Спорт | 17:10 / 02.07.2019
18389
11 дақиқада ўқилади

Шарт бўлган шарҳлар: Европа футболига назар

Бугундан аксарият Европа клубларда футболчилар таътилдан қайтишди ва янги мавсум учун тайёргарликка киришишди. Трансфер бозори ҳам авжида, бу ҳам янги мавсум олдидан турли мулоҳазаларга ундайди. Бироз сокинликдан фойдаланиб, Европа футболидаги бугунги ҳолат, баъзи воқеаларга нисбатан фикрлар билан ўртоқлашишнинг айни пайти. 

ЕЧЛ ёки ЛИГА?

Хосеп Гвардиоланинг клублар еврокубокдан кўра, миллий чемпионатга кўпроқ урғу бериши кераклиги ҳақидаги мулоҳазаларида мантиқ бор. Унинг 2011 йилдан бери, бирор марта ЕЧЛ финалига чиқа олмай, 7 марта ички чемпионат ғолиби бўлганининг бунга алоқаси йўқ. Албатта, Пеп Гвардиола ҳам, у бошқарган клублар ҳам, ўша чемпионликлардан ҳар қайсисини еврокубокка алмашган бўларди. Аммо бу ерда гап совринлар нуфузи эмас, тайёргарлик жараёни ҳақида.

Яъни клуб мавсумга тайёрланар экан, бир ўйинда барчаси ҳал бўлиши мумкин бўлган мусобақаларга урғу бермайди. Тўғри, алоҳида ўйинларда жамоа ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатиши мумкин, жамоа кучи ҳам шу ерда кўринади, аммо аксинча, бир учрашувда омадсизликнинг ҳам эҳтимоли катта. Янги асрдаги ЕЧЛ ғолибларини қаранг: Уч марта «Реал», «Челси»- 2012, «Ливерпуль» – 2005, «Милан» – 2007... Қаранг, сўнгги 12 йилнинг ярмида ғолиб жамоалар ҳатто ўз чемпионатларини юта олишмаган, бироз беқарор мавсум ўтказган жамоалардир. Демак, ўша йилларда аслида Европада энг кучли бўлган қайсидир жамоа ғолиб бўла олмаган. Демак, бундай турнирларда энг кучли клубнинг якунда чемпион бўлиш эҳтимоли 50 фоиз холос.

Лигада эса ундай бўлмайди. Мавсумни бир текисда ва барқарор ўтказа олган, яхши тайёргарлик ва таркибга эга бўлган жамоа якунда ғолиб бўлиши аниқроқ. Клуб лига учун тайёрланар экан кучли пойдевор қуришга ҳаракат қилади. Албатта, бундай тайёргарликка эга жамоада Европанинг энг кучлиси бўлиш эҳтимоли ҳам юқори бўлади. Демак, Гвардиоланинг фикрларида маъно катта, аслида миллий чемпионатга урғу бериш орқали ҳам, Чемпионлар Лигаси учун фаворит жамоа тайёр бўлади.

«ЮВЕНТУС»НИНГ СИРИ НИМАДА?

Туринликлар ҳали бир цент сарфламай туриб ҳам, «Арсенал»нинг сўнгги йиллардаги энг яхши футболчиси Аарон Рэмзини ўз сафига қўшиб олди. Франциялик иқтидорли яримҳимоячи Рабьо ҳам «Ювентус» аъзосига айланди. Бу трансфер ҳам текинга амалга ошди. Умуман, ўтган йилларни қарасангиз ҳам, жуда кўп юлдуз ёки иқтидорли ўйинчиларнинг эркин агент сифатида Туринга келганини кўрамиз. Эвра, Алвеш, Хедира, Пирло, Погба... Хўш, бунинг сири нимада?

Албатта, «Ювентус» раҳбариятининг аниқ ва кучли трансфер сиёсатини, уларнинг меҳнатини пастга урмаган ҳолда, бу ерда яна бир, жуда оддий сабаб борлигини ҳам эътироф этиш керак.

Хўш, «Ювентус» қандай клуб? Италияда сўнгги 8 йилда қаторасига чемпион бўлган, яъни ҳар мавсумда камида битта соврин ютиши нақд бўлиб, еврокубокларда ҳам имкониятга эга бўлган буюк клуб. Айни дамда худди шу даражадаги клубларни қидирсак, «Реал», «Барселона», «Бавария», «ПСЖ» ва балки «Манчестер Сити»ни кўришимиз мумкин. Демак, агар «Ювентус»нинг трансфер бозоридаги устунликлари ҳақида фикр юритганда, айнан шу клублар билан рақобатни кузатиш керак, «Арсенал», «Челси» ёки «Манчестер Юнайтед» каби йилдан йилга беқарорлашаётган клубларни эмас.

Ана энди вазиятга қараш осонлашди, шундайми? Рабьо ёки Рэмзининг осонгина «Ювентус»га ўтишга рози бўлганининг сабаби, «Реал» ёки «Барселона» бу футболчиларни ўз сафида кўришга у қадар ошиққани йўқ. Яъни «Ювентус» юқорида тилга олинган энг топ-жамоалар билан эмас, соврин ютиш имконияти бироз пастроқ бўлган клублар билан рақобат қилмоқда. «Ювентус» ўз сафига қўшиб олаётган футболчилар билан энг топ-клублар деярли қизиқишгани йўқ. Табиийки, улар учун бу трансферлар осон амалга ошади.

Эсингизда бўлса, нолинчи йиллар ўрталарида худди шундай мақомда «Милан» бўлганди. Анчагина топ таркибга эга бўлган миланликлар осонлик билан эркин агентларни ёки арзонга тушиб қолаётган юлдузларни ўз сафларига қўшиб олишарди. Айни ўша пайтларда Ривалдо, Роналдо, Бекҳэм, Роналдиньо каби футболчилар «Милан» либосини кийишганди.

«ЛИВЕРПУЛЬ»: ХАВФЛИ МУКАММАЛЛИК

Ҳар хил мураббийлар бор. Баъзилар, масалан, Гвардиола доимо мукамалликка интилади ва шундай жамоа қуриш мумкин деб ҳисоблайди. Мақсадга эришилгач, кўпинча, чўққида қолиш қийин бўлади – турли янгиликлар иш бермай қолиши мумкин. Масалан, Гвардиола «Барселона»да энг зўр мавсумини ўтказгач, шундай яшаб юра олмаган, бошқачароқ нимадир яратишга муваффақиятсиз уринган.

Баъзи мураббийлар учун бу керак эмас, жамоа доимий ривожланиш, ўзгариш жараёнида бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. Масалан, Фергюсоннинг «МЮ»сида доим кучайтирилиши мумкин бўлган чизиқлар, позициялар бўларди. Сэр бунга шошилмас, қачонки, ўша жиҳат кучайтирилса, таъмирга муҳтож янги нуқталар пайдо бўларди. Айнан шу жараённинг ичида яшаш, совринлар ютиш мумкинлигини шотландиялик мураббий исботлаган.

Юрген Клоппни мен ҳар икки тоифага ҳам қўшишга қийналаман. Чунки у юқорида тилга олинган мураббийлар каби, имконияти чексиз бўлган клубда ишламаган, масалан «Боруссия»да айнан нимани кўрмоқчи бўлганини билолмаймиз. Сабаби, ҳар йили клубни бир юлдуз тарк этар, ҳаммасини бошқатдан бошлашга тўғри келарди.

«Ливерпуль» молиявий жиҳатдан ҳозир барқарор, ҳар қандай футболчини сотиб олиш мумкиндир, аммо бу ерда ҳам Клопп ўз жамоасини чекланган ресурслар билан қурган, тўғрими? Салоҳ биринчи танлов эмасди сотиб олинаётганда, агар бир пайтлар «Ливерпуль»да имконият кўп бўлганида, Манени эмас, Неймарни сотиб оларди, балки. Фирмино ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Гўёки, Фергюсон каби, доимий жараён ичида бўлишга уринган Клоппда қаердандир мукаммал жамоа қурилиб қолгандек. Ахир «Ҳалл Сити»дан олиб келинган Робертсон дунёнинг энг яхши қанот ҳимоячиларидан бири бўлишини ким ўйлабди дейсиз?

Айнан шундай ҳолат қайсидир маънода «Ливерпуль»нинг кейинги қадамларида ноқулайлик туғдириши мумкин. Айтайлик, тўрт йил олдинги «Барселона»ни эсланг. Неймар–Суарес–Месси учлигини. Айнан ўша даврда «Барселона» ўз сафига тўртинчи яхши ҳужумчини қўшиб олиши имконсиз эди. Чунки у ким бўлишидан қатъи назар, бу учликдан бирини рақобатда ютиши қийин, демак борадиган футболчи, олдиндан захирада ўтиришни қабул қилиши керак бўларди.

Қайсидир маънода, «Ливерпуль»нинг бугунги ҳужум чизиғини қиёслаш мумкин. Мане–Фирмино–Салоҳнинг бирортасини жамоадан четда тасаввур қилиб бўлмайди. Ва кимдир келиб, бу учликнинг бирортасининг ўрнига кириб, яхшироқ учлик ҳосил қилиши мумкинлигига ҳам ишониш қийин. Хўш, нима бўлибди, дерсиз. Яхши, аммо бу учликнинг «Барселона» учлигидан фарқи бор, менимча. Ҳурматни сақлаган ҳолда, «Ливерпуль» ҳужумчилари Месси, Неймар ёки Суарес даражасида эмасдек туюлади менга, демак, қачондир улар ўтган йилги барқарорликни кўрсата олмай қолишади. Буни олдиндан даволаш имкони ҳам оз – юқорида айтганимдек, бу даражадаги бошқа ҳужумчи бу шароитда «Ливерпуль»ни танлашга қўрқади. Мавсумни захирада бошлашга ким ҳам рози бўларди?

Назаримда, бу мавсум «Ливерпуль»га сал қийин бўлса керак.

«АРЗИМАЙДИГАН» РЭШФОРД

Баъзи манбалар ҳатто 300 ҳам дейишяпти, ишончлирок одамлардан 200 минг фунт деб эшитдик ҳам – 21 ёшли Маркус Рэшфорд клуб билан янги шартнома имзолади. Агар АПЛдаги бошқа клублар, у ердаги юлдуз футболчиларнинг маоши билан таққосласак, Рэшфорд учун тўлов жуда катта, бунинг устига ўтган мавсумда Маркус у қадар барқарор бўлмади, фақат айрим паллаларда ўзини кўрсатди, холос. Лекин, бошқа тарафдан, клубда бошқа йўл қолмаганини ва маош қанча катта белгиланган бўлса-да, янги шартнома тўғри ечим бўлганини таъкидлаш керак.

Биринчидан, Рэшфорд ҳали ёш. Эндигина 21 ёшга кирди. Барқарор мавсум уёқда турсин, худди шундай салоҳиятга эга бўлган футболчилар юз миллионга яқин баҳоланаётганини кўриб турибмиз. Уч йиллик тажрибага эга бўлган Рэшфорд билан шартнома тузмаслик, мана шундай бойликни текинга қўйиб юборишга рози бўлиш демакдир. Бундай жараёндан «Барселона» ҳам, «Ювентус» ҳам бемалол фойдаланиб қолиши мумкин эди.

Бу шартнома ёрдамида «Манчестер Юнайтед» ҳеч нарса йўқотмайди. Агар Рэшфорд Сульшер қўл остида янада ўсиб, топ даражага чиқса, бу шартнома ҳеч нарса эмас, ҳатто янада қимматроқ янги келишувга ҳам рози бўлиш мумкин.

Мабодо, Рэшфорд яна мавҳум таассурот уйғотса, кутилган ўйинни намойиш қила олмаса ҳам, ечим қийин эмас. Ўша ҳолатда ҳам, Рэшфорд яхши тезлик, техника ва тажрибага эга бўлган атиги 22 ёшли ҳужумчилигича қолади. Бундай активни эса, яхшигина нархга пулласа бўлади. Яъни келаётган мавсум учун Рэшфорд учун ҳафтасига 100 минг фунтни қизғанмаслик оқибатида, катта қийматдаги футболчига бўлган эгалик ҳуқуқи сақлаб турилади, холос.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид