ўйинларнинг ҳам аҳамияти катта. Биринчидан, жамоанинг ўзи яна қанчадир керакли очкони қўлга киритиб, гуруҳдаги 1-ўринни ҳам ўзлариники қилиб олишлари керак. Иккинчидан, сўнгги турдаги «Барселона» – «Тоттенҳэм» ўйинида меҳмонларни фақат ғалабагина кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин. Бу ўйин ҳам кўпчиликнинг эътиборида бўлиши табиий.
«Тоттенҳэм» мана шу имкониятни сўнгги турга сақлаб қолиш учун ҳам бугун «Интер» устидан ўз майдонида ғалаба қозониши шарт. Ҳозирча, «Тоттенҳэм» миланликлардан уч очко ортда қолмоқда. Биринчи даврадаги ўйин 2:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлган. Демак, Почеттино шогирдлари имкон қадар икки тўп фарқи билан ёки 1:0 ҳисобида ютишлари керакки, ана ўшанда ўзаро ўйинлардаги устунлик инглизлар томонга ўтади ва улар «Интер»ни қувиб ўтадилар.
Сўнгги турда «Интер» «ПСВ»ни қабул қилишини эътиборга олсак, «Тоттенҳэм» кейин Барселонада ҳам ғалаба учун ўйнашига тўғри келади. Кўринишидан бу оғир вазифани уддалашга лондонликлар бел боғлайдиларми, йўқми, буни бугун кузатамиз. Эсингизда бўлса, икки йил олдин ҳам, гуруҳда «Тоттенҳэм» худди шу ҳолатга тушиб қолганди ва Почеттино жамоасига ишонмай, муҳим ўйинда иккинчи таркибни тушириб, АПЛ ўйинларига эътибор қаратишни маъқул кўрганди. Ўтган икки йилда «Тоттенҳэм» ва унинг мураббийи амбициялари қай даражада ўсганлигини томоша қилиш ҳам қизиқ бўлса керак.
Дастлабки вазифа учун жамоа тайёр. Буни биз шанба куни «Челси»га қарши ўйинда ҳам кўрдик. «Уэмбли»да Сарри жамоасига деярли имконият қолдирилмади. Аммо бу сафарги рақиб анча эхтиёткор, хотиржам Италия жамоаси эканини ҳам таъкидлаш керак.
С ГУРУҲИ
НАПОЛИ – ЦРВЕНА ЗВЕЗДА (01:00)
ПСЖ – ЛИВЕРПУЛЬ (01:00)
Агар, умуман гуруҳ босқичидаги марказий гуруҳ сифатида С гуруҳини айтсак, бугун мана шу марказий гуруҳдаги энг марказий ўйин бўлиб ўтади. «ПСЖ» ўз майдонида «Ливерпуль»ни қабул қилади.
«ПСЖ» Францияда ҳар қанча рекордларни янгиламасин, агар Европадаги жиддий жамоаларга қарши ўйинларда ўзини кўрсата олмаса, лойиҳани муваффақиятсиз деб баҳолаш мумкин. Мана, бу мавсум ЕЧЛдаги барча топ-ўйинларда жамоа ғалаба қозона олмади. «Ливерпуль»дан мағлубият, «Наполи» билан икки ўйинда ҳам дуранг. Фақат «Црвена Звезда»нинг рақобатчилар билан ўйинларда матонат кўрсатиб, очколар тортиб олишгани парижликларга қўл келди ва жамоа ҳозирда яхши имкониятга эга бўлиб турибди. «ПСЖ» бугун «Ливерпуль»ни енгиб, Белградда ҳам ғалаба қозонса, ҳар қандай ҳолатда гуруҳдан чиқади. Лекин аксинча, агар «ПСЖ» бугун мағлубиятга учрайдиган бўлса ва ҳатто агар дуранг қайд этиладиган бўлса ҳам, назарий томондан ҳам бор имкониятдан мосуво бўлиши мумкин.
Турнир ҳолатидан ташқари ҳам бу ўйин интригаларга тўла. Масалан, ўз вақтида «Боруссия»ни гуллатган икки мураббийнинг навбатдаги қарама-қаршилигини кўриш анча қизиқ бўлса керак. «Ливерпуль» учун ҳам бу ўйин ҳаёт ва мамот масаласидек гап. Ҳозирда жадвални бошқариб турган ливерпулликлар агар Парижда ютқазишса, сўнгги тур олдидан қийин вазиятда қолишлари мумкин. «Наполи» устидан 2 тўп фарқи билан ғалаба қозониш лозим бўлиб қолади. Бу янада қийин ишлигини алоҳида айтиб шарт эмас.
Парижликлар мураббийи Томас Тухель ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида мухлисларни хурсанд қилди: Неймар ва Мбаппе ниҳоят майдонга тушишлари мумкин. Бу футболчилар жисмоний тарафдан қай ҳолатдалиги номаълум, лекин мана шу фактнинг ўзиёқ жамоа ўйинини кучайтиради, Каванининг елкасига тушиб қолган юкни камайтиради.
«Ливерпуль» таркибида Клайн, Соланке, Лаллана каби жароҳатланганларга эътибор қаратмаслик мумкиндир, аммо Садио Маненинг ҳолати аниқ эмас. Сенегаллик футболчи жамоа билан Парижга учиб келган бўлса-да, ҳатто Клопп ҳам унинг ўйинга қанчалик тайёрлиги борасида бирор аниқ гап айтолмади. Аммо Шакирининг яхши ўйин кўрсатаётгани ва Фирминонинг ниҳоят икки ойлик голсиз даврни тугатиб олганига қарасак, инглизлар учун ҳам оптимистик факторлар етарли.
D ГУРУҲИ
ЛОКОМОТИВ – ГАЛАТАСАРОЙ (23:00)
ПОРТУ – ШАЛЬКЕ (01:00)
Турнирнинг илк ўйинида «Локомотив» Истанбулга сафар қилган ва ўйин борасида рақибидан у қадар ёмон кўринмаган бўлса-да, якунда йирик ҳисобда мағлубиятга учраганди. Айнан шу ўйин москваликлар учун таянч нуқтаси бўлди ва Семин жамоаси кейинги ўйинларни ҳам ўша кайфиятда ўтказди. Натижада, «темирйўлчилар» Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида бирорта ҳам очко қўлга кирита олмаган икки жамоадан бири бўлиб турибди.
Турклар учун эса ўша ғалаба кейинги муваффақиятлар учун дебоча бўла олмади. Кейинги уч ўйинда «Галатасарой» бошқа ғалаба қозона олмади, жамоа футболчилари бу ўйинларда ҳатто бирорта гол уришнинг ҳам уддасидан чиқа олишмади. Ҳозирда, «Галатасарой» ва «Шальке» ўртасидаги фарқ 4 очкони ташқил қилмоқда. Яъни, энди туркияликлар қолган икки ўйинни ғалаба билан тугаллаган тақдирда ҳам, яна «Шальке»нинг «Локомотив» билан ўйинда ҳам очко йўқотишини кутишга тўғри келади.
«Шальке» Португалияга сафар қилади. «Порту» рақибидан 2 очко олдинда бормоқда ва гуруҳ масаласини расман ҳал қилиш учун дуранг ҳам кифоя. Ёки «Галатасарой»нинг очко йўқотиши ҳам португалияликларни плей-офф йўлланмаси эгасига айлантиради.
Қизиғи, «Порту» ҳам, «Шальке» ҳам 4-турдан сўнг йўлланмани расман эгаси бўлмади. Аммо шундай бўлиши мумкинки, агар икки соат олдин Москвада бошланадиган ўйинда дуранг қайд натижа этиладиган бўлса, ҳар икки жамоа ҳам ҳали майдонга тушмасдан туриб, расман плей-офф иштирокчисига айланади.
Мавзуга оид
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
13:55 / 23.10.2024
«Реал»да яна камбэк, «ПСЖ» оғир вазиятда. Кун ўйинлари
23:12 / 30.09.2024
Абдуқодир Ҳусанов «ПСЖ» эътиборига тушди – инсайдер
16:14 / 19.09.2024