Ўзбекистон | 21:21 / 06.07.2019
13751
2 дақиқада ўқилади

The Economist Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақида мақола чоп этди

Фото: Слава Степанов

Британиянинг The Economist нашри Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақида мақола чоп этди. Унда хорижий инвесторларнинг оқими ўсиб бораётгани, мамлакатдаги изчил ўзгаришлар ҳамда мамлакатнинг ривожланиш йўли ҳақида сўз боради. 

Хусусан, нуфузли журналда таъкидланишича, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда капитал ва валюта устидан назоратнинг аксарият қисми бекор қилинган, мажбурий меҳнат кескин чекланган ва чегаралар очилган.

Ўтган йил мобайнида рўйхатга олинган тадбиркорлар сони икки баробарга ўсди, хорижий инвестициялар оқими эса умуман олганда, тўрт баробарга ошди.

The Economist Ўзбекистон Молия вазирлиги раҳбариятига таяниб ёзишича, ҳали кўплаб ишлар амалга оширилиши керак. Масалан, янги иш жойлари яратиш лозим, чунки аҳолининг ярмидан ортиқроғи 30 ёшдан кичик.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон пахта хомашёси экспортини кескин чеклаб, бугунги кунда ўз тўқимачилик саноатини ривожлантиришга эътибор қаратган. Сўнгги ўн йилда тўқимачилик экспорти 100 миллиондан 1,9 миллиард долларгача ўсди. Мамлакат раҳбарияти 2025 йилга бориб 7 миллиард долларлик кўрсаткичга эришмоқчи.

Британия журнали Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг фаолиятига алоҳида тўхталиб, ҳар бир элчихона мамлакат вилоятларининг инвестицион салоҳиятини илгари сураётганини таъкидлаган.

Умуман олганда, нашрда Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётидаги ижобий ўзгаришлар эътироф этилган, шу билан бирга, ислоҳотларни давом эттириш ва давлатнинг ҳар бир фуқаросининг фаровонлигига эришишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган.

Мавзуга оид