Ўзбекистон | 19:00 / 24.01.2019
33281
10 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура, Миллий Олимпия қўмитаси, Нурхон Нафасов ва айбсизлик презумпцияси

Кеча Нурхон Нафасов «трендда» бўлди. У ҳақида интернетда бир нечта хабар берилди, бу иш ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Биз ушбу воқеаларни бир жойга жамлашга ва аслида нима бўлганига қисқа изоҳ беришга ҳаракат қиламиз.

МОҚ нима деди?

Дастлаб Миллий Олимпия қўмитасининг расмий сайтида унинг номини қоралайдиган хабар чиқди. Қўмитадагилар «Нурхон Нафасовнинг кирдикорлари фош бўлди» сарлавҳаси остида хабар тарқатишди. Хабарнинг русча вариантида эса Нурхон Нафасовнинг илгари ҳам жиноий жавобгарликка тортилганига ишора қилишди.

«Ўзбекистон Каратэ Миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (Товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Тергов жараёнида амалга оширилган тафтиш натижасида ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги бирламчи маълумотлар ўз тасдиғини топди.

Хусусан, Н.Нафасовнинг федерация раиси лавозимига тайинланган кун – 2018 йил 16 майдан бошлаб октябрь ойигача 125 миллион 557 минг сўмлик пул маблағини белгиланган тарзда (терма жамоа аъзолари, уларни мусобақаларга тайёрлаш харажатлари) сарфлаш ўрнига, уларни мақсадсиз ва ортиқча ишлатганлиги, товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга йўл қўйилганлиги, спортчилардан бадал пулларини йиғиб олиб, федерация ғазнасига кирим қилинмаганлиги аниқланди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда», дейилганди хабарда.

Ижтимоий тармоқларда нималар дейилди?

Ушбу хабар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кўплаб норозиликларни келтириб чиқарди. Хусусан, Телеграм ижтимоий тармоғидаги @davletovuz каналида қуйидагича муносабат билдирилди:

«Ҳали ҳаммаси тергов босқичида экан. Суд ҳукми эълон қилингани йўқ, ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги бирламчи маълумотлар ўз тасдиғини топди, деб баралла айтишга уларнинг, яъни Олимпия қўмитасининг қонуний ҳаққи борми? Айбсизлик презумпциясини ҳеч ким бекор қилгани йўқ, ҳарқалай. Қолаверса, Олимпия қўмитаси ва Нурҳон Нафасов ўртасидаги конфликт ҳақида оммавий ахборот воситаларида бир неча маротаба ёзилган эди. Бизнингча, информацион хуружга ўхшаб кетаяпти. Қолаверса, бу информацияни прокуратура берганида ҳам майли эди».

Телеграмдаги @niyozov_news канали эса бу фикрларни қўллаб-қувватлаб, қуйидагиларни қўшимча қилди:

«Нафасовни ҳаётда кўрмаганман. Қандай одамлигиниям билмайман. Билганларим касбий қизиқишларим ва ОАВда берилган ахборотлар доирасидадир. У ким бўлишидан қатъи назар ҳаммамиз каби тенг ҳуқуқли фуқаро. Қайсидир жиноятни содир этганликда гумонланаяптими, то айби суд тартибида исботланмагунча уни жиноятчига чиқариб қўйиб бўлмайди. Конституция ва қонунларимизда айбсизлик презумпцияси ҳаммага бирдай кафолатланган.

Рашиджон Қодиров, Нодир Тўрақулов, Туробжон Жўраев ва ҳоказо казо-казоларга нисбатан кемтиксиз ишлаётган ушбу нормалар барчага бирдай қўлланиши керак. Қонун устуворлиги — шу. МОҚ ва Нафасов ўртасидан қандай оламушук ўтган бўлсаям, у чиндан-да ўта кетган разил бўлсаям, буни суд ҳал қилиши, жиноятлари далил билан исботлангачгина ҳукм ўқилиши керак. МОҚ эса скриншотдаги хабар сарлавҳаси билан Нафасовнинг қаламини аллақачонлар синдириб бўлибди.

Барча одамлар қонун олдида тенглиги ва ҳеч бир тафовутсиз қонун билан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгалигини унутмасак бўлгани».

Бош прокуратура нима деди?

Шундан сўнг, кечанинг ўзида Бош прокуратура мазкур хабар бўйича расмий муносабат билдирди. Таъкидлаш жоизки, ушбу муносабат раддия мақомида бўлиб, унда Миллий Олимпия қўмитасига яхшигина огоҳлантириш берилган, дейиш мумкин. Жумладан, муносабатда шундай дейилади.

23.01.2019 йилда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг расмий сайтида «Нурхон Нафасовнинг кирдикорлари фош бўлди» номли хабар нашр этилди. Мазкур хабар бўйича Бош прокуратура матбуот хизмати шуни қатъиян маълум қиладики, қўзғатилган жиноят ишлари ва олиб борилаётган тергов ҳаракатлари юзасидан расмий маълумотлар фақатгина бу борада мутасадди тергов ва назорат қилувчи органлар томонидан берилади.

Шунингдек, таъкидлаш зарурки, дастлабки терговнинг ҳолатлари ва унга жалб қилинган шахслар ҳақида кенг жамоатчиликка турли талқиндаги хабарларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида белгиланган айбсизлик презумпцияси қоидаларига зид ва бундай ҳолатлар ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказиши мумкин».

Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳақиқатдан Ўзбекистон каратэ миллий Федерациясидаги ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани, лекин ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича бирор-бир шахс, хусусан Н.Нафасов гумонланувчи ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинмагани, тергов ҳаракатлари эса давом этаётганлигини таъкидлади.

Айбсизлик презумпцияси ўзи нима?

Кеча айбсизлик презумпцияси ҳақида шунча шов-шув бўлди, ижтимоий тармоқлар талаб қилди, Бош прокуратура ҳимоя қилиб чиқди. Хўш, ўзи айбсизлик презумпцияси нима? У шунчалар катта қадриятмидики, бунча дод-вой қилишмаса.

Айбсизлик презумпцияси ҳақида Бош қомусимизнинг 26-моддасида қуйидагича норма белгиланган:

«Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди».

Гарчи бу ерда айбсизлик презумпцияси атамаси ишлатилмаган бўлса-да, лекин айни шу қоида олтин асос ҳисобланади.

Айбсизлик презумпцияси бевосита қайд этилган навбатдаги ҳуқуқий ҳужжат, бу Жиноят-процессуал кодексидир. Кодекснинг 23-моддасида бу атамага кенгроқ таъриф берилган. Унда қуйидаги 3та асосий жиҳат тилга олинади:

1) гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади;

2) гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас;

3) айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Мана шу қоидалар, айбсизлик презумпциясини ташкил этади ҳамда инсонлар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишда унинг аҳамияти жуда муҳим.

Энди Нурхон Нафасов оқланадими?

Шу ўринда, айримлар савол билан мурожаат қилишмоқда: «Каратэ федерацияси бўйича жиноят иши қўзғатилган экан-у, лекин бирор-бир шахс, хусусан Н.Нафасов гумонланувчи ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган экан. Қанақасига бундай бўлиши мумкин? Жиноят иши очилса-ю, лекин унга ҳеч ким жалб қилинмаслиги ҳам мумкинми?»

Мазкур саволга тушунтириш беришга ҳаракат қиламан.

Жиноят ишлари тегишли асос ва сабаблар мавжуд бўлганда ёки муайян бир шахсга нисбатан, ёки маълум бир фактга нисбатан қўзғатилиши мумкин.

Масалан, А. исмли шахс машина ҳайдаб кетаётганда йўл қоидаларини бузган ҳолда бир йўловчини уриб юборди. Шундан сўнг, у зудликда йўловчини касалхонага олиб борди, лекин кўрилган чоралар фойда бермади, йўловчи вафот этди. Бундай ҳолатда одам уриб юборган А. исмли шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Худди шундай вазиятда А. исмли шахс воқеа жойидан қочиб кетди, дейлик. Йўловчи эса ўша заҳоти ҳодиса жойида вафот этди. Бундай вазиятда вафот этган шахсни ким уриб юборгани маълум эмас. Лекин барибир жиноят иши қўзғатилади. Фақат шахсга нисбатан эмас, муайян фактга, яъни одам ўлимига нисбатан қўзғатилади. Кейинчалик тергов жараёнларида бу жиноятни ким содир этгани аниқланса, ўша шахс гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида жалб қилиниши мумкин.

Каратэ Федерацияси билан боғлиқ жиноят иши ҳам 2-ҳолатга ўхшаш. Яъни, дастлабки тафтиш натижасида Федерацияда ҳақиқатдан жуда кўп миқдордаги маблағлар мақсадсиз ва ортиқча сарфлангани маълум бўлган, факт бор. Лекин ҳозирда бу ишга алоқадор шахслар аниқланмоқда. Бу қинғирликнинг устида айнан ким турибди, ким ёки кимлар буни ташкиллаштирган, уларнинг асл мақсади нима бўлган? Барча деталлар тергов жараёнида аниқланади.

Агар Бош прокуратура ахборотига эътибор берсангиз, унда «Нурхон Нафасов айбдор эмас, унинг жиноятга алоқаси йўқ», дейилмаган. Балки айбдордир, балки йўқ. Буни суд ҳал қилади. Айтмоқчиманки, эртага мабодо унинг қилмиши тегишли далиллар билан ўз тасдиғини топиб, у жавобгарликка тортилиб қолса, «Ия, кечагина уни айбдор эмас дейишганди-ку» дея ҳайрон бўлманг.

Унда нега Бош прокуратура бундай хабар берди, дейсизми?

Шахсан мен Бош прокуратура хабаридан қуйидаги 2та мақсадни тушундим:

1) тергов жараёнлари ҳақидаги расмий маълумотни фақат ваколатли органларгина бера олади, қолганлар тергов ишига аралашмасин, кенг жамоатчиликда турли фикрларни пайдо қилиб, терговнинг холислигига халал бермасин;

2) айбсизлик презумпцияси, инсон шаъни ва қадр-қиммати барча нарсадан устун. Бошқача айтганда ҳар қандай шахс, у хоҳ жиноятчи бўлсин, хоҳ сутдек оппоқ инсон, фарқи йўқ, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади ҳамда муҳофаза қилинади.

Ҳа, юқоридаги иккала позицияни ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Аслида биз орзу қилган ривожланган демократик жамиятда худди шундай бўлиши ҳам керак. Кечаги воқеалардан кейин ана шундай жамият сари қадам ташланаётганини кўриб, хурсанд бўлдим, очиғи.

Дилшод Абдуқодиров, ҳуқуқшунос

Мавзуга оид