Ўзбекистон | 19:39 / 01.08.2019
14225
2 дақиқада ўқилади

Сутчилик мажмуаларидан IT-лойиҳаларгача - Беларусь Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболларини нималарда кўрмоқда?

Савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш Беларусь-Ўзбекистон муносабатларининг асосий масаласи ҳисобланади. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар чоғида маълум қилди, деб хабар берди БЕЛТА. 

"Савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш асосий масала бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон мустақиллик йилларида миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш борасида сифатли силжишга эришди, янги соҳалар: автомобилсозлик, нефтгазкимё, қишлоқ хўжалик техникаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Беларусь Ўзбекистон билан иқтисодий йўналишда, жумладан қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр", - деди Александр Лукашенко. 

Ўтган йили Лукашенконинг  Ўзбекистонга ташрифи вақтида икки давлат президентлари Беларусь лойиҳа ва қурилиш ташкилотларини жалб этган ҳолда бир нечта сутчилик мажмуаларини яратишга келишиб олинганди. Беларусь президенти бу лойиҳаларни тезроқ амалга ошириш кераклигини таъкидлади. 

У шунингдек, фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни мамнуният билан қайд этди. Ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида фармацевтика соҳасида учта лойиҳа амалга оширилмоқда.

Беларусь томонининг фикрича, ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши енгил саноат ҳисобланади. 

Александр Лукашенко IT-секторини ҳам истиқболли йўналишлар қаторида санаб ўтди. Унинг қайд этишича, Беларусда давлат бошқаруви, транспорт, молия-кредит фаолияти йўналишларида ахборот тизимлари муваффақиятли яратилмоқда ва маҳаллий компаниялар жаҳон бозорида рақобат қила олишини кўрсатди.

"Биз Ўзбекистонда Беларусь дастурий таъминотидан фойдаланган ҳолда табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлашган тизимини ва газ тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш бўйича газ ҳисоблагичларини жорий этиш борасидаги лойиҳани амалга оширишни таклиф этамиз", - деди у.

Мавзуга оид