Бухорода «Қовун сайли» ўтказилди ва ғолиб деҳқонлар тақдирланди — видео
Бухорода анъанавий «Қовун сайли» ўтказилди. Мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан, 23-бор ташкиллаштирилган анъанавий сайил миришкор деҳқонлар, полизкор фермерлар, томорқа ер эгаларининг ҳақиқий маҳорат намойишига айланди.
1996 йилдан буён катта уюшқоқлик билан ташкил этиб келинаётган «Қовун сайли»да «Кўкча», «Амири», «Новвоти», «Бўрикалла», «Кампирчопон», «Даҳбеди», «Шерози», «Тошлоқи», «Гулоби», «Баргинай» каби ўттизга яқин бир-биридан хушхўр нав тақдим этилди.
Бу йилги сайилда вилоятнинг барча туманидан келган 235 та фермер хўжалиги томонидан танти деҳқонларимиз меҳнати маҳсули — 2125 тонна қовун-тарвуз шаҳарликлар дастурхонига тортиқ қилинди. Бундан ташқари, турли мева-сабзавотлар, асалчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор маркази Абу Али ибн Сино номидаги фавворалар хиёбонида бўлиб ўтган беш кунлик «Қовун сайли» нафақат шаҳарликлар ва меҳмонларни, балки чет элдан ташриф буюрган сайёҳларни ҳам бефарқ қолдирмади.
Бу йилги «Қовун сайли» чинакам байрам тусини олди. Унда қатнашган ҳар бир туман учун алоҳида майдон, жой ҳозирланиб, ўша ҳудуд фольклор-этнографик ансамбллари дилтортар куй-қўшиқлари, концерт репертуари билан йиғилганлар кўнглини хушлади.
Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, сайилда алоҳида ўрнак кўрсатган деҳқон-миришкорлар рағбатлантирилди. «Энг фидойи қовунчи деҳқон» номинациясида Қоракўл туманидаги «Жўрабобо» фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммад Жўраев, «Энг ёш деҳқон» номинациясида Жондор туманидаги «Чиннихоним замини» фермер хўжалиги раҳбари Шермуҳаммад Ражабов ғолиб деб топилиб, иккинчи даражали диплом ва замонавий музлаткич билан тақдирланди.
«Энг кўп шогирд тайёрлаган уста деҳқон» номинациясида Вобкент туманидаги «Худойберди Қодир» фермер хўжалиги раҳбари Қодир Худойбердиев, «Энг яхши қовун турларини эккан фермер» номинациясида Қоровулбозор туманидан «Назир Дилшод» фермер хўжалиги раҳбари Нодир Воҳидов, «Энг кўп иш ўрни ташкил қилган фермер» номинациясида эса Бухоро туманидаги «Ойбек» фермер хўжалиги раҳбари Саноқул Набиев ғолиб деб топилди ва уларга учинчи даражали диплом ва замонавий рангли телевизор топширилди.
Якунда «Қовун сайли»нинг бу йилги мутлақ ғолиблигига Пешкў туманидаги «Баҳор баракаси» фермер хўжалиги раҳбари Шерали Умаров муносиб кўрилди. Унга ва юқори даражадаги ташкилотчилик қобилияти — намунавий павильон тайёрлагани боис Когон тумани жамоасига мукофот тарзида «Лочин» юк ташиш мотоцикллари топширилди.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
11:34 / 06.11.2024
Бухорода 1 млрд сўмдан зиёд электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркор аниқланди
15:04 / 03.11.2024
Бухорода хотинига оғир тан жароҳати етказган шахс қамоқдан озод қилиниб, шартли жазо тайинланди
20:48 / 09.10.2024