Вафот этган фуқаро номига коммунал тўловлар учун қарздорлик белгиланиши мумкинми?
Вафот этган шахс номига йиллар давомида коммунал тўловлар қайд этилаётганлиги, шу билан бирга асоссиз катта қарздорлик пайдо бўлаётганлиги кўплаб фуқароларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.
Хонадонларга борган МИБ ходимлари анча йиллар олдин оламдан ўтган хонадон аъзоси учун ҳам тўловни ундириши ёхуд уйнинг собиқ эгаси номига келаётган қарздорлик аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда. Айбдор фуқароларми ёки таъминотчи корхоналар?
Уй хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Алипоша Ахмедовнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлда қабул қилинган 194-сонли «Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» ги қарорида белгиланганидек, хонадонда аҳоли сони ўзгарса (вафот этганлиги ёки бошқа сабаблар билан рўйхатдан чиқарилса), истеъмолчининг ўзи 5 кун муддатда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бу ҳақда хабар бериши керак.
«Лекин, афсуски, жуда кўп ҳолларда белгиланган муддат ўтиб кетади ва вафот этган фуқаро номига ойлаб, йиллаб қарздорлик ёзилаверади. Орадан анча вақт ўтишига қарамасдан кечикиб бўлса ҳам тегишли ташкилотларга фуқаронинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси тақдим қилинса, вафот этган кунидан бошлаб ёзилган қарз олиб ташланади», — дейди у.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фарруҳ Тошпўлатов эса вафот этган фуқаронинг номига ёзилаётган қарздорлик ҳолатларини қуйидагича изоҳлади:
— МИБ ходимлари хонадонларга боришганда шунақа тушунмовчиликларга дуч келишяпти. МИБнинг бу йўналишда ишлаш тартибини тушунтираман: коммунал тўловлардан қарздорлик бўйича МИБга тегишли таъминотчи корхоналар томонидан ҳисобот тақдим этилади. Ходимларимиз шу маълумотларга асосан иш юритишади. Вафот этган бўлсаям, шахс номига қарздорлик ёзилаётган бўлса, фуқаро оила аъзоси вафот этганлиги тўғрисида гувоҳномани коммунал тўловни қабул қилувчи ташкилотларга кўрсатиши керак. Бунда энг яқин ҳамкор маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлиши керак, чунки айнан маҳалла маълум жойда истиқомат қилувчилар ҳақида кўпроқ маълумотга эга ва бу бўйича доимий равишда база шакллантириб борилиши лозим.
Тошпўлатовнинг айтишича, ушбу масала юзасидан маҳалла ва фуқаролар ўртасида изчил ҳамкорлик ташкиллаштирилиши лозим. Яна бир вазиятни келтириб ўтиш лозим: уй кимнинг номида бўлса, таъминотчи корхоналарнинг маълумотлар базасида унинг исми рўйхатга олинади ва тўловлар шу шахс номига келади (уйда рўйхатда турувчилар ҳам тўловни амалга оширишади).
Агар уйнинг қонуний эгаси вафот этган бўлса, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи марҳумнинг васияти бўйича унинг оила аъзоларидан бирига ўтиши керак. Жисмоний шахс буни расмийлаштириб олиши лозим. Шунда юқорида келтирилган базада вафот этган шахс номи ўчирилади ва ўз-ўзидан қарздорлик қайд этилмайди.
«Бу каби чигал вазиятнинг олдини олишнинг оптимал ечими маълумотлар алмашинуви тизимини электронлаштиришдир. Бунда фуқаро ўзи истеъмол қиладиган газ, электр, сув миқдори учун олдиндан пул тўлайди. Энг муҳими, инсон факторидан фойдаланилмайди ва тизим камчиликларсиз ишлайди.
АСКУЭ (Автоматизированная система контроля и учета электроэнергии) тизими яқин йиллар ичида бутун республика бўйлаб жорий этилади. Ҳозирда Тошкент, Фарғона, Бухоро, Самарқанд вилоятларида АСКУЭни йўлга қўйиш ишлари бошланди», — дея қўшимча қилди Ф. Тошпўлатов.
Экспертлар таъкидлаганидек, ташкилотлар ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро тушунмовчиликни олдини олиш учун ҳуқуқий онгни шакллантира билиш лозим. Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англамаса, ўртада зиддият янада кучаяверади.
Муҳаббат Маъмирова
Мавзуга оид
08:00 / 05.12.2024
321 млн сўмни талон-торож қилган МИБ ходими ушланди
13:29 / 30.11.2024
МИБ Суд ижрочилари халқаро иттифоқи билан ҳамкорлик қилади
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
07:37 / 08.11.2024