Нега ёмғирлар Самарқанд учун тобора хавфли бўлиб бормоқда?
Самарқанд шаҳрининг Мароқанд маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар кейинги йилларда ҳар ёмғирдан қаттиқ азият чекаётганини ёзиб Kun.uz таҳририятига мурожаат қилишди.
Мурожаатда келтирилган ҳолатларни ўрганар эканмиз, ҳар сафар ёмғир ёғганида Самарқандда йўлларнинг сувга тўлиб қолиши, кўплаб уйларнинг зарар кўриши сабабларидан бири бўй кўрсата бошлади.
Дарҳақиқат, март ойининг охиридаги шаҳарнинг қатор ҳудудларида кузатилган тошқиндан ҳеч қанча ўтмасдан, апрель ойининг бошидаёқ самарқандликлар ёмғир оқибатида келиб чиққан сув тошқинларига яна гувоҳ бўлди — бир ҳафтада икки марта — ва кўпчиликда бир савол пайдо бўлмоқда: Нега уйларни сув босяпти?
Кўпчилик кишилар шаҳар ариқларининг аксарияти неча йиллардан буён эътибордан четда қолаётганини билдирса яна кўпчилик маиший чиқиндиларнинг канал ва коллекторларга ташланаётгани муаммонинг асосий сабаби, деб билади. Бу гапларда ҳам жон бор, албатта.
Аммо, афтидан, асосий муаммо бу ҳам эмас. Шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда юзлаб, архитектура қоидаларига зид ўзбошимчалик билан қурилган бинолар ҳам сув йўлини тўсиб турибди. Ҳатто шундоққина ариқ устига қурилган уйлар ҳам бор экан.
Мароқанд маҳалласидаги ҳолат бу фикримизга далил бўла олади. Ҳудуддаги ўнта хонадоннинг ҳар ёмғирда сувга бўкиши одатий ҳол бўлиб қолган. Маҳалла аҳли қатор ҳокимият бошқарув идораларига мурожаат қилган. Аммо, натижа йўқ.
— Маҳалламиз ичидан оқиб ўтувчи каналда ўн йиллар давомида бирор бир ташкилот томонидан, қазиш, тозалаш каби профилактик тадбирлар олиб борилмаган, — дейилади мурожаатда. — Сув тошишидан ташқари, ушбу каналдаги санитария ва эпидемиологик вазият ҳам бирор бир талабга жавоб бермайди. Ёмғир ёғганида эса сел келиб, ҳар сафар мол мулкимиз зарар кўриб, ўзимиз қўрқувда яшаймиз. Қўлимиздан келгунча, канални тозалаймиз, давлат идораларидан эса кучимиз етмаган жойига техника сўраймиз. Сув йўлида қурилган иморат эса дард устига чипқон бўлиб турибди. Шусиз ҳам ариққа сиғмаган сув мана шу иморат олдига келиб тўхтаб, тошиб бошлаяпти. Агар масъул идоралардан бирор бир раҳбар лоақал битта хонадон кўрган зарарни чўнтагидан кавлаганида эди. Йиллар давомида дардимизга беписанд қарамасди.
Маҳалладаги ҳолатни кўздан кечирарканмиз, ўзимиз ҳам юқоридаги ҳолатга дуч келдик. Иморатлардан бири канал устига қуриб юборилган. Сув тошқинидан эса ўнлаб хонадонлар каттагина зарар кўрган. Жони ҳалқумига келиб, ёмғир ёғаверса уйи олдини қум тўлдирилган қоплар билан тўсиб қўювчилар ҳам бор экан.
Энг қизиғи, ана шу селдан атиги бир неча кун олдин маҳаллада, шу ҳудуддан Самарқанд шаҳар кенгашига сайланган депутат аҳоли билан учрашув ўтказиб, уларнинг муаммоларини сўраган экан. Табиийки, аҳоли айни мана шу сув тошқини муаммоси, уни келтириб чиқараётган омилларни санаб, уларни бартараф этишда ёрдам сўраган.
Депутат эса ваъда берган: «Эртагаёқ ҳал этилади». Депутатнинг ваъдасига ишонган аҳоли орадан бирнеча кун ўтиб айнан сув тошишидан катта зарар кўрган.
Энди қатор саволлар туғилади: аҳолининг мазкур масала бўйича мурожаатлари нима сабабдан эътиборсиз қолиб кетмоқда? Бир неча каналларни тартибга олишга маҳаллий ҳокимликларнинг имконияти йўқми ёки эътиборсизликми бу?! Депутатлар-чи? Модомики уларнинг вазифаси бошқа экан, аҳолининг муаммолари барибир ечилмас экан, халқ билан учрашув ўтказиб, уларнинг дардини тинглаш нега керак? Ҳисобот учунми? Ва ниҳоят, асосий савол: сув тошқинларига сабаб бўлаётган, каналлар устида қурилган уйлар учун ким жавоб беради ва ким бу йўлни қайта очади? Ахир, бусиз аҳолини тошқиндан қутқариб бўлмайди-ку?!
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
22:11 / 02.11.2024
Испанияда сув тошқинлари: яна 10 минг киши табиий офат юз берган ҳудудга юборилади
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024