Ўзбекистон | 14:12 / 26.01.2019
19161
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги ташкилот ва идораларда қоғозни тежаш таклиф қилинди 

Фото: iStock

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида ташкилот ва идораларда қоғозни тежаш ҳамда электрон ҳужжат айланиш тизимини такомиллаштириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 июлдаги № 155-сонли “Республикада қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Бугунги кунда давлат идораларида электрон ҳужжат айланиш борасида кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

“Бироқ, айрим ҳолатларда келиб тушган электрон ҳужжат қоғозга чиқарилиб, ушбу қоғоз ижроси таъминлангандан кейин яна қоғозга чоп этиб, тасдиқланган ҳолда сканердан ўтказишга тўғри келмоқда. Битта келиб тушган электрон ҳужжат агар бир варақ бўлса, унинг чиқариш ва ижро этиш учун икки дона қоғоз ишлатилмоқда. Агарда келиб тушган электрон ҳужжат 10 варақ бўлса, бунинг учун 20 дона қоғоз ишлатилиши табиий”, - дейилади мурожаатда.

Республика бўйича фаолият кўрсатаётган идоралар ва корхоналарда бундай қоғоз сарфини ҳисоблаб кўрилса, қанча қоғоз сарфланишини билиш қийин эмас. Шунингдек, принтерларга мўлжалланган қоғоз четдан мамлакатимизга импорт қилинишини инобатга олсак, бу таклиф валюта маблағларини тежашга ҳам хизмат қилади, деб ёзади петиция муаллифи.

“Шу сабабдан, идораларда электрон ҳужжат айланиш тизимини янада такомиллаштириш, яьни қоғоз сарфини кескин камайтириш борасида аниқ тизимга ўтиш ёки қоғоз сарфини аниқ мақсадли ҳужжатлар учун ишлатиш, бу борадаги ислоҳотларни қайтадан кўриб чиқиш лозим. Электрон ҳужжат айланиш тизимига ўтишни кечиктираётган ташкилотлар ва идораларга нисбатан қатъий чоралар кўриш керак”, - дейилган мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда сувни ичимлик суви ва техник сувга ажратиш таклиф этилганди.

Мавзуга оид