Ўзбекистон | 23:43 / 05.08.2019
5560
2 дақиқада ўқилади

Олти ойда 3,5 минг километр автомобиль йўлларида йўл ишлари бажарилди

Ўзбекистондаги жами автомобиль йўллари тармоғи 184 минг километрдан зиёд узунликни ташкил этади. Ундан 42 минг 676 километр умумий фойдаланишдаги, 24 минг 750 километр идоравий инспекторлик, 116 минг 560 километр эса ички хўжаликлараро, қишлоқ, шаҳар ва овулларнинг йўллари ҳисобланади. Бу ҳақда бугун, 5 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди.

Фото: Автомобиль йўллари қўмитаси

Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Назаровнинг айтишича, жорий йилнинг олти ойи мобайнида Ўзбекистоннинг 3 минг 298,4 километр автомобиль йўлларида қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари режалаштирилганди. Амалда эса 3 минг 592,5 километр автомобиль йўлларида йўл ишлари бажарилди. 860,4 километр узунликда ички йўллар, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида 1 минг 442,1 километр ички хўжаликлараро автомобиль йўллари таъмирланди. 35 километрдан ортиқ шаҳар кўчалари ҳамда аҳоли яшаш обьектларига кириш автомобиль йўллари қурилиб, реконструкция қилинди. 114 дона янги турдаги йўл қурилиш техникалари сотиб олинди.

2019 йилги Инвестиция дастурига асосан мамлакат бўйича 100,5 километр умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларида қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид