Жамият | 10:14 / 15.08.2019
66817
6 дақиқада ўқилади

Kun.uz суриштируви: тез тиббий ёрдам ходимлари иштирокидаги муштлашув бўйича тарафларнинг фикри зид келмоқда

Куни кеча ижтимоий тармоқларда йўл четида тез тиббий ёрдам машинаси шифокорлари билан содир бўлган муштлашув видеоёзуви тарқалган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бу ҳолатни ўрганиб, ўзининг дастлабки хулосаларини берганди.

Видеолавҳада тез тиббий ёрдам бригадаси шифокори ва ҳайдовчиси бир кишини дўппослаб ураётгани тасвирланган. Шу билан бирга шифокор ва ҳайдовчининг ўзи ҳам жароҳат олгани кўринади, аммо бу жароҳат қандай етказилгани лавҳада акс этмайди.

Шундан сўнг воқеалар ривожи кутилмаган тарзда кечди ва дастлаб ўзини ўша шифокорлар томонидан калтакланган йигитнинг акаси Шуҳрат деб таништирган шахс биз билан боғланди ва юқоридаги ҳолат бўйича ўз версиясини сўзлаб берди:

– Укам Муҳаммадбакиев Шавкат, 28 ёшда. Таксичи, давлатга солиқ тўлаб ишлайди. Йўлда йўловчи олаётганида орқасидан “скорий” келиб қайта-қайта сигнал чалаверган. Одамни олиб кетганидан кейин йўлда ёнма-ён туриб қолишганида “скорий” ҳайдовчисидан “Ҳа ака, касалингиз бормиди?” деб сўраган. Шунда ҳайдовчи унга жуда қўпол сўз билан сўкинган. Икковиям юриб кетганида “скорий” ҳайдовчиси уни қувиб келиб, қисиб тўхтатган. Укамнинг айтишича, ҳайдовчи монтировка, шифокор катта темир калит (ключ) кўтариб тушиб келишган ва укамга ташланишган. Шунда укам ҳам ўзини ҳимоялаш учун машинасидаги аррани кўтариб тушган.

Укамнинг арра билан ҳужум қилиш нияти бўлмаган, аммо улар ташланишгани учун унинг қўлидаги арра ҳар иккисига тегиб кетган ва жароҳатлаган.

Укамнинг қандай дўппосланганини кўрдингиз. Ҳаммалари “16”га (Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига) олиб борилганидан “скорий”дагилар ётқизиляпти, менинг укам эса “енгил жароҳат олган” деб жавоб бериб юбориляпти. Кўп тортишувлардан кейин даволансин деб ётқиздик. Улар ёнма-ён палатага жойлашиб қолишибди. Ҳожатга чиққанида “скорий” ҳайдовчиси буни кўриб қолибди. Шундан кейин орадан 10 дақиқа ўтмай укамга жавоб бериб юборишибди.

Билишимча, уларнинг қайси биринингдир қариндоши катта лавозимни эгаллаган. Ҳамма фактларни укамга қарши ишлатишяпти. Мен ўзим ҳозир вилоятда сафардаман, борганимдан кейин албатта бу иш билан шуғулланаман. Биз уларга нисбатан қонуний чора кўрилишини истаймиз-, деди Шуҳрат ака.

Албатта, вазиятга холис баҳо бериш учун ҳар икки томоннинг фикри муҳим. Воқеага алоқадор бўлган тез тиббий ёрдам бригадаси пойтахтда фаолият юритувчи “Здоровая семья” хусусий клиникасига тегишли эканлигини аниқлаганимиздан сўнг мазкур муассаса раҳбари Расул Юлдашев билан боғландик. Клиника раҳбари мавзу юзасидан ўз фикрларини айтиш учун таҳририятга бевосита ташриф буюрди.

 – Расул ака, воқеа қандай юз бергани ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Шифокор ва ҳайдовчи йигитларимиз оғир беморни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига олиб бориб, кейинги чақириқ бўйича кетишаётган бўлган. Билсангиз, “16”дан чиқиш ҳамиша таксичилар билан банд бўлади. Шу жойда улар ўртасида зиддият бошланган. Билишимизча, “Спарк”даги йигит таксичилик қиларкан, лекин унинг машинасида таксига хос белгилар йўқ эди. Кейин кетгунларича ҳам “Спарк”даги йигит бригадамиз машинасига йўл бермаган, аварияга олиб келувчи хавфли ҳаракатлар қилган. Чилонзор метроси чорраҳасига яқинлашганларида қисиб тўхтатиб, машинасидан арра олиб тушган ва ҳайдовчимизнинг бўйнига тираган. Ўртада жанжал юзага келиб, ходимларимизнинг бошига, қўлларига арра билан жиддий жароҳат етказган.

– Лекин видеолавҳада у йигит дўппосланаётгани акс этган-ку?

– Гап шундаки, тарқалган видеода фақат шу жойи акс этгани учун кўпчилик шундай фикрга бораяпти. Аслида бунга сабаб бўлган ҳолат видеога тушмаган. Мен ходимларимизнинг бу ҳаракатларини оқламайман, бу қадар жаҳлга миниш яхши эмас. Лекин уларни ҳам тўғри тушуниш керак, ахир бошига арра билан жароҳат етказса, ҳар қандай инсон ҳам жазавага тушиб, ўзини бошқара олмай қолади-да. Мана энди шундай ҳолат юзага келиб турибди...

– Шавкат Муҳаммадбакиевнинг яқинлари фикрича, қандайдир юқори лавозимли шахс ходимларингизни ҳимоя қилмоқда ва қўллаб-қувватламоқда экан. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Бу мутлақо асоссиз гап. Биз халқнинг саломатлиги йўлида хизмат қиладиган одамлармиз, бунақа нарсаларга вақтимиз ҳам йўқ. Ходимларимиз ҳозир жароҳатларидан даволанишмоқда, бошқа гап-сўзлар ноўрин.

– Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилдими?

– Мен ўзим “102” рақамига қўнғироқ қилдим ва менгача ҳам кўпчилик хабар берган экан. Ҳолат бўйича тушунтириш хати ёзиб бердим. Атрофдаги холислардан кўрсатмалар олинишини сўрадим. Чунки хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг бу куйга тушиши яхши эмас. Атрофда камералар бор, улар ҳам ўрганилиб, керакли чора кўрилишини истаймиз. Айнан қандай иш очилган бўйича бирор маълумотга эга эмасман.

Албатта, бир ҳолат юзасидан ҳар икки томоннинг ўз фикрлари бор ва улар бир-бирига зид келиши табиий. Зиддиятнинг ҳали даволанаётган “асл қаҳрамонлари” билан суҳбатлар янада қизиқ фактларни очиши ҳам ҳеч гап эмас. Якуний баҳони эса тергов суриштирувлари ва далилларга таяниб суд бериши мумкин. Демак кузатишда давом этамиз.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид