Ўзбекистон | 01:01 / 18.04.2019
26849
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда “снос” можаролари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди

15 апрель куни Тошкентда Ўзбекистонда фуқаролар ва тадбиркорлар норозиликларига сабаб бўлаётган “снос” муаммоларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар берди Kun.uz мухбири.

Унда АҚШ ва Европа Иттифоқи дипломатлари, Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили, БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти вакили, ҳуқуқ фаоллари, хориж матбуоти вакиллари, маҳаллий журналистлар ва тадбиркорлар иштирок этди.

Гуманитар ҳуқуқ маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниевга кўра, тадбиркорлар ва фуқаролардан келаётган мурожаатларнинг 80%га яқини айнан қурилиш ва бузиш ишлари билан боғлиқ. У муаммоларга барҳам беришнинг энг яхши йўли ўзаро мулоқот эканлигини таъкидлади.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердловнинг айтишича, баъзи инсонлар яшаб турган жойнинг маҳаллий давлат ҳокимияти вакилларининг огоҳлантиришисиз бузилиши, ўрнига етарли компенсация тўловлари тўланмаслиги юзасидан мурожаатлар анчайин кўпайиб бормоқда. Свердлов мазкур масалани президент ўз назоратига олиши зарурлиги ва халқаро жамият бу борада ўз тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр эканини билдирди.

Ҳуқуқ фаоллари бузилишлар оқибатида мол-мулкидан ажраган оддий аҳоли ва тадбиркорлар сонига оид аниқ рақамларни тўплаш билан шуғулланаëтганларини, ўз суриштирувлари давомида бу жараëнда одамларнинг юрак хуружидан вафот этганига оид фактларни ҳам ўрганаëтганини маълум қилишди.

Йиғилишда ҳозирги вақтда жамоатчилик диққат марказида турган инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев ва бухоролик тадбиркор Ботир Адизовлар ўзларига бўлаётган адолатсизликлар юзасидан ўз фикрларини айтишди.

Мазкур йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокимлигидан вакил иштирок этмади ҳамда бу ҳолатга айрим оммавий ахборот воситаларида алоҳида урғу берилди. Kun.uz мухбири шаҳар ҳокимлиги билан боғланиб бу борада изоҳ сўраганида, ҳокимлик вакили тадбир юзасидан таклифнома шаҳар ҳокимлигига кеч етказилганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг ноябрь ойида Kun.uz тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев мурожаати асосида суриштирув ўтказганди. Бу мурожаат бўйича тайёрланган “Бир кунда 600 минг доллардан ортиқ маблағ йўқотдим”. Тошкентда тадбиркор қураётган уйлар бузиб ташланди” сарлавҳали мақолада тадбиркорнинг Мирзо Улуғбек тумани “Авайхон” маҳалласи ҳудудида қурилаётган 3 қаватли турар-жой биноси бузиб ташлангани баён қилинганди.

Маълум муддат ўтгач, тадбиркор муаммолари чет эл оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилди. Муҳаммадбобур Хўжаев Тошкент шаҳри ҳокимини шаҳардаги қурилиш бозорини “монополияга айлантириш”да, арзон уй қураётган тадбиркорни “қурилиш бозоридан сиқиб чиқариш”да айблаганди.

Шундан сўнг, Kun.uz яна бир бор журналистик суриштирув ўтказиб, масалани атрофлича ўрганиб, “Танганинг икки томони: Тошкентдаги “снос” можаросида ким нима дейди?” сарлавҳали мақолани эълон қилди. Унда шаҳар ҳокими тадбиркор билан исталган вақтда кўришишга тайёр эканини билдирганди.

Мавзуга оид