Ўзбекистон | 07:00 / 11.05.2019
87764
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазири туман ҳокимига айланди

Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев Шайхонтоҳур тумани ҳокими этиб тайинланди. 

Kun.uz манбаси хабар беришича, халқ депутатлари Шайхонтоҳур тумани кенгашининг 10 май куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Тўхтаевнинг номзоди бир овоздан қабул қилинган.

Маълумот учун, Абдуқаҳҳор Тўхтаев 1996-1999 йилларда ҳам Шайхонтоҳур туманини бошқарган. 

У 2005—2011 йилларда Тошкент шаҳри ҳокими бўлган, 2013—2016 йилларда «ЎзЛИТИнефтгаз» компанияси раҳбари ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. 2016 йил кузида Жиззах шаҳри ҳокими, 2017 йилнинг апрелида  Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокими этиб тайинланганди. 2018 йилнинг апрелида эса Абдуқаҳҳор Тўхтаев янги ташкил этилган Қурилиш вазирлигига раҳбар бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, Шайхонтоҳур туманининг аввалги ҳокими Шуҳрат Санжарович Муҳаммадхонов шу йилнинг апрель ойи бошида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган 1-чорак якунлари бўйича видеоселектор давомида ишдан олинганди. У билан бирга ҳокимнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шухрат Закиржанович Садиков ва солиқ инспекцияси раҳбари Фахриддин Абдунабиев Умарович ҳам лавозимидан озод этилганди.

Мавзуга оид