Жамият | 17:38 / 15.07.2019
11994
4 дақиқада ўқилади

Каттақўрғондаги дарвозасиз боғча ёхуд туманда мактабгача таълим тизимида муаммолар ўз ҳолича қолмоқдами?

Бугунги кунда мактабгача таълим тизимида қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Тизимда йиғилиб қолган муаммолар босқичма-босқич бартараф этиб келинмоқда.

Аммо тан олиб айтиш керакки, тизимда ҳануз эскича қараш, эскича ишлаш ҳолатлари учрамоқда.

Каттақўрғон мактабгача таълим тизимидаги муаммолар ҳақида аввал ҳам бир неча бор ўрганишлар олиб борилиб, мавжуд камчиликлар ёритилган эди.

Тумандаги 23-мактабгача таълим муассасасида навбатдаги ўрганишни олиб борганимизда, тизимда ҳали ҳам ечилмай қолаётган масалалар кўплигига гувоҳ бўлдик.

Ушбу мактабгача таълим муассасаси биноси анча эски бинода жойлашган. Биринчи кўзга ташланадигани шуки, бинода дарвоза йўқ. Муассаса ҳудуди маҳалладаги бинолар билан аралашиб кетган. Қоровул учун битта стулча қўйиб берилган.

Аввало, муассасада тарбияланувчилар учун берилаётган маҳсулотлар миқдори ва сифати билан қизиқдик.

Ошпазнинг айтишича, тайёрланаётган таомлар учун ўша куни 10 кг гўшт маҳсулоти ажратилган. Ваҳоланки, муассасада 120 нафар тарбияланувчи бор. Белгиланган меъёрларга кўра, 120 нафар тарбияланувчи учун 12 кг гўшт маҳсулоти ажратилиши керак. Аммо таомларга солинган гўшт маҳсулотлари 10 кг ҳам чиқмаслиги кўриниб турарди. Хўш, муассасада болалар ҳақидан уриб қолиш давом этяптими?

Мудира Замира Худойбердиеванинг таъкидлашича, айни вақтда хўжалик мудири лавозими бўш. Унинг вазифасини муассаса ҳамшираси бажариб турибди. Берилаётган кунлик маҳсулотлар меъёрдан камлиги ҳолатига ҳамширадан тайинли изоҳ ололмадик.

Ачинарлиси, маҳсулотлар сақланаётган хона ва таом тайёрланадиган ошхона антисанитар ҳолатда, озодаликка етарлича эътибор берилмаган.

Болалар бўш вақтини мазмунли ўтказишга мўлжалланган катта хонадаги ҳолат бундан ҳам абгор. Жиҳозлар қалин чанг билан қопланган ва тартибсиз. Болалар ана шундай ҳолатда вақт ўтказмоқда.

Муассасада болалар саломатлиги, санитар ҳолат ва озодаликка масъул бўлган ҳамшира хонасида ҳам бўлдик. Аслида, ҳамширанинг ўзи бу каби тартибга етарлича эътибор бермаслиги маълум бўлди. Жумладан, ҳамшира хонасида дорилар учун ажратилган музлатгич ичидаги ҳолат буни яққол исботлаб турибди.

Умуман, боғчада озодаликка етарлича эътибор берилмагани сабабли антисанитар ҳолатларни ҳар жойида кузатиш мумкин.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан муассаса мудираси З.Худойбердиевадан изоҳ сўрадик.

«Биномиз эски, бор имкониятлардан фойдаланяпмиз. Сиз айтган камчиликларни тан оламиз ва зарур чораларни кўриб, масалаларни ҳал этамиз», – дейди у.

Аммо мудирадан таомлар учун маҳсулотлар белгиланган меъёрдан кам берилаётгани ҳолатига тайинли изоҳ ололмадик.

Ўрганиш давомида туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Т.Алқаров билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади.

Умуман олганда вилоятда мактабгача таълими тизимида кўплаб муаммолар йиғилиб қолган кўринади. Мурожаатлар ва эътирозлар асосида олиб борилаётган ўрганишларда бу яққол намоён бўлмоқда.

Жумладан, Kun.uz сайтида жорий йил 26 июнь куни Нарпай тумани мактабгача таълим тизимидаги носоғлом муҳит ва муаммолар ёритилган эди.

Ушбу танқидий мақола юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ишчи гуруҳ ўрганиш олиб борилгани, аниқланган текширув натижаларига кўра, мактабгача таълим ҳудудий бошқармасининг икки бўлим бошлиғи, 9та МТТ мудиралари, 6 нафар хўжалик мудирлари лавозимидан озод этилгани, шунингдек, 6 МТТ мудираларига нисбатан ойлик маошининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўллангани ҳақида маълумот берилганди.

Бундан кўриниб турибдики, вилоятда мактабгача таълим тизимида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этишга тегишли мутасаддилар жиддий эътибор қаратиши лозим. Акс ҳолда, бу каби муаммолар янада илдиз отиб бораверади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид