Ўзбекистон | 14:07 / 30.05.2019
34644
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Дмитрий Медведев билан учрашди

Бугун, 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг биринчи мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведевни қабул қилди.

Президент меҳмонни самимий қутлар экан, стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги икки томонлама муносабатлар жадал ривожланаётгани ва изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Фото: government.ru

Россия Ҳукумати Раиси, ўз навбатида, самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Фото: government.ru

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда ўзаро алоқалар ва алмашинувлар фаоллашгани алоҳида таъкидланди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича «яшил йўлак» самарали ишламоқда, тўқимачилик маҳсулотларини етказишда соддалаштирилган божхона тартиби жорий этилган.

Иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама дастур доирасида ҳудудлар ва ишбилармонлар даражасида умумий қиймати 13 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бугун Ўзбекистонда Россиянинг «Газпром», «Лукойл», «Форус», «Татнефть», «Силовые машины», «Камаз», «Евроцемент», «Экокультура», «Газпромбанк», «ВЭБ» ва бошқа кўплаб етакчи компания ва банклари фаол ишламоқда.

Маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланмоқда. Яқинда мамлакатимизда Россия маданият марказининг 25 йиллиги кенг нишонланди, Россиялик ватандошларнинг минтақавий конференцияси ва Москва давлат халқаро муносабатлар институти битирувчиларининг бешинчи халқаро форуми муваффақиятли ўтказилди.

Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда турли иқтисодий тармоқлардаги устувор инвестиция лойиҳаларини жадаллаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

«Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича стратегик лойиҳани ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо алоқалари ва ишлаб чиқариш кооперациясини янада фаол ривожлантириш учун мамлакатларимиз ҳудудларининг салоҳиятини самарали рўёбга чиқариш муҳим экани таъкидланди. Ҳудудлар маъмурияти ва ишбилармон доиралар даражасида алмашинувларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Шунингдек, илмий-техник ва гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Бугун Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган Қўшма комиссия биринчи мажлиси бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик кўришда муҳим босқич бўлиши ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилиши қайд этилди. 

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги узоқ муддатли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама ривожлантириш, кенг кўламли амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр экани ва бу борадаги интилиш қатъийлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, ЎзА хабарига кўра, Дмитрий Медведев бошчилигидаги делегация 30 май куни Хоразм вилоятига ҳам етиб келган.

Урганч халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов кутиб олган.

Россия Федерацияси ҳукумати раиси Урганч шаҳрида ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Ўзбекистон – Россия қўшма комиссиясининг биринчи йиғилишида иштирок этади.

Мазкур тадбир икки томонлама ҳамкорликнинг янги шакли бўлиб, унда икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарлари томонидан Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 24 апрелда бўлиб ўтган йигирманчи йиғилиши якунлари сарҳисоб қилинади ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ва уларнинг таркибини амалий жиҳатдан бойитиш масалалари муҳокама қилинади.

Йиғилиш якунида қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. 

Мавзуга оид