Ўзбекистон | 15:00 / 28.05.2019
74240
3 дақиқада ўқилади

Икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистонда «Volkswagen» автомобиллари ишлаб чиқарилади

Ўзбекистон ва Германия президентларининг музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди, деб хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ахборот алмашиш ва уни ҳимоя қилиш, парник газлари чиқарилишини камайтириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш, «Volkswagen» компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш тўғрисида ва бошқа ҳужжатлар имзоланди. Президент ушбу келишувлар, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан Германиянинг "Integra GmbH" ва "Vamed Engineering GmbH" компаниялари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида Ядровий тиббиёт ва нурли терапия марказини ташкил этиш бўйича битим халқимиз учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда президентлар музокаралар анъанавий дўстлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида ўтгани, муҳим келишувларга эришилганини қайд этди.

– Жорий йил январь ойида Берлин шаҳрида ўтган учрашувимизнинг мантиқий давоми бўлган бугунги музокаралар натижаларидан тўла мамнунман, – деди Шавкат Мирзиёев. – Икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишлари – сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларга доир масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, келгуси устувор йўналишлар ва вазифалар белгилаб олинди.

– Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда ўсиш рўй бераётганини кўряпмиз ва бунга ҳурмат билан қараймиз. Катта делегациядан иборат ушбу ташрифимиз ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга интилишимиз ва қўллаб-қувватлашимиздан далолат беради. Мамлакатларимиз ўртасида ва Европа иттифоқи доирасидаги алоқаларга доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилганимиздан, уларнинг натижаларидан мамнунмиз, – деди Франк-Вальтер Штайнмайер. 

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маданий муносабатлар ривожига ҳисса қўшиб келаётган Германия ташкилотлари ва вакилларига миннатдорлик билдирди.

ГФР президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг мамлакатга расмий ташрифи давом этмоқда.

 

Мавзуга оид