Жамият | 21:40 / 26.04.2019
30042
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йилнинг бу даврида балиқ овлаш мумкин эмас

Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида 15 апрелдан бошлаб табиий сув ҳавзалари ва сув омборларида балиқ овлаш чеклови амал қила бошлади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларидан ташқари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 15 апрелдан 1 июнга қадар табиатда балиқ овлаш тақиқланади, юқоридаги икки ҳудудда эса бу муддат – 25 апрелдан 10 июнгача.

«Бу оралиқ муддат – балиқларнинг кўпаядиган даври, бу пайтда табиий ҳавзаларда балиқларга антропоген таъсир бутунлай тақиқланади», – деди «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси бўлим бошлиғи Камолхўжа Исмоилхўжаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Шунингдек, мутасаддининг қўшимча қилишича, балиқчиликда айнан ҳозир – браконьерлик энг авж олган пайтдир.

«Бу даврда ҳамма балиқ турлари икра ташлаш учун қирғоққа чиқади. Балиқлар илиқроқ, кислород сероб бўлган саёз жойларга чиқиб, ўт-ўланларга уруғ ташлайди. Уларда бу пайтда фаоллик ҳам пасаяди, қўлга тушириш анча осонлашиб қолади.

Браконьерлар эса айнан шундан – балиқларнинг икра қўйиш пайтидаги пассивлигидан фойдаланишади. Улар саёзликка чиқадиган балиқларни калтаклар билан кутиб туришади», – дейди Исмоилхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ интернетда бир гуруҳ балиқчилар Тошкент денгизида 35 килограммлик балиқ овлагани суратлари тарқалган, бунинг ортидан келиб чиққан шов-шувларга «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси муносабат билдириб, ушбу балиқчиларни браконьерликда айблаган эди.

Мавзуга оид