Жаҳон | 00:34 / 16.03.2019
7926
2 дақиқада ўқилади

Лион аэропортида роботларга машиналарни автотураргоҳга қўйиш ишониб топширилди (видео) 

Франциянинг Stanley Robotics компанияси Лион аэропортида йўловчиларнинг парвоз куни машинасини автотураргоҳга қўйиб, уларни йўловчи қайтадиган кун қолдирилган жойига қайтарувчи махсус парковкачи роботларни синовдан ўтказа бошлади.

The Verge нашрининг ёзишича, тизим қуйидагича ишлайди: аэропортга ўз машинасида келган йўловчи машинасини бош автотураргоҳга кириш жойидаги махсус гаражда қолдиради. Тизим мобил дастур ёрдамида машинанинг маркаси ва моделини аниқлайди. Шундан кейин гараж ёнига Stan деб номланган робот келиб, машина остига юкловчи платформани киритиб, машинани кўтариб, уни автотураргоҳда жойлаштиради. Машина эгаси қайтишидан олдин робот автомобилни қолдирилган гаражда ҳозирлайди.

Компанияда таъкидланишича, роботларни қўллаш жойни тежашга имкон беради: роботлар ҳайдовчиларга қараганда муайян ҳудудда 1,5 марта кўпроқ машинани жойлаштира олади. Бу парковкалаш усули ва тизим машина эгаси қачон қайтишини билиши ва шундан фойдаланиб атотураргоҳда автомобилларни рационал жойлаштира олиши эвазига юз беради. Компания томонидан аэропортда қўлланаётган 4 та робот умумий ҳисобда кунига 200 та машинага хизмат кўрсата олади.   

Бу компания учун илк синов эмас: аввалроқ компания ўз роботларини Дюссельдорф ва Париж аэропортларида синовдан ўтказган. Бироқ Лиондаги синовлар бу ерда тизим уззукун ишлаши, бироқ ҳозирча бир неча минг машина қўйиш жойидан 500 тасинигина қамраб олиши билан фарқланади.

Мавзуга оид