Исроилда сунъий онгли авиабомба ихтиро қилинди
Исроилнинг Rafael компанияси турли хил объектлар орасида белгиланган нишонни топишга имкон берувчи сунъий онг билан жиҳозланган Spice 250 авиабомбасини ихтиро қилгани ва муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилди.
N+1 маълумотларига кўра, ҳозирда бошқарилувчи бомбалар турли нишонга олиш тизимлари билан жиҳозланмоқда, бироқ нишон атрофдаги объектларга ўхшаш бўлса, бомба бошқа жойда портлаши мумкин. Spice 250 бомбасининг ўзига хос хусусияти шундаки, унга ўрнатилган сунъий онг белгиланган нишонни уч ўлчовли моделлар маълумотлар базаси ва ўргатилган нейротармоқлар ёрдамида ажрата олиши мумкин. Келажакда компания бомба асосий нишонни аниқлай олмаса, иккинчи даражали нишонни автоматик танлаш имкониятини татбиқ қилишни режалаштирмоқда.
Исроилнинг янги бомбаси жанговар қисми оғирлиги 75 кгни ташкил қилади. Учиш учун йиғилувчи қаноти бомбага ташланган жойидан 100 км узоқликдаги нишонларни йўқ қилишга имкон беради. Бундан ташқари, Spice 250 нишонни уришни бекор қилиш тизими билан жиҳозланган ва ички ўрнатилган камерадан тасвир нишон йўқ қилингунга қадар қабул қилгичга узатилади. Бомба ҳақидаги бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаган.