Иқтисодиёт | 11:03 / 04.07.2019
115045
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўртача ойлик маош нега юқори эмас?

Жаҳонда аҳолининг ўртача маоши қанча? Ривожланган давлатлар, жумладан Англияда 3461 доллар, АҚШда эса 4893 доллар бўлса, собиқ Совет давлати таркибида бўлган Литва фуқаролари ўртача 422 доллар маош олади. 

МДҲ давлатлари ичида Арманистон фуқаролари 386 доллар, Беларусь Республикасида эса 422 доллар ўртача ойлик маош тўланади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 225 долларни (қишлоқ хўжалиги ва қўшма корхоналар маош тўлаш статистикаси инобатга олинмаган) ташкил қилмоқда, дея ўз тадқиқот натижасини маълум қилди Эскендер Трушин. 

Жаҳон банки эксперти, иқтисодчи Эскендер Трушин қарийб икки йил давом этган тадқиқот ва изланишларидан сўнг, «Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ва иш ўрнини яратиш: кенг таҳлил» номли ҳисоботини эълон қилди.

 Иқтисодчининг баён қилишича, давлатлардаги ўртача маошлар орасидаги фарқ  ўша мамлакатлардаги меҳнат унумдорлиги билан ифодаланади.

  «Маош қандай қилиб ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи билан боғлиқ бўлиши мумкин? Қуйидаги формула буни тушунтириб бера олади. Мана шунинг учун биз кўпроқ меҳнат унумдорлигига эътибор қаратишимиз лозим», — дейди у. 

Эскендер тадқиқот хулосасида киши бошига тўғри келаётган ЯИМ кўрсаткичи барқарор ривожланишнинг асосий омили сифатида кўрсатиб, янги иш ўрнини яратиш ва меҳнат унумдорлигини ошириш иқтисодий ўсишга туртки бўлишини билдирди. 

«Иш ўрнини яратиш маош олиш имкониятини беради, меҳнат унумдорлигини ошириш эса маошнинг кўпроқ бўлишини таъминлайди.  Унумдорлик ошиши нафақат ЯИМ кўрсаткичига, балки рақобатбардошлик сифатига ҳам таъсир қилади. Масалан, ўзгармаган миқдордаги ресурслар билан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш товар таннархини тушириб, рақобатбардош қилади», — дея таъкидлади Трушин. 

 Шу туфайли ҳисоботда айнан иш ўрнини яратиш ва меҳнат унумдорлигига алоҳида эътибор қаратилган. 1996-2016 йиллар юқорида зикр этилган икки омил қай аҳволда бўлган? 

«Икки кўрсаткичнинг бир вақтда, бир маромда ўсиши жуда муҳим. Таҳлиллар далолат берадики, ўтган 20 йил ичида нефт-кимё, қурилиш, саноат, савдо ва ресторан хизмати, транспорт ва алоқа соҳаларида бу айни кутилгандек бўлди. Электроэнергетика, ёқилғи ва металлургия тармоқларида янги иш ўринлари пайдо бўлган, меҳнат унумдорлиги эса ўзгармаган. Бошқа соҳаларда, аксинча, меҳнат унумдорлиги ўсиши билан янги иш ўринлари камайди.  Масалан, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, машинасозлик, озиқ-овқат саноатида шундай ҳолат кузатилди», — дейди Эскендер.

 Таъкидланишича, 20 йил давомида Ўзбекистон ЯИМ 5 фоизли ўсиш билан ҳар йили кўрсаткични яхшилаб боргани инобатга олинса, бу ривожланишнинг 91 фоизи меҳнат унумдорлигининг яхшиланиши билан боғлиқ эди.

«Иқтисодий фаол ёхуд меҳнатга лаёқатли кишилар кўпайиши билан янги иш ўринларини яратиш суръати тенг бўлмади. 2004-2016 давр оралиғида ҳар йили фақат 280 мингга яқин янги иш ўрни пайдо бўлди. Бу кўрсаткич таълим муассасалари битирувчиларини бозорда иш билан таъминлашга етмасди, бошқа иш қидирувчилар ҳақида айтмасак ҳам бўлади. Ўзбекистондаги меҳнат бозорининг яна бир салбий тенденцияси —  иш изловчининг тажрибасиз ва малакасиз эканлиги. Ёшлар ва аёллар ўртасида ишсизлик суръати баланд, иқтисодий турғун аҳолининг сони кўп», — дейди у.

Трушиннинг таъкидича,  2004-2011 йилларда ўртача маошнинг ошиб бориши аҳоли бандлиги ва янги иш ўрни яратиш омилларига салбий таъсир кўрсатган. Бунда мавжуд солиқ ва бошқарув маъмурчилиги сабаб бўлиши мумкин.

Мавзуга оид