Ўзбекистон | 18:50 / 20.06.2019
66755
2 дақиқада ўқилади

Элмира Боситхонова Бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқланди

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Боситхонова Элмира Иркиновна Бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқланди.

«Юксалиш» ҳаракатининг телеграмдаги каналида хабар қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар бош вазир томонидан киритилган Бош вазир ўринбосари номзодини тасдиқлашди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Боситхонова Элмира Иркиновнани Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Боситхонова бу лавозимда Бош вазир ўринбосари - Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ўрнини эгаллади.

Элмира Боситхонова 1958 йилда туғилган, 1981 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтининг «даволаш иши» йўналишини тамомлаган. 1981-2011 йилларда шифокор-интерн, анестезиолог-реаниматолог, бўлим бошлиғи, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси бош шифокори.

У 2011-2016 йилларда ҳам Хотин-қизлар қўмитасига раҳбарлик қилган, 2016 йилнинг 12 декабридан буён Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Танзила Камаловна Норбоева 2016 йилнинг 14 декабрида Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида иш бошлаганди. У 2018 йил декабрида ушбу лавозимга яқин беш йил учун қайта сайланган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 1 апрелдан Президент ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси аъзолари бош вазир тақдим этган номзод Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан сўнг тасдиқланишини назарда тутувчи тартиб жорий этилган. 

Мавзуга оид