Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?
2019 йил 18 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қонун лойиҳалари билан бирга, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Йиғилишнинг асосий мавзуси тонировкага нисбатан камроқ қорайтирилган ойналарга рухсат бериш масаласи бўлди.
Бу йилги ёз ойлари Ўзбекистон метеорологик кузатувлар тарихи давомида энг иссиқ экани қайд этилмоқда. Айниқса, бундай жазирама кунлар автомобиль ҳайдовчиларига қийинчиликлар туғдирмоқда. Шу боис, ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик, айниқса, ҳайдовчилар томонидан қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган мавзу, шубҳасиз, автомобиль ойналарини қорайтириш («тонировка») масаласидир.
Йиғилишда «Адолат» СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама иссиғидан ҳимоя қилишда етарлича шароитлар яратиш масаласи бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани таъкидланган. Мурожаатларда асосий масала сифатида, ёзнинг иссиғидан, қуёшнинг нурларидан, айниқса, ультрабинафша нурларидан сақланишда автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат бериш сўралган.
«Ҳозир фойдаланишда заводдан чиқадиган стандарт бўйича ойна ва пул эвазига қилинадиган тонировкали ойналар бор. Биз юртимиздаги иссиқ об-ҳавони ҳисобга олиб термал плёнкали ойналар бўйича таклиф киритмоқчимиз. Ҳайдовчилар эътироз билдиришмоқда. Биз таклиф бермоқчи бўлган ойналар заводдан чиққан стандартли ойналарга нисбатан 15 фоиз қорайтирилган бўлади. Бу иссиқликни қайтармайди, лекин ультрабинафша нури билан қуёшнинг зарарли нурларини, 85 фоиз иссиқлигини ўзида ушлаб қолади. Аммо, ёруғлик тушади. Ичини бемалол кўриш мумкин. Нега биз буни таклиф қилиб киритяпмиз? Стандарт бўйича заводдан 30 фоиз қорайтирилиб ишлаб чиқарилса, буни қўшганда 45 фоиз қорайиб жавобгарликка асос бўлиб қолади. Қонун бўйича 70 фоиздан ошмаслиги керак. Бунинг учун тегишли тўловни амалга ошириш керак. Тажриба қилиб кўрдикки, 45 фоиздан ошиб кетса, ичкари кўринмай қолади. Тажрибани ««Ўзстандарт»» агентлиги вакиллари билан ўтказдик», дейди Олий Мажлис депутати Умид Сулаймонов.
Шунингдек, депутат ҳозирги кунда ушбу қарорга сезилаётган эҳтиёж ва аҳолига нисбатан нотенглик ҳақида таъкидлаб ўтди.
«Ўзи тонировка қилиш ёзнинг иссиғидан, айниқса бу йилги иссиқни кўриб турибсиз, қуёш нуридан, ултрабинафша нуридан сақланиш мақсадида йўлга қўйилган. Ҳаммага маълумки, автомобил ойналари тусини қорайтириш, яъни тонировка энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баробари ҳисобида тўлов қилиниши керак. Бу 18 миллион сўмдан ортиқ маблағни тўлашга тўғри келади. Шунда ҳам тўловга қурби етса. Шунда ҳам фақат орқа ойналар қорайтирилиши мумкин. Ҳайдовчилар қуёш иссиғидан барибир азият чекишади. Пул тўлайди, лекин барибир ўша аҳвол. Оммавий ахборот воситаларида айтилдики, ички ишлар органлари томонидан хавфсизлик нуқтаи-назаридан тўғри эмас. Шу ўринда бир савол туғилади. Ҳам халқимизга, ҳам хавфсизлигимизга тўғри келувчи ечимга келиш мумкин. Изланишларимиз билан юқоридаги таклифга келдик. Бунда ҳам ҳайдовчининг соғлиғи зиён кўрмайди, ҳам хавфсизлик масаласи ўз ечимини топади. Биз иккита машинани 10-15 дақиқа иссиқда қолдириб синаб кўрдик. Бири термал плёнкали ойнада, бири заводдан чиққан ҳолатдагиси. Шу вақт оралиғида фарқ 5-8 даражада бўлди. Узоқ турса, яна ҳам бу фарқ ошади. Шу сабабли, тонировка пул ҳисобига бўлса ҳам, лекин шу турдаги ойналар бепул бўлиши лозим», дея депутатнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ушбу масалада партия аъзолари, депутатлар якдиллик билан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини жўнатишни ва бу бўйича тезроқ қарор қабул қилиш кераклигини айтишди.
Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтиришга) рухсатнома олиш жисмоний шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг тўқсон баравари (18 245 700 сўм), юридик шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз йигирма баравари (24 327 600 сўм) миқдоридаги маблағни тўлаш орқали амалга оширилади. Табиийки, кўплаб фуқароларимизда бунча маблағ тўлаш эвазига бир йилгагина рухсатнома олишга моддий имконият етарли эмас.
Депутатлар томонидан таъкидланганидек, агар ушбу суммани тўлашга ҳайдовчининг қурби етса ҳам, унга бунинг иссиқдан ҳимояланишга хеч қандай нафи бўлмайди, чунки қарорга асосан, ойналарининг тусини ўзгартириш автотранспорт воситасининг фақатгина орқа ойналарига рухсат берилади, холос. Демак, ҳайдовчи қарор талабларини бажараман деб пул тўлайди ва ўзи яна ўша қуёш нурларида қолади.
Албатта, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда, турли веб-сайтларда бу нархнинг жуда қимматлиги, уни бутунлай бекор қилиш ёки маблағ миқдорини камайтириш, дарпардага рухсат бериш тўғрисида таклифлар билдирилмоқда. Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари эса, маблағ миқдорини ўзгартиришга ҳеч қандай муносабат билдирмаган ҳолда, ойналарининг тусини ўзгартириш фуқароларимиз хавфсизлигига салбий таъсир ўтказишини маълум қилиш билан чекланмоқда, дейилади хабарда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари фуқароларни қийнаётган ушбу масала юзасидан, аҳоли фикрлари, ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар ва мутасадди вазирлик позициясини ўрганиб, ҳам халқ манфаатлари, ҳам хавфсизлик талабларини инобатга олган ҳолда, ўз таклифларини ишлаб чиқди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда автотранспорт воситаларига эҳтиёт қисмлари билан савдо қилиш дўконларида термал плёнкани учратиш мумкин. Ушбу плёнка бир мунча шаффоф бўлиб, унинг асосий вазифаси автомобиль салонини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан сақлаб, жазирамада исиб кетишини бир мунча камайтиради.
Шунингдек, йиғилишда ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида таклиф этилаётган термал плёнка билан қопланган автомабиль ойналарининг бир нечта намуналари кўргазмали кўринишда тақдим этилиб, уларнинг афзаллиги ва қулайликлари бўйича йиғилганларга батафсил ахборот берилди.
Тақдим этилган намуналардан кўриш мумкинки, термал плёнка ўзининг хусусиятига кўра, тонировка плёнкасидан анча устунликка эга ва ҳайдовчилар учун ҳам ён-атрофни кўришга халақит бермайди. Энг асосийси, транспорт воситасининг ичидаги шахслар ташқаридан бемалол кўринади ва ҳеч кимнинг хавфсизлигига дахл қилмайди.
Депутатларнинг ушбу ташаббусини йиғилишда ҳозир бўлган Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари қўллаб-қувватлашди ва бу орқали фуқароларимизга автомобилдан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароит яратилиши таъкидланди.
Депутатлар эътироф этганидек, ушбу масалада муаммонинг ечими сифатида Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи таклиф тайёрланмоқда. Яъни, Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4-бандига мувофиқ, транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, ундан фойдаланиш тақиқланиши белгиланган нормани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Унга кўра, мамлакатимизда ушбу 70 фоиз чеклови 15 фоизга, яъни 55 фоизгача туширилса, ҳайдовчилар бемалол термал плёнкадан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу эса, нафақат йўловчиларга, балки, ҳайдовчиларга ҳам афзалликлар туғдиради. Депутатлар, шунингдек, ушбу амалиётни жамоат транспортларида ҳам қўллаш мумкинлиги таклифини илгари суришди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва муҳокамалардан сўнг мазкур масала юзасидан фракциянинг таклифларини Вазирлар Маҳкамасига юборишга келишиб олинди.
Мавзуга оид
12:54 / 05.10.2024
Ҳиндистонлик эркак ноодатий автомобиллар коллекцияси билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирди
16:22 / 09.07.2024
Ислоҳотлар агентлиги маъмурий жарималарни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар билдирди
17:58 / 01.09.2023
Santa Fe’дан Traverse’гача — дунё автомобиль бозорида тақдим этилган сўнгги кроссоверлар
19:24 / 15.08.2023