Жамият | 09:00 / 07.06.2019
19081
3 дақиқада ўқилади

«Ҳокимликда солярка учун пул йўқ экан». Узундаги сел тошқинлари: аҳолининг кучи, ҳокимликнинг хоҳиши етишмаяпти

Узун тумани «Деҳқон» МФЙ ҳудудидан Дубай канали оқиб ўтади. Маҳалла адирлик этагида бўлгани учун ҳар йили ёғингарчиликлар туфайли 4–5 марта кучли сел келади. Бу ҳақда Kun.uz муштарийларидан бири Ғайрат Норқобилов ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида шундай ёзади:

«Каналнинг Қоратоғ дарёсига қуйиладиган тугаш қисми сув ўтказиш хусусияти кескин камайган. Сабаби, канал ичига кўплаб тол ва тераклар экиб ташланган. Сув йўлига иморатлар солинган. Энг муҳим тўсиқ эса кўтарма насос станцияси учун қўйилган банднинг ўта кичиклигидир.

Бир неча йилдирки, келган сел йўл тополмай уйларга ва экин майдонларига катта зарарлар келтирмоқда. 3 июнга ўтар кечаси ҳам юзга яқин уйни, мактабларни, 20 гектарча экин майдонини сел босиб кетди. Тахминан 100 млн сўмлик зарар келтирди. МФЙ ҳисобида бир тийин ҳам йўқ.

Туман ҳокимлиги «тез ёрдам» машинаси ва ФВВ ходимлари билан қисман ёрдам қилди. Канални ямаш учун битта буьлдозер берди. Соляркага ҳокимликда пул йўқ экан. Ҳар бир хўжаликдан 30.000 сўмдан пул йиғилди.

Бу канални юз марталаб техникаси давлатдан, соляркаси халқдан қилиб қазишган. Юқорида таъкидланганидек, селнинг чиқиш йўли берк.

Ёрдам сўраб 1060 га қўнғироқ қилдим. Телефонда мурожаат қабул қилмас экан. ФВВнинг 239-16-85 рақамига боғланишимни сўрашди. У ердаги ходим ҳаммасидан хабари борлигини, бу масалани вилоят ҳокими ҳал қилишини таъкидлади. Энди бу масала билан вилоят ҳокимига чиқсак, у албатта туман ҳокимига буюради. Туман ҳокимлигида соляркага ҳам пул йўқ. Бу иш яна қолиб кетади. Нечта ҳоким алмашди. Аҳвол ўша-ўша...

4 июнь куни тушдан кейин ҳокимлик номидан хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилором Сафарова тўртта фотомухбири билан келди. Йигирматача пакетда нон олиб келган экан. Камида икки юз марталар суратга олишди. Ҳар битта берилаётган пакетни турли ракурслардан суратга олиб, «Фейсбук»ка жойлаб қўйибди. Худдики, бир вагон озиқ-овқат тарқатгандек.

Хуллас, шу канални қонуний қаздириб, насосларни тартибга оладиган битта мард керак. Ҳокимми, депутатми, вазирми фарқи йўқ. Дарвоқе, бизнинг округдан Олий мажлисда депутат кимлигини МФЙ раиси ҳам билмас экан. Яна уч-тўрт кишидан сўрадим. Исмини эшитмаган ҳам экан. Расул Кушербаев танир балки.

Ёрдам бериш истагида бўлганлар билан батафсил гаплашардик», — деб ёзади Ғайрат Норқобилов.

Мавзуга оид