Ўзбекистон | 18:37 / 14.05.2019
32952
3 дақиқада ўқилади

Шаҳодатнома ва аттестатларнинг янги намунаси тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 9 ва 11 синф битирувчиларига бериладиган шаҳодатнома ва аттестатларнинг ҳамда имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари битирувчиларига бериладиган сертификатнинг янги намунаси тасдиқланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур ҳужжатларнинг намунаси 2019 йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги расмий ҳужжатларнинг давлат намунасини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланди.

Янги намунадаги шаҳодатнома ва аттестат ҳамда сертификат 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизимига ўтилиши муносабати билан тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, умумий ўрта таълим тизимида илк маротаба нодавлат умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига ҳам давлат намунасидаги шаҳодатнома ва аттестатларни бериш назарда тутилди. 

Халқ таълими тизимида замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ва битирувчилар ҳақида маълумот олишнинг осон ва тезкор механизмини яратиш мақсадида мактаб битирувчиларига шаҳодатнома ва аттестат беришда электрон тизим жорий этилади.

Электрон тизимга битирувчилар ҳақидаги маълумот ва баҳоларни киритиб борилади. Ҳар бир мактабда битирувчиларнинг маълумотлар базаси шакллантирилади.

Махсус муҳофазаланган қоғозда чоп этилган шаҳодатнома ва аттестатнинг орқа қисмида QR-код жойлаштирилади ва уни сканер қилиш орқали битирувчи ҳақида умумий базадан маълумот олиш имконияти яратилади.

Шу кунга қадар шаҳодатнома ва аттестатга битирувчининг фамилияси, исми, битирган мактаби, ўқиган фанлари бўйича ўзлаштирган баҳолари ручкада (қўлда) фақат ўзбек тилида ёзилган бўлса, бундан кейин компьютерда учта тилда (ўзбек, рус, инглиз) ёзилиб, махсус принтерда чоп этиш режалаштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида битирувчилар хорижий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда янада қулайлик яратади.

Шунингдек, қарор билан фуқароларнинг дубликат шаҳодатнома ва аттестат олиш бўйича мурожаатларини тезлаштириш, ортиқча оворагарчилик, бюрократизм ва сарсон-саргардон бўлишини олдини олиш мақсадида ҳужжат дубликатини бериш тартиби соддалаштирилди.

Мавзуга оид