Жамият | 21:30 / 27.03.2019
28627
4 дақиқада ўқилади

Ўзимизнинг маҳалла: Самарқандча калейдоскоп сири

Kun.uz «Ўзимизнинг маҳалла» фотолойиҳасини нафақат Ўзбекистоннинг, балки дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири Самарқанд шаҳридан давом эттиради.

Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган шаҳар ўз вақтида Сўғдиёна давлатида, хионийлар ва кидарийлар, эфталлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, мўғуллар сулоласи ҳукм сурган даврларда марказий шаҳарлардан бўлган.

1970 йилда ЮНEСКО ташаббуси билан Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллиги нишонланган.

Турли сулола, ҳукмдорлар, жанг ва вайронагарчиликларни бошдан кечирган шаҳар Амир Темур империясининг пойтахти сифатида ҳар томонлама қайта шакллантирилган.

Шаҳар қиёфаси турли давлатлар, сулолалар ҳукмронлик қилган давр талаби, меъморчилик анъаналари таъсирида маданиятларнинг ранг-баранг ландшафти сифатида шаклланган.

Бугун Самарқандга ҳам кўпқаватли тураржойлар, турли-туман реклама баннерлари, умумреспублика миқёсида қатъий қолип тартибида экилаётган арчалару, сариқ, пушти рангларга бўялаётган деворлар, бинолар кириб келмоқда.

Шаҳарнинг ўзига хос, уникал қиёфаси эса парвариш ва эътиборга муҳтож.

Бу гал Kun.uz мухбири Самарқанд шаҳрининг Эски Шаҳар дея аталадиган қисми - Тошкент, Имом ал-Бухорий, Бибихоним, Чорраҳа, Даҳбед, Қўшҳовуз, 8 март, Ҳужум кўчалари ўтган ҳудудда бўлди.

Самадовлар ва Нажмиддиновлар оиласи вакилларининг айтишича, бу хонадонлардаги шифт ва пештоқлар бир ярим асрлик тарихга эга, ЮНEСКО ҳимоясида. 

Маълумот учун, ЮНЕСКО рўйхатига Ўзбекистондан 4 меъморий мажмуа киритилган. Улар орасида Самарқанд тарихий маркази ҳам бор.

Хонадонлар бўйлаб йўл кўрсатаркан, ёши 50 ёш чамасидаги самарқандлик кишилар шаҳарнинг бу қисмидаги хонадонлар бузилиш ёки бузилмаслиги ҳақида такрор ва такрор сўради.

Афсуски, бу ҳолатдан Самарқанд шаҳридаги кўплаб тарихий меъморий обидалар, хонадонлар ҳимоя остига олинган ёки йўқлиги, реставрация қилиниши борасида аниқ маълумотлар танқислигини сезиш мумкин. 

«Хўжа Зудмурод» масжиди биқинидаги новвойхонанинг эгаси сўзларига кўра бу жой 10-15 йил олдин мутлақо қаровсиз ётган. Тозалаб, таъмирлаб шу ҳолга келтиришган. 

Қаровсиз қолган ва таъмирталаб эски биноларни музей ёки лофт услубидаги коворкинг марказлари, қаҳвахоналарга айлантириш, уларга иккинчи ҳаёт тақдим этиш мумкин. 

Шаҳарда варраклар мавсуми бошланган

Самарқанд шаҳри жозибали ғилофга эга калейдоскопга ўхшайди. Унга фақат ташқи томондан - меҳмонларга кўрсатиладиган гўзаллиги учун мафтун бўлиш бир ён, калейдоскопнинг ичидаги сирли ва рангин нақшлар бир ён. Самарқанднинг биз кўрмаган, билмаган зеблари бисёр.

Шаҳарнинг тарихий маҳаллалари, эътибордан четда қолаётган гўшаларини қайта кашф қилиш учун моҳир заргар нигоҳи зарур.

Афсуски, бугун на шаҳарнинг тарихидан, на унинг меъморий композициясидан хабардор бўлган «реставратор»лар неча минг йиллик тарих руҳини акс эттирган биноларни ўз қаричлари даражасида ўлчаб қарор қабул қилмоқда. 

Умид қиламизки, Самарқанд маҳаллаларининг эътибор ва таъмирталаб иморатларининг асл қиёфаси сохталик ва алюкобонд билан тўсилмайди.

Бизни кутинг. Биз «Ўзимизнинг маҳалла» доирасида сизнинг ҳам тарихий маҳаллангизга борамиз.

Мирзаёр Эркинов

Мавзуга оид