Жаҳон | 17:11 / 15.03.2019
27616
5 дақиқада ўқилади

​Путин нега Тергов қўмитасини сақлаб қолмоқчи?

Фото: ТАСС

​Россия Президенти Владимир Путин Тергов қўмитаси ваколатини кенгайтиришни таклиф қилмоқда: мамлакатдаги энг катта тергов органига барча турдаги –молекуляр-генетикдан дактилоскопик текширувгача бўлган –экспертизани ўтказиш ҳуқуқи берилиши мумкин. 

Россия Федерацияси Президентининг ўзи қонунга ўзгартиш ташаббусини кўрсатиб, таклиф этилаётган лойиҳа парламентга киритилди. Агар президентнинг ўзи қонунчилик ташаббусини билдиргани инобатга олинса, парламент бу масалада иккиланиб ўтирмай, якдил қарорга келишини тахмин қилиш мумкин.

2011 йили ташкил этилган мустақил Тергов қўмитаси (ТҚ) прокуратура органлари таркибида шаклланган бўлиб, жиноят ишлари ва оғир ижтимоий қилмишларни тергов қилиш билан шуғулланади.

Пайдо бўлгандан буён ТҚга раҳбарлик қилаётган Александр Бастиркин ва Бош прокурор Юрий Чайка ўртасида хуфиёна кураш бошланган.

Путин ташаббусига сабаб бўлган тўқнашув ҳақида бир оғиз: Россия Бош прокурори ўтган йили ТҚ жиноий ишлар бўйича суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқига эга эмаслиги, унинг ҳузуридаги Криминалистика масалалари маркази ходимлари тиббиёт мутахассислари эмаслигини қатъий эслатганди.

Президент бу масалада Бастиркин томонида туриб, қўл силкитаётган бўлса, ўтган йили тарқаган гаплар ўз тасдиғини топмагани ойдинлашади. Масалан, президентлик сайловидан олдин Россияда Федерал тергов хизмати пайдо бўлиши, ТҚ фаолиятига нуқта қўйилиши билдирилганди. Бошқа манбага кўра, қўмита Бош прокуратура тўлиқ назоратига қайтиши мумкин эди.

Миш-мишлар шунчалик аниқ мазмунга эга бўлгандики, РИА қўмита раҳбари лавозимида ишлаётган Бастиркиннинг РФ Конституцион суди Валерий Зоркин ўрнини эгаллаши ҳақида ёзганди.

ТҚ фаолиятининг кўзга кўринган энг машҳур танқидчиси —​ Бош прокурор Чайкани Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко қўллаб-қувватлаганди. У айни қўмита тугатилиши ҳақида миш-мишлар тарқаганда прокуратура органлари назорати кучайтирилиши ҳақида қонун лойиҳаси тайёрланаётгани айтган.

«Барча сенаторлар тергов устидан назоратнинг прокуратурага қайтарилишини маъқулламоқда», —​ деб фикр билдирганди у. 

Бастиркиннинг яқин шериги, Тергов қўмитаси Москва бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Александр Дриманов иши ҳам миш-мишларга куч берганди. Гап шундаки, собиқ раҳбар криминал авторитетлардан пора олганликда айбланиб қўлга олинганди. Бу пайт Бастиркиннинг ўзи таътилда эди, кўпчилик унинг таътилдан ишхонага қайтмаслигини башорат қилди.

Дриманов қўлга олиниши яна 3 ойга чўзилди. Бош прокуратура эса назоратнинг кучайиши бўйича қонун лойиҳасини ҳалигача Дума тасдиғидан ўтказолмади. Уни президент эмас, КПРФ вакиллари парламентга киритди.

2018 йилда Россия Ички ишлар вазирлиги ҳам тугатилиши мумкин эди. Унинг ўрнида, Федерал хавфсизлик хизматини қайта ташкил этиш орқали, ягона Давлат хавфсизлиги вазирлиги тузилиши таклиф этилганди. Унинг пайдо бўлиши шарофати билан Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ваколатлари қирқилиши кутилганди. Бу ислоҳотларнинг биронтаси ҳам бўлмади. Президент оммавий нутқларида эса бизнесга босим ўтказмаслик чақириши билан чекланмоқда.​

Ўтган йилги президентлик сайловлари мамлакатда ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини ислоҳ этиш учун энг қулай пайт бўлганди. Президент буни амалга оширишга шошилмади. Кремль ўзи учун паст самара бераётган барқарорлик сақланиб қолинишини маъқул кўрди. Ўйлайманки, экспертиза фаолиятини Тергов қўмитаси ихтиёрига топшириш ҳам шу барқарорлик кафолатларидан бири саналади, аммо жамият ва давлат зиёни учун хизмат қилади.

Ўзбекистонда эса суд экспертизаси фаолиятини мувофиқлаштириш Адлия вазирлиги ваколатига киради. Вазирлик раҳбари Руслан Давлетов бу ҳақда қуйидаги фикрни билдирганди:

«Адлия вазирлиги тергов ва суд жараёнларида манфаатдор томон эмас. Қолаверса, биз ҳуқуқ амалиётининг қўлланиши устидан мониторинг олиб борамиз. Демак, суд экспертизаси Адлия ваколатида қолиши фуқаролик жамияти қурмоқчи бўлган демократик давлат тузилмасида тенгликни таъминлашдаги энг оқилона ечим бўла олади. Вазирлик тимсоли Фемида ҳам бежиз танланмаган».

Ўзбекистонда тергов иши ҳам бошқача ташкил этилади. Жиноят процессуал кодексининг 345-моддасида таъкидланганидек, жиноят ишининг терговга тегишлилиги​ белгиланган. Бунда дастлабки тергов прокуратура органлари, ҳарбий прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар органларининг терговчилари томонидан олиб борилиши назарда тутилган жиноятлар фарқлантирилган.

Мавзуга оид