Light | 20:54 / 15.03.2019
82452
4 дақиқада ўқилади

30 ёшдан кейин истеъмол қилиш тавсия қилинмайдиган маҳсулотлар маълум қилинди 

Тўғри овқатланиш соҳасидаги россиялик мутахассислар 30 ёшдан ошган одамларга бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларидан воз кечишни тавсия қилишмоқда. Бундай маҳсулотлар рўйхатига колбасалар, ширинликлар ва пишириқлар киритилган. 

“30 плюс” авлоди вакиллари учун энг зарарли маҳсулотлар рейтингида шакар ва уни сақловчи барча маҳсулотлар “етакчилик қилмоқда”. Мутахассисларнинг фикрича, шакар тери эластиклигини ёмонлаштиради, ажинлар ҳосил бўлишига олиб келади ва коллаген (организмнинг бириктирувчи тўқимаси асосини ташкил қилувчи ва унинг мустаҳкамлигини таъминловчи оқсил) ишлаб чиқарилишини тўхтатади.

“Шакарнинг барча турлари етарлича заҳарлидир, айниқса ёғ тўқималари учун. Унинг меъёридан ортиқча истеъмол қилиниши оқибатида ёғ тўқимасининг сурункали яллиғланиши авж олади, бу эса артериал гипертония, атеросклероз ва қанд касаллиги каби ёш билан боғлиқ касалликларга олиб келади. Бундан ташқари, шакар эластин каби молекулаларнинг бичилиб кетишига олиб келади, бунинг оқибатида тери сўлади”, деб айтмоқда тиббиёт фанлари доктори, парҳезшунос Михаил Гинзбург.  

Номақбул маҳсулотлар орасида 2-ўринни трансёғлар сақловчи маҳсулотлар – фастфуд ва газаклар эгаллади. 30 ёшдан кейин бу маҳсулотларнинг барчаси организм томонидан ўзлаштирилмайди. Бу эса ортиқча вазн ва тери кексайишига олиб келади.   

“Трансёғлар атеросклероз авж олиши жараёнини кучли тарзда жадаллаштиради”, деб қўшимча қилди мутахассис.  

Антирейтингнинг кейинги ўрнини колбаса маҳсулотлари, айниқса катта миқдорда консервантлар, таъм кучайтиргичлари ва стабилизаторга эга турлари эгаллаган. “Гап гўштни чуқур қайта ишлаш билан боғлиқ барча маҳсулотлар ҳақида бормоқда. Қизил гўшт ҳам бу рўйхатга киради. Бунда тезроқ кексайиш билан боғлиқ алоқа бор”, деб таъкидлаб ўтган парҳезшунос. 

Мутахассислар, шунингдек, оқ ундан тайёрланадиган маҳсулотларни истеъмол қилишдан тийилишни тавсия қилишмоқда. Бундай маҳсулотлар қондаги глюкоза миқдори ошишига сабаб бўлади.

“Фикримча, оқ ун санаб ўтилган маҳсулотлардан энг хавфсизидир. Бунда ҳам шакар каби механизм ишлайди: бу маҳсулотлар жуда тез парчаланади. Бироқ оқ унга 10 фоиз жавдар уни ёки буғдой кепагидан қўшиб, унинг зарарлигини осон йўққа чиқариш мумкин”, деб ҳисобламоқда мутахассис.

Гинзбургнинг айтишича, мутахассислар томонидан санаб ўтилган маҳсулотларнинг барчаси қаришни тезлаштирувчи маҳсулотлар гуруҳига киради. Агар инсон кўпроқ умр кўришни истаса, бу маҳсулотларни камида эҳтиёткорлик билан, оз миқдорда ва асосий овқатдан кейин истеъмол қилиши керак.

“Мен бу рўйхатга барча ёғли маҳсулотларни, айниқса ҳайвон ёғлари ва палмитин кислотасига бой маҳсулотларни ҳам киритган бўлардим. Кунгабоқар, жўхори, соя ёғлари омега-6 ёғ кислоталарига бой. Улар омега-3га бой бўлган зайтун ва зиғир ёғларидан камроқ истеъмол қилиниши лозим. Сиз 30 ёшдан узоқлашганингиз сари, бу тавсияларга қатъийроқ амал қилишингиз лозим”, деб тавсия берди мутахассис.  

Мавзуга оид