Бухородаги тарихий ҳудудда қаҳвахона ва туристик ахборот маркази қуриш учун дарахтлар кесилмайди
Kun.uz сайтида Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида замонавий қаҳвахона қурилиши эътирозларга сабаб бўлаётгани ҳақида мақола эълон қилинган эди. Таҳририятга ушбу қаҳвахона ҳақидаги қўшимча маълумотларни тақдим этишди.
Маълум бўлишича, Нодир Девонбеги мадрасаси орқасидаги Меҳтар Анбар ва Баҳоуддин Нақшбанд кўчалари кесишмасида жойлашган дарахтзор майдонда 17 йилдан буён Францияда фаолият юритиб келаётган бухоролик ёш тадбиркор Саиджон Мақсудов қаҳвахона ва туристик ахборот маркази биносини қуришни мўлжалламоқда.
Тадбиркор 2018 йилда Бухоро шаҳар ҳокимига мазкур объект учун ер майдони ажратишни сўраб мурожаат қилган ва ўз лойиҳасини тақдим этган.
Лойиҳани Бухоронинг шаҳарсозлик меъёрларига тўғри келадиган, сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли эҳтиёжи учун зарур деб ҳисоблаган мутасадди раҳбарлар президентининг 2017 йил 19 майдаги «2017–2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–2980-сонли қарори асосида лойиҳа учун 120 квадрат метрдан иборат ер майдонини ажратиб беришган.
«Баҳоуддин Нақшбанд ва Меҳтар Анбар кўчалари кесишмаси ҳудудидаги фойдаланилмайдиган захира ерлари ҳисобидан ажратилган ер майдонида қаҳвахона ва туристик ахборот маркази қуришни мўлжаллаганмиз. 1,2 сотих майдонида лойиҳани амалга ошириш учун ишга киришганимизга бир неча кунгина бўлди. Бироқ, айрим ижтимоий тармоқлар ва Телеграм каналлар орқали тарқалган хабарларда «Франциядан инвестор бўлишга даъво қилаётган бир ақлли одам, сайёҳлик маълумот маркази баҳонасида у ерда cafе қуришга қарор қилди. Табиийки, у дарахтларни кесади», деган ноўрин иддао мавжуд. Шунга қарамасдан, биз ортга чекинмадик», — дейди ёш тадбиркор Саиджон Мақсудов.
Мазкур объектни бино қилишга алоқадор кишиларнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишларича, ижтимоий тармоқларда объектнинг тасдиқдан ўтмаган эски ва хомаки режаси тарқатилган. Масалан, ҳозирги режага кўра, объектда ертўла қуриш назарда тутилмаган.
Қурувчиларга кўра, объектни барпо этиш мобайнида бирор дарахтга ёки қадимий обидага шикаст етказилмайди. Чунки объект лойиҳаси дарахтларнинг мавжуд жойлашувини ҳисобга олиб лойиҳалаштирилган.
Ҳозирча махсус рухсат билан фақатгина айрим дарахтларнинг қуриган шохларига санитар шакл берилган. 4-5 ой ичида, енгил конструкциялардан барпо этилиши мўлжалланаётган объект учун тадбиркорнинг ўз ҳисобидан 2 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланади.
«Объект ишга тушгач, турли хориж тилларида бемалол сўзлаша оладиган, замонавий технологиялардан бохабар ўн нафарча ёшларнинг иш билан бандлиги таъминланади, — деган Саиджон Мақсудов. — Франциялик халқаро маслаҳатчи Тунис Ютержик лойиҳаларимнинг яқин ҳамкорларидан. Ушбу лойиҳанинг энг кичик элементигача чуқур ўйланиб, халқаро стандартларга мос равишга келтирилган. Унинг замирида Бухоро туристик салоҳиятни янада ошириш йўлида хизмат қиладиган улкан мақсадлар ётибди».
«Бухоро тарихий маркази» ЮНЕСКОнинг Маданий мерос рўйхатидан ўрин олгани ва мазкур тарихий марказда қуриладиган ҳар қандай янги объект Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳудудлараро Давлат инспекцияси тавсияси билан барпо этилиши лозим. Объект инспекция томонидан маъқулланган.
Барпо этиладиган объект ўз услуби ва кўриниши билан тарихий объектларга ҳамоҳанг бўлиши, тарихий мерос объектларининг бемисл универсал ва умумбашарий қийматига (OUV) зарар етказмаслиги, бунинг учун ЮНЕСКО қошидаги ИКОМОС (ICOMOS — International Council on Monuments and Sites — ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш) тавсияларига риоя қилиш талаб этилади.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ тайёрлади
Мавзуга оид
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
11:34 / 06.11.2024
Бухорода 1 млрд сўмдан зиёд электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркор аниқланди
15:04 / 03.11.2024
Бухорода хотинига оғир тан жароҳати етказган шахс қамоқдан озод қилиниб, шартли жазо тайинланди
20:48 / 09.10.2024