Гулнора Каримова айбланаётган коррупцион схема ҳақида АҚШ батафсил маълумот берди (2-қисм)
Гулнора Каримова VimpelCom ва Unitel мобил операторининг Ўзбекистонда эркин фаолият юритиши учун ҳужжатларни расмийлаштиришда ўз мавқейидан фойдалангани иддао қилинмоқда. Хизмат эвазига Каримова Uzdunrobita бош директори лавозимида ишлаган Бекзод Аҳмедов орқали компаниялардан 114 миллион доллар пора олганликда айбланмоқда.
8 март куни Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова ва МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси - Uzdunrobita собиқ бош директори Бекзод Аҳмедов АҚШда пул ювиш ва 865 миллион доллар миқдорида пора олишда айбланаётгани ҳақида хабарлар тарқади.
Қайд этилишича, жиноий иш «хорижий коррупция амалиётлари тўғрисидаги қонун тарихида энг йирик ҳолат» юзасидан очилган.
Тергов версиясига кўра, Гулнора Каримова учта телекоммуникация компаниясидан 865 миллион доллар миқдорида пора олиш ва кейинчалик бу пораларни АҚШ молия тизими орқали ювиш учун ўз расмий мавқейидан фойдаланишда айбланмоқда.
Нью-Йорк Жанубий округи прокуратураси айбловида таъкидланишича, ноқонуний пул айланиш схемасига сабабчи бўлган келишув мулоқотини олиб боришда томонлар АҚШда рўйхатдан ўтган электрон почта хизматларидан фойдаланишган.
2005 йилда VimpelCom МДҲ давлатларидаги фаолиятини кенгайтириш мақсадида ўзбек мобил операторини сотиб олиш истагини билдиради. Шундай қилиб, 300 минг фойдаланувчига хизмат кўрсатаётган Unitel ва 2,5 мингга яқин мижоз учун ишлаётган Buztel компанияларига харидор чиқади.
АҚШ прокуратураси VimpelCom ўзининг манфаатдор вакиллари орқали 2006 йилда 60 миллион доллар эвазига Buztel, 200 миллион долларга Unitel'ни сотиб олганини тасдиқлайди.
VimpelCom'нинг ўзбек бозорига киришда кўмак бергани учун Гулнора Каримова шериги деб кўрилаётган Аҳмедов орқали компаниядан пора олгани таъкидланмоқда.
Тергов айбловида зикр этилган 3 компаниянинг бири (С) Unitel'дан улуш олишга эришади. Прокуратура бу компаниянинг раҳбари Каримова бўлмаса-да, у (С) компания устидан тўлиқ назоратни ўрнатганини билдирмоқда.
Unitel'нинг 7 фоиз акцияси учун (С) компанияVimpelCom'нинг Латвиядаги банк ҳисоб рақамига 20 миллион доллар ўтказиб, 2009 йилда айни шу улушни 57,5 миллион долларга сотгани иддао қилинмоқда. Бу пуллар эса Гонконгдаги банк ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
VimpelCom Ўзбекистонда 3G хизматини кўрсатиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга 25 миллион доллар пора бергани айтилмоқда.
Тергов версиясига кўра, пора сифатида талқин этилаётган пуллар VimpelCom'нинг Нидерландиядаги банк ҳисоб рақамидан (С) компаниянинг Латвиядаги банк ҳисоб рақамига икки қисмга бўлиб ўтказилган.
2011 йилда эса (С) компаниянинг Швейцариядаги банк ҳисоб рақами 30 миллион доллар билан тўлдирилади. АҚШ прокуратураси бу пуллар VimpelCom'нинг Ўзбекистонда 4G хизматини кўрсатиш учун тақдим этилган лицензия эвазига тўланган пора, деб билади.
(С) компаниянинг Ўзбекистонда 4G хизматини кўрсатиш бўйича тузган ҳисобот-режаси эса интернетдаги очиқ манбалар, хусусан Wikipedia'дан кўчирилган матнлар экани иддао қилинмоқда.
Аввалроқ, Россиянинг МТС мобил оператори АҚШ Адлия вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар комиссияси билан келишувга эришгани хабар қилинганди. Россия компанияси Ўзбекистондаги собиқ шўъба корхонаси атрофидаги тергов доирасида 850 миллион долларлик жарима тўлашга тайёр.
АҚШ расмийлари ушбу терговни 2014 йилдан олиб боради, 2015 йил баҳорда Нидерландия прокуратураси билан биргаликда Vimpelcom, МТС ва TeliaSonera компанияларининг Гулнора Каримова билан алоқаси борлиги таъкидланадиган Takilant компанияси билан битимлари юзасидан тергов бошлаганди.
Мавзуга оид
21:06 / 28.09.2023
Швейцарияда Гулнора Каримовага нисбатан айблов хулосаси судга топширилди
19:07 / 18.09.2023
Гулнора Каримованинг қайтарилган бойликлари Ўзбекистонда болалар ўлимини камайтиришга йўналтирилади
09:42 / 09.08.2023
Британия ҳукумати Гулнора Каримованинг 20 млн фунтлик мулкларини назоратга олди
22:04 / 13.03.2023