Ўзбекистон | 13:09 / 03.12.2018
51210
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ўқитувчи обунага пул бермагани учун ўқувчиларни камситган ва урган

Фото: KUN.UZ

Фарғона вилояти Бувайда тумани 3-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси ўқувчиларни ҳақоратлагани, камситгани ва калтаклагани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Бувайда тумани 3-умумий ўрта таълим мактабида синф раҳбарлари ва фан ўқитувчилари томонидан турли мақсадларга пул йиғилгани, пул бермаган ўқувчиларни ҳақоратлаш, калтаклашлар тўғрисида маълумотлар чоп этилган эди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати чоп этилган материаллар юзасидан текширув ўтказди.

Текшириш натижасида 2018 йилнинг 16 ноябрь куни мактабнинг 7-В синф раҳбари Р. М. шу синфда маънавият соати ўтиш жараёнида икки ўқувчига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этгани, яъни обунага пул бермаганликлари учун синф ўқувчилари олдида ҳақоратлаб, камситган ва калтаклаганлиги аниқланди.

Фарғона Халқ таълими бошқарма бошлиғининг буйруғига асосан, ўқитувчи Р.М. ва Маънавий-маърифий ишлар бўйича мактаб директори ўринбосари Х.А. эгаллаб турган лавозимларидан озод этилдилар.

Мактаб директори Р.А.га эса интизомий чора кўрилди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Фарғона Халқ таълими бошқармаси маҳаллий ҳокимият билан ҳамкорликда ўқув муассасасини кўмир ёки кўмир брикети билан таъминлаш учун керакли чоралар кўрмоқда.

«Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги зўравонликнинг барча кўринишларини қоралайди ҳамда ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини босиқликка ва ўзаро келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этишга чақиради.

Халқ таълими вазирлиги мактаб ходимларини ота-оналардан турли мақсадлар учун ноқонуний маблағлар йиғиш амалиётини тўхтатишни сўрайди», - дейилади вазирлик маълумотида.

Мавзуга оид