Жаҳон | 19:56 / 30.11.2018
19416
3 дақиқада ўқилади

Эркак қармоғи ёрдамида чўкаётган қизларни қутқариб қолди

Аргентинада денгиз бўйида балиқ тутаётган эркак қармоғи ёрдамида 3 қизни чўкишдан қутқариб қолди. Ушбу воқеа видеосига Clarin нашри эътибор қаратган.

Воқеа Буэнос-Айрес вилоятидаги Хенераль-Альварадо муниципалитети пляжларидан бирида 25 ноябрда юз берган. Эрнан Мария Галарца балиқ овлаш вақтида яқин орада тобланаётган 3 қизча тўсатдан йўқолиб қолганини пайқаган. У денгизга тикилиб боққанда унга сузиб юрган рюкзаклар бўлиб туюлган буюмларни кўрган. Бироқ Галарца тез орада бу қизчалар эканини ва улар кучли тўлқин сабабли соҳилга чиқа олишмаётгани ҳамда тобора денгиз ичкарисига кириб кетишаётганини кўрган.

Шунда балиқчи қармоғи лескаси таранг тортилиб турганини, уни қизчалардан бири тўлқин денгизга олиб кетмаслиги учун кафти атрофида ўраб олганини пайқаган. Шунда эркак қизларга чўкиб кетишларига йўл қўймаслигини айтган. У лескани маълум вақт тортишда давом этиб, сўнгра кўмак излашга тушиб кетган. Шунда у пляж яқинида 17 ёшли йигитни учратиб, ундан суза олиши ҳақида сўраган. Аниқланишича, йигитча сузишни яхши билган ва ўйлаб ўтирмасдан, ўзини денгизга отган.

Балиқчи ва йигит пляжга қайтишганда, қизчалардан бири соҳилга мустақил чиқа олганини кўришган. Бироқ қолган икки қиз соҳилдан тахминан 60 метрча узоқлашиб кетган. Ёш йигит бир қизчани қутқариб чиққан, эркак эса қармоғи билан учинчи қизчани ушлаб турган ҳамда 20 дақиқа ичида уни ҳам чиқариб олган. 

Қизчалар 11 ёшдан 13 ёшгача бўлишган. Эркакнинг айтишича, қизларнинг бахтига леска узилиб кетмаган.

“Бу жуда танг ҳолат эди, уларнинг ўлишларини кўриш жуда даҳшатли бўларди. Агар мен уларга ёрдам бериш учун ҳеч нима қилмаганимда, бундай манзара кейин бутун қолган ҳаётим кўз олдимдан кетмаган бўларди”, деб айтган Галарца.

Қизчалар қутқарилишгач, биринчи ёрдам пунктига етказилганлар. Таъкидланишича, воқеа юз берган пляж тошлар кўплиги ва кучли тўлқинлар кузатилиши сабаб сузиш учун хавфли жой ҳисобланади.

Мавзуга оид