Жамият | 16:00 / 01.03.2023
14474
6 дақиқада ўқилади

“Айбсизлик презумпциясига риоя қилиниши керак” - “Uzavtoyo‘lbelgi” корхонаси ОАВда чиққан хабарларга муносабат билдирилди

Автомобил йўллари қўмитаси таркибидаги “Uzavtoyo‘lbelgi” ДУК фаолиятида ноқонуний ҳолатлар аниқлангани хабар қилинганди. UzA тарқатган хабарда корхона мансабдор шахслари 2 млрд 701 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағларини талон-торож қилган бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз боради.

“Uzavtoyo‘lbelgi” давлат унитар корхонаси мазкур хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Унда айтилишича, корхона ташкил қилинган илк кунидан бошлаб, маҳсулотлар олди-соттиси билан боғлиқ жараёнларни – Ўзбекистон Республикасининг (дастлаб 1992 йил 2 июлда, янги таҳрирда 2014 йил 12 сентябрда қабул қилинган) “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг (2018 йил 9 апрелда, янги таҳрирда 2021 йил 22 апрелда қабул қилинган) “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ амалга ошириб келмоқда. Яъни корхона учун харид қилинадиган хом-ашёлар – биржа савдоларидаги иштирокчилар томонидан нарх белгиланиб, энг кам нарх таклиф этган ғолиб ташкилот ёки хусусий тадбиркор томонидан етказилади. Савдо жараёнида амалга оширилган барча операциялар – Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси томонидан назорат қилиб борилади. Шу боис, мақолада тилга олинганидек, олди-сотти – “ўзларига таниш бўлган 5 та маҳаллий МЧЖ” билан қилинган деган даъво асоссиз.

Корхона ташкил бўлиши учун асос ҳисобланган ҳужжат, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3127-сонли қарорида – маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан маҳсулот сотиб олиш ва етказиб бериш ҳамда хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни танлов (тендер) савдоларини ўтказмасдан тузишга – Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда рухсат берилган. Кўзда тутилган маҳсулот ва хизматлар рўйхати эса ҳукуматнинг 2017 йил 2 октябрдаги 784-сонли қарори (3-илова) билан тасдиқланган. Мазкур иловада кўрсатилмаган маҳсулотларни харид қилиш бўйича шартномалар эса – тўғридан-тўғри тузилмасдан, юқорида тилга олинган Қонун талабларига асосан тузилган. Бор гап шу. Яъни бу ерда ҳеч қандай қонун бузилишларга йўл қўйилмаган.

Шу ўринда яна бир жиҳат, яъни гўёки “йўл белгиларини ясаш ва чизишда фойдаланиладиган маҳсулотлар эркин бозор нархларидан қиммат нархларда харид қилиниб, 2 млрд. 701 млн. сўм миқдоридаги бюджет маблағларини талон-торож бўлгани даъвоси қаердан келиб чиққанига ҳам изоҳ бериб ўтиш мантиқан тўғри бўларди.

Президент қарорида – амалдаги йўл белгиларини – “замонавий юқори интенсив (нур қайтарувчи) қопламали йўл белгилари билан алмаштириш, шунингдек, узоқ муддат фойдаланиладиган барқарор йўл чизиқларини чизиш учун махсус техника ва асбоб-ускуналар сотиб олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгиланган. Мазкур талаблар ҳамда Вазирлар Маҳкамасида 2018 йил 2 апрелда бўлиб ўтган йиғилиш баёни қарорига асосан, “Uzavtoyo‘lbelgi” ДУК томонидан – асосан юқори сифатли маҳсулотлар сотиб олинган.

“Uzavtoyo‘lbelgi” ДУК томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар

Шуни айтиб ўтиш керакки, “Uzavtoyo‘lbelgi” ДУК фаолиятини ўрганиб, улар ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспертиза учун тақдим этган ҳуқуқ-тартибот органлари битта асосий фактор, яъни сифатга эътибор қаратишмаган. Аниқроғи, плёнкаларнинг сифати, чидамлилиги, нур қайтариш даражаси, узоқ муддатга яроқлилик кўрсаткичлари – табиийки, унинг нархига таъсир қилиши – экспертлар томонидан умуман назарда тутилмаган. Ваҳоланки, бу кўрсаткичларни – люмен ўлчови бирлиги ёрдамида нур қайтариш даражасини аниқловчи “Ретрорефлектрометр” махсус ускунаси ёрдамидагина аниқлаш мумкин бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, экспертиза давомида плёнкаларнинг бу каби сифати текширилмаган. Асосий эътибор эса – минг афсуски, Президент қарори асос бўлган – сифатга эмас, нархга қаратилган.

“Uzavtoyo‘lbelgi” ДУК томонидан ишлаб чиқарилган ва ўрнатилган сифатли йўл белгилари

Натижада сифати анча паст бўлган бошқа плёнкаларнинг бозор нархи билан – “Uzavtoyo‘lbelgi” ДУК томонидан харид қилинган, АҚШ ва Германияда ишлаб чиқарилган юқори сифатли плёнкаларнинг харид нархи кўр-кўрона солиштирилган. 2018-2022 йиллар давомида аукцион орқали харид қилинган маҳсулотлар қийматидаги фарқ – 2,7 млрд сўм чиққан. Шу рақамни “дўмбира” қилиб чалиб, “бюджетга 2 млрд. 701 млн. сўм зарар етди”, дейилмоқда.

Ваҳоланки, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида – айбсизлик презумпцияси назарда тутилган бўлиб, унга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи – унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Яъни суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мавжуд бўлмас экан, ҳеч кимни маълум бир жиноий қилмишни содир этган шахс сифатида кўрсатиш, боз устига уни омма олдида эълон қилиш мумкин эмас.

Биз юқорида – ҳуқуқий томонлама асослантирилмай, фақатгина дастлабки суриштирув ҳатти-ҳаракатлари натижасидан келиб чиқиб, сунъий ваҳима қилинган мулоҳазаларга нисбатан – ўз позициямиз ва нуқтаи-назаримизни ҳавола этдик. Бу нуқтаи-назаримизни суд-ҳуқуқ тузилмалари олдида ҳам ҳимоя қилишга тайёрмиз, дейилади “Uzavtoyo‘lbelgi” давлат унитар корхонаси тақдим этган изоҳда.

Мавзуга оид