Спорт | 13:30 / 16.03.2019
12454
14 дақиқада ўқилади

Зиданнинг қайтиши, Икардисиз Милан дербиси, «иблислар» «бўрилар»га қарши – ҳафта ўйинлари анонси

Келаси ҳафтадан лигаларда қисқа танаффус эълон қилинади ва футболчилар ўз терма жамоаларида йиғинларга жалб қилинадилар. Танаффус олдидан эса, бир қатор қизиқарли учрашувлар бизни кутиб турибди. Испанияда Зиданнинг қайтиши, Италияда Милан дербиси кўпчиликнинг эътиборига сазовор экани шубҳасиз. Англияда эса, кубок ўйинлари муносабати билан бир қатор ўйинлар бошқа кунга кўчирилган. Шундай бўлса-да, икки Манчестер клубининг навбатдаги соврин учун ҳозирча сиртдан давом этаётган рақобатини томоша қилиш қизиқ бўлса керак. Шунингдек, рақибининг бу турни ўтказиб юборишидан фойдаланиб, "Ливерпуль" вақтинча бўлса ҳам, яна биринчи ўринга қайтиши мумкин.

РЕАЛ – СЕЛЬТА (16 март, 20:15)

Мадридликлар учун март ойи яхши бошланмади. Жамоа аввалига "Барселона"га енгилиб, Испания кубогидаги курашни тўхтатган бўлса, кўп ўтмай "Барселона"га иккинчи марта ютқазиб, Ла Лигадаги имкониятини анча пасайтириб юборди. Кейин эса, "Аякс" "Бернабеу"да бенефис намойиш этиб, 2010 йилдан бери илк маротаба "Реал"ни Чемпионлар Лигаси чорак финалисиз қолдирди.

Русларда "бахт бўлмас эди, агар бир бахтсизлик бўлмаганда..." маъносидаги ибора бор. Уч йил олдин ҳам "Реал" Рафа Бенитес бошчилигида жар ёқасига келиб қолган ва у истеъфога чиқарилиб, ўрнига Зайниддин Зидан тайинланганди. Воқеанинг уёғини жуда яхши биласиз. Сўнгги ҳафтадаги мағлубиятлар Мадрид жамоаси мухлислари учун умидбахш бўлди, деб айтиш мумкин, зеро франциялик мураббий яна "Реал"ни бошқарадиган бўлди. Бу сафар Зидан ЕЧЛ учун курашишга кеч қолган бўлса-да, мухлислар ундан жамоани яна ўзгартиришни ва келаси мавсумда яна барча мусобақалар учун асосий даъвогар бўлган "Реал"ни қуришни кутмоқдалар. Балки ёзда бир қатор эътиборли трансферлар амалга оширилар ҳам.

Хуллас, жамоанинг янги тарихи айнан шу ўйиндан бошланади. Зидан иккинчи марта "Реал"да дебют қилади. Турнир жадвали нуқтаи назаридан, бу ўйин айтарли аҳамият касб этмаса-да, уни томоша қилиш қизиқ бўлади. Бу ўйинлар орқали Зидан келаси мавсум учун қайси футболчиларга ишонишини пайқаш мумкин. Хўш, Марселони таркибдан сиқиб чиқарган Регилон ўсишда давом этадими ёки биз яна бразилиялик ҳимоячининг юқори даражасини кўрамизми? Бэйлнинг Мадриддаги умри якунланиб бормоқдами? Васкес, Асенсио, Себальос, Льоренте каби ёш юлдузларнинг кейинги тақдири нима бўлади? Хуллас, "Реал"нинг ҳар бир кейинги ўйини Зиданнинг хулосалари учун асос бўлиб ҳизмат қилса ажаб эмас.

"Сельта"нинг ҳам ўз кураши бор, албатта. Виголиклар 27 ўйиндан 25 очко тўплаб, хавфли зонада, 18-ўринда бормоқдалар. Албатта, жамоа Ла Лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун рақибдан қатъи назар ҳар бир ўйинда очко учун курашиши табиий.

ВУЛВЕРҲЭМПТОН - МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (17 мартга ўтар кечаси, 00:55)

Бу ҳафта Англияда тур ўйинлари тўлиқ бўлмайди. Англия кубогидан чиқиб кетмаган жамоалар ушбу мусобақадаги курашни давом эттиришади. Жумладан, "Манчестер Юнайтед" сафарда "бўрилар" меҳмони бўлади.

“МЮ”нинг рақиби жиддий. "Вулверҳэмптон" Англияда топ-клублар сафида бўлмаса-да, айнан топ-6 дагиларга қарши ўйинларда муваффақиятли ўйнаганини алоҳида эътироф этиш керак. Масалан, Лондондаги ўйинларда "Тоттенҳэм" устидан ғалаба, "Арсенал" ва "Челси" билан ўйинларда дуранг алоҳида эътирофга арзийди. "Манчестер Сити" ҳам жорий мавсумда илк марта айнан "Вулверҳэмптон" билан ўйинда очко йўқотганди. "Ливерпуль"ни Англия кубогидан чиқариб юборган жамоа ҳам шу. У қадар узоққа кетмасак, Премьер Лигадаги биринчи даврадаги ўйин "Олд Траффорд"да бўлиб ўтиб, ўшанда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Хуллас, Сульшер шогирдларига бугун осон бўлмаслиги тайин.

Бошқа тарафдан, "Манчестер Юнайтед" айнан сафар ўйинларида ишончлироқ ҳаракат қилаётганини таъкидлаш керак. Жамоа Сульшер қўл остида қаторасига тўққиз сафар ўйинида ғалаба қозонди. Фақатгина ўтган турда, "Эмирайтес"да мезбонлар ғалаба қозонишган бўлса-да, ўша ўйинни ҳам "МЮ" ёмон ўтказмаган ва бир қатор хавфли вазиятлар яратганди.

Таркиб борасида мезбонларда жароҳатлар ҳам, дисквалификациялар ҳам йўқ. Меҳмонлар сафида эса, жуда кўп йўқотишлар аста-секин ўрнини тўлдириб бораётган бўлса-да, янги жароҳатлар пайдо бўлмоқда. Хусусан, қаторасига уч ўйинда дубль қайд этиб, "иблислар"нинг асосий ҳужумчисига айланиб бораётган Ромелу Лукаку жароҳат олди. Унинг ўрнини энди жароҳатдан тикланган Антони Марсьяль эгаллаши мумкин. Шунингдек, Мата, Валенсия, Санчес, Эррера, Жонс, Дармиян каби футболчилар тикланиб улгуришгани йўқ. Жесси Лингард ҳам тўлиқ спорт формасида эмас. Бундан ташқари, жамоа сардори Эшли Янг дисквалификация туфайли бу учрашувни ўтказиб юборади.

Дарвоқе, ушбу турнирда топ жамоалардан "Манчестер Сити" ҳам қолган. "Шаҳарликлар" бу босқичда "Суонси" меҳмони бўлишади.

СПАРТАК - ЗЕНИТ (17 март, 21:00)

Россия чемпионатининг класиколаридан бири. Питер ва Москва қарама-қаршилиги. "Зенит" ниҳоят тўрт йиллик танаффусдан сўнг яна шоҳсупага қайтиш учун яхши имкониятга эга. Семак шогирдлари 5 очколик фарқ билан турнир жадвалида пешқадам бўлиб туришибди. "Спартак" эса, айнан шу ўйинда ғалаба қозониш орқали бу пойгага қўшилиши мумкин. Ўшандагина "Спартак" ва "Зенит" ўртасидаги фарқ 5 очкога етади ва "қизиллар" ҳам мавсумнинг қолган қисмидан умид қилишлари мумкин. Акс ҳолда, ўртадаги саккиз очколик фарқ янада ортиши ва "Спартак"нинг чемпионлик орзуси камида бир йилга "кўмилиши" мумкин.

Албатта, ижобий натижа учун мезбонларда турли умидбахш рақамлар бор, масалан, "Спартак" охирги уч ўйинда "Зенит"га ютқазмаган. Айнан Москвадаги ўйинларда "Зенит" охирги марта 2012 йилда устун келган. Шунингдек, мезбонлар ўз майдонларидаги охирги 8 ўйинда камида бир маротаба бўлса ҳам, рақиб дарвозасини ишғол қилишнинг уддасидан чиқишмоқда.

Айнан қишки танаффусдан кейинги ўйинларга аҳамият берсак, "Зенит" ҳар икки ўйинни ғалаба билан якунлади. Ҳужум чизиғида янги куч - Сардор Озмуннинг пайдо бўлгани ҳам эътиборга арзийдиган воқеа. Аммо Европа Лигасидаги ўйинлар омадсиз якунланди. "Вильяреал"га ҳар икки ўйин бой берилиб, Европадаги юриш якунига етди.

"Спартак" эса, рақибидан фарқли равишда, баҳорни қийинроқ рақибларга қарши бошлади. "Краснодар" билан дуранг қайд этган бўлса, "Динамо" билан дербида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо Россия кубогида "Урал"га ютқазиб қўйди.

Учрашувга тайёргарлик борасида, мезбонлар таркибида муаммолар кўпроқ дейиш мумкин. Ешенко, Ребров, Фернандо каби футболчиларнинг сафга қайтишларига анча бор. "Зенит" сафида Кузяев, Ерохин каби футболчилар сафга қайтишга яқин турган бўлсалар-да, айнан бу ўйинга тайёр бўла олмайдилар. Шунингдек, "Спартак" ўтган турдан бери тикланиш билан машғул бўлгани, "Зенит" эса, пайшанба куни Европа Лигасида Испанияга сафар қилганига аҳамият берсак, жисмоний томондан мезбонлар анча тетик бўлишларини тахмин қилиш мумкин. 

ЭВЕРТОН - ЧЕЛСИ (17 март, 21:30)

"Челси" ҳозирда турнир жадвалида 6-ўринда бораётган бўлса-да, рақобатчилардан бир ўйин кам ўтказган ва йўқотилган очколар бўйича "МЮ"дан устунроқ, "Арсенал" билан эса, тенг ҳолатда турибди. "МЮ" ва "Арсенал" бу турда майдонга тушмаслигини эътиборга олсак, "Челси"да ўз ўйинини ютиб, кучли тўртликка кириб олиш имконияти мавжуд.

Айтиш мумкинки, "Челси"нинг бир ой олдинги муаммолари ортга чекинди. Роппа роса бир ой олдин лондонликлар аввалига "Сити"дан 0:6, кейин эса, "Юнайтед"дан 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраган ва жамоадаги ички муҳит ҳам ёмонлашиб кетганди. Шундан бери "Челси" 7 ўйинда майдонга тушди ва бирорта ҳам ўйинда мағлубиятга учрамади. Бу орада "Тоттенҳэм" ҳам муҳим ўйинда "ер тишлатилди", Европа Лигасида Киевнинг "Динамо" клуби умумий 8:0 ҳисобида мағлуб этилди. Демак "Челси" яна курашда!

Лекин рақиб анойи эмас. "Эвертон" Англияда таркиб ва салоҳият борасида Топ-6 га энг яқин жамоа саналади. Биринчи даврада беқарорлик кузатилган бўлса-да, ҳозирда жамоанинг ишлари жойида, буни биз "Ливерпуль"га қарши ўйинда ҳам кўрдик. Умуман "Челси"га қарши уй учрашувларида ҳам "Эвертон" ёмон натижа қайд этмаган – охирги 9 ўйиннинг 5 тасида мезбонларнинг қўли баланд келган. Агар ҳозирда "Эвертон"ни хавфли зонадан атиги 7 очко ажратиб турганини ва мавсум охирларида яна "Арсенал", "МЮ", "Тоттенҳэм" каби жамоаларга қарши ўйинлар кутиб турганини эътиборга олсак, "Эвертон"нинг ҳам "Челси" билан ўйинда мағлуб бўлишга ҳаққи йўқ. Жуда қизиқарли ўйин кўришимиз шубҳасиз.

МИЛАН - ИНТЕР (18 мартга ўтар кечаси, 00:30)

Ниҳоят 2011 йилдан бери илк маротаба Милан дербисини катта афиша сифатида тақдим эта оламиз. Айнан ўшанда бу икки жамоа ўзаро ўйинда майдонга кучли тўртлик вакили сифатида тушгандилар. Шундан бери ё "Милан" ёки "Интер", баъзида ҳар иккиси ҳам пешқадамликдан узоқ жамоа сифатида дербини бошлагандилар. Ҳозир "Милан" 50 очко билан учинчи, "Интер" эса, 49 очко билан 4-ўринни банд этган ва Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашда иккиси ҳам асосий даъвогарлардан. Пастроқдан "Рома" қувиб келаётганини инобатга олсак, бу ўйинда очко йўқотилиши кучли тўртликдаги ўринни хавф остида қолдириши турган гап.

Шу ўринда аввало "Милан"ни эътироф этиш лозим. "Ювентус"га қарши Суперкубок баҳсини айтмаса, жамоа охирги марта ўтган йилнинг охирида мағлубиятга учраганди. Шундан бери 9 тур "Милан" камида бир очко олишнинг уддасидан чиқди, охирги беш ўйинда эса, фақат ғалаба қозониб келмоқда. Албатта, бу ажойиб серияга январь ойида жамоага келиб қўшилган Кшиштоф Пёнтекнинг таъсири катта бўлди.

"Интер" эса, аксинча, мавсум бошида "Ювентус"га қаршилик қилиши мумкин бўлган энг асосий номзод мақомидан, беқарор жамоага айланиб қолди. Икарди билан боғлиқ муаммолар сўнгги пайтларда "Интер"нинг фақат салбий томондан мунозара қилинишига сабаб бўлмоқда. "Торино", "Кальяри" ва ""Болонья"дан учралган мағлубиятлар эса, шундай муаммоларнинг оқибатидир. "Интер"нинг кучли тўртликдаги ўрни ҳам хавф остида, уч кун олдин эса, жамоа ўз майдонида "Айнтрахт"га имкониятни бой бериб қўйди ва Европа Лигасида курашни тўхтатди. Айни шундай пайтда жамоа муҳитига ижобий ҳаво олиб келиш ва мухлислар сўнгги пайтлардаги омадсизликларни унутишлари учун Милан дербисидаги ғалаба айни муддао бўлади.

Жамоалар ўртасидаги сўнгги ўйинлар ниҳоятда кескин ўтган ва фақат минимал ҳисоб ёки дуранглар қайд этилган. А Сериядаги сўнгги икки ғалаба "Интер" томонида бўлгани ва ҳар икки ўйинда ҳам ғалаба голи сўнгги дақиқаларда рўй берганини эслаш мумкин. Қизиғи, мана шу ҳал қилувчи голлар Мауро Икарди томонидан урилган ва у навбатдаги Милан дербисида майдонга тушмайди. Демак дерби янги қаҳрамонга мухтож, балки у юқорида тилга олинган Кшиштоф Пёнтек бўлар?

БОШҚА ЎЙИНЛАР

16 март. СПАЛ - Рома (22:00), Суонси - Манчестер Сити (22:20), Ҳерта - Боруссия Д (22:30), Атлетик - Атлетико (22:30).

17 март. Женоа - Ювентус (16:30), Локомотив - Краснодар (18:30), Фулҳэм - Ливерпуль (19:15), Бавария - Майнц (22:00), Наполи - Удинезе (22:00), Бетис - Барселона (18 мартга ўтар кечаси, 00:45), ПСЖ - Марсель (18 мартга ўтар кечаси, 01:00).

Мавзуга оид