Ўзбекистон | 23:32 / 11.03.2019
14951
3 дақиқада ўқилади

Нима учун Ўзбекистонда жамоавий спорт турлари яхши ривожланмаяпти? Вазир изоҳи

Ўзбекистонда жамоавий спорт турларининг секин ривожланаётганига зарур мутахассисларнинг етишмаслиги сабаб бўлмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Kun.uz мухбирининг нима учун Ўзбекистонда жамоавий спорт турлари яхши ривожланмаётгани, халқаро майдондаги ғалабалар эса асосан якка спорт турлари бўйича эканлигига доир саволига шундай баёнот берди.

"Дарҳақиқат, Ўзбекистонда жамоавий спорт турлари ривожланиши секин кечмоқда. Очиғини айтадиган бўлсак, бу - бизни ҳам жуда ўйлантирадиган муаммо. Жамоавий спорт турлари бўйича секин ривожланишимизнинг асосий сабаби - мутахассисларнинг етишмаслиги. Ҳақиқатан, бизда жамоавий ёндашув, тактика, стратегияга оид билимларга эга бўлган мутахассислар етарли эмас. Бугунги кунда юртбошимизнинг топшириқларига асосан спортни ривожлантириш бўйича жуда катта қадамлар ташлаяпмиз", - деди вазир.

Дилмурод Набиевнинг сўзларига кўра, 2019-2020 йилги ўқув йилидан бошлаб Самарқанд шаҳрида Россия Жисмоний тарбия ва спорт университетининг филиали очилади. Мазкур ўқув йилидан 150 нафар талабани қабул қилиш режасини белгиланган. У ерда айнан жамоавий спорт турлари учун мутахассислар тайёрлайдиган йўналиш ҳам бўлади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Россия, Беларусь, Хитой давлатлари билан биргаликда мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйишни белгилаб олган. РФ билан биргаликда жамоавий спорт турлари, енгил атлетика спорт турлари бўйича мутахассис тайёрланса, Беларусь билан, масалан, қишки спорт турлари бўйича кадрлар тайёрланади. Хитой билан спорт психологияси ва спорт менежменти бўйича мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилади. Яқиндагина Дилмурод Набиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Хитойга бориб, Шанхай спорт университети ва Пекин спорт университети билан шартнома имзолагани таъкидланди.

"Филиал очиб қўйиш мумкин, лекин бу ерда мутахассис бўлмаса, барибир иш юришмайди, шунинг учун очгандан очмаган яхши. Ҳозирдан то сентябрь ойигача мавжуд мутахассисларимизнинг малакасини ошириб, тайёрлаб, аудиторияга кириб дарс ўтадиган даражага олиб келиш керак. Шу билан бирга, у ердаги мутахассисларнинг Ўзбекистонга келиб, бу ерда билим беришларини йўлга қўйишга доир ишларни олиб боряпмиз", - қўшимча қилади вазир.

Мавзуга оид