Ўзбекистон | 22:31 / 16.08.2019
23845
10 дақиқада ўқилади

«Илм-фан ривожланмаган давлатда ривожланиш ҳам бўлмайди» — кимёгар олим билан суҳбат

Kun.uz бугунги илм-фан, таълим, илмий тадқиқотлар ва уларнинг аҳамияти хусусида таниқли олимлар билан суҳбатларини давом эттиради.

Ҳар бир илм соҳаси ўзга бир олам. Ҳар бирининг ўз паст-баланди, ёндашуви бор. Кимё ҳам кенг тармоқли фан. Навбатдаги суҳбатдошимиз нефть ва газ кимёси соҳасида илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётган олим, техника фанлари доктори Абдуғаффор Ҳурмаматовдир. У ЎзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институтининг «Кимёвий технология жараёнлари ва қурилмалари» лабораторияси мудири бўлиб ишлаб келмоқда.

– Сиз фаолият олиб бораётган илмий муассаса, лаборатория номидан ҳам маълумки, саноат билан бевосита боғланган. Бу ерда қандай илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда ва улар саноатда қанчалик қўлланиб келинмоқда?

– Бизнинг лаборатория асосан амалий ва инновацион лойиҳалар билан шуғулланади. Шулардан бири «Гидродинамик режимларни мақбуллаштириш орқали углеводород хом ашёларини қиздириш жараёнини жадаллаштириш» мавзусидаги амалий лойиҳа ва «Стриппинг-колонналаридаги гидродинамик режимларни мақбуллаштириш орқали ёнилғи фракцияларини буғлатиш жараёнининг самарадор технологиясини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга жорий қилиш» хўжалик шартномаларини тугатдик.

Лойиҳанинг мазмуни шундан иборатки, ҳозирги кунда нефтни қайта ишлаш корхоналарида иссиқлик алмашиниш қурилмаларида хом ашёни қиздиришда ҳамда ректификацион қурилмаларида буғлатувчи омил сифатида қиздирилган сув буғидан фойдаланилади. Биз сув буғини углеводород буғига алмаштиришни таклиф қилганмиз. Бунинг бир қанча афзалликлари бор, албатта.

Сув буғининг камчиликлари қуйидагилардан иборат:

- сув буғи ректификацион қурилмаларига кирганда қурилманинг гидравлик қаршилиги бирдан ортиб кетади, бу эса қурилма ҳажми ортишини талаб қилади;

- қиздирилган сув буғини ҳосил қилиш учун сезиларли даражада энергетик ва технологик сарфлар талаб этилади;

- сув буғининг иссиқлик сиғими углеводород буғига қараганда юқори бўлганлиги учун ректификацион колоннага берилганда углеводород буғларини конденсацияланишига олиб келади, ўз навбатида углеводород фракцияларини сувдан ажратиш учун махсус қурилмалар талаб этилади ҳамда махсус технологик жараёнларни олиб бориш ва қўшимча энергетик харажатлар сарфланишига олиб келади;

- сув ва сув буғининг углеводород аралашмалари таркибида мавжудлиги иссиқлик ва модда алмашиниши (массаалмашиниш) жараёнларини секинлаштиради ва технологик қурилмалар кўрсаткичларини пасайтиради;

- ажраладиган сув конденсатлари қурилмалар контакт юзаларини коррозияга олиб келади;

- сув конденсати таркибида қўшимча харажат қилишга ҳамда уларни утилизация қилишга олиб келадиган нефть маҳсулотлари қолдиқлари мавжуд, яъни олтингугуртли ва бошқа кимёвий бирикмалар. Булар ишлаб чиқаришдаги экологик муаммолар чуқурлашишига олиб келади.

Олиб борилган тажрибалар ва ҳисоб-китоблар асосида сув буғининг моддааламашиниш коэффициенти 5,0·10–3÷5,7·10–3 м/с оралиғида бўлиши ушбу кўрсатгич углеводород буғларида эса 13·10–3÷21·10–3 м/ч гача ортиши аниқланди.

Ушбу муаммолардан келиб чиққан ҳолда биз, альтернатив иссиқлик ташувчи, яъни сув буғи ўрнига углеводород буғларидан фойдаланиш таклифини киритдик ва лойиҳа натижаларини Бухоро нефтни қайта ишлаш корхонасида ишлаб чиқаришга жорий қилдик.

Углеводород буғларидан иссиқлик ташувчи ёки буғлатувчи омил сифатида фойдаланиш учун адабиётларда маълумотлар етарли бўлмаганлиги учун келажакда ушбу ишлар бўйича фундаментал тадқиқотлар билан ҳам шуғулланиш режамиз бор.

– Лабораториянинг моддий техник базаси қилинаётган тадқиқотлар учун талаб даражасидами?

– Илмий тадқиқот институтлари лабораториясида тажрибалар қилиш осон эмас. Моддий-техник базамиз юқори даражада, деб ўйламайман. Замонавий қурилмалар ва ўлчов-назорат ускуналари етишмайди.

Асбоб-ускуналар танқислиги ҳам фақат бизда бор муаммо, деб бўлмайди, бу ҳаммада бор, аслида. Баъзи жиҳозларни ўзимиз ҳисоб-китоблар асосида ясаганмиз. Баъзи бир ўлчов-назорат асбобларимизни эса лабораториянинг нобюджет маблағлари ҳисобидан сотиб олганмиз, қиммат турадиган ускуналарга молиявий имкониятларимиз ҳозирча йўқ.

Агар ушбу ускуналар мавжуд бўлса, ишлаш осон бўлади, вақтдан ютилади ва олимда янги фикрлар туғилади. Мисол учун, чет элнинг нуфузли журналларида мақолалар эълон қилиш учун замонавий асбоб-ускуналарда олинган тажриба натижалари талаб қилинади.

Илмда бўлаётган муаммолардан бири сифатида ёлғон илм қилмаслик кераклигини тушунаман. Замонавий ўлчов-назорат асбоблари етишмаганлиги учун ҳам баъзи бир соҳаларда олимларимиз назарияга суяниб қолмоқдалар. Ҳолбуки, назария ва ишлаб чиқариш ўртасида жуда катта фарқ бор.

– Кимё технологияси бўйича ҳозирча ривожланган давлатлар билан рақобатлаша олмаймиз. Фикрингизча, қўшни давлатлар билан солиштирганда қандай ўриндамиз?

– Илм-фан ривожланмаган давлатда ривожланиш ҳам бўлмайди. Фикримча, нефтни қайта ишлаш ва уларни утилизация қилиш бўйича Марказий Осиёда Қозоғистондан кейинги ўринда турамиз.

Ҳозирда мамлакатимизда илм-фанга эътибор берилмоқда, ўйлайманки, яқин орада илм-фан бўйича етакчи давлат қаторига кирамиз. Бу борада охирги йилларда республикамизда автомобиллар ишлаб чиқаришни ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК авиация паркини замонавий ҳаво лайнерлари билан тўлдириш йўлга қўйилиши муносабати билан маҳаллий углеводородли хом ашёлардан юқори октанли автобензинлар, авиакеросин (Jet А-1) ва дизель ёнилғиси (ЭКО) ишлаб чиқариш технологиялари яратиш бўйича бир қанча илмий ва амалий натижаларга эришилмоқда. Нефтни бирламчи қайта ишлаш технологияси самарадорлигини ошириш, нефтни атмосфера босими остида ҳайдаш ускунасининг оптимал иш режимларини аниқлаш ва унинг таркибига кирувчи қурилмаларни модернизация қилишга йўналтирилган амалий илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

– Лаборатория қандай давлат ва чет эл грантларида, лойиҳаларида қатнашган? Ва бунга бажарилиши учун тахминан қанча маблағ ажратилади, сир бўлмаса албатта?

– Албатта, бу сир эмас. Мен 2006 йилдан буён давлат лойиҳаларида қатнашиб келмоқдаман, шу вақтдан буён ушбу лойиҳаларга 70 млн. сўмдан 120 млн. сўмгача давлат бюджетидан маблағлар ажратилган. Лаборатория бу пайтгача ҳали чет эл грантларида қатнашмаган.

Ҳозирда Хитой олимлари билан қўшма лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз. Хусусан, нефтни қайта ишлаш корхоналарида ишлатиладиган техник сувларни тозалаш, углеводород қолдиқларини утилизация қилиш, иссиқлик алмашиниш қурилмаларида кечадиган жараёнларни жадаллаштириш бўйича ишламоқчимиз.

– Давлат лойиҳалари ва хўжалик шартномаларини бажариш учун лабораториянинг илмий салоҳияти қандай?

Ҳозирда лабораториямизда 3 нафар фан доктори, 4 нафар фан номзоди, 3 нафар кичик илмий ходим, 2 нафар лаборант ва 1 инженер фаолият олиб боради.

– Айни вақтда лаборатория қандай янги илмий фаолият билан шуғулланмоқда?

– 1. Бухоро нефтни қайта ишлаш корхонаси мутахассислари бизга берган маълумотларига кўра, иссиқлик алмашиниш қурилмаларини совитиш учун тўғридан-тўғри Тўдакўл суви ишлатилади. Ушбу сув қаттиқлиги 35-47 ни ташкил қилади (стандарт бўйича 1-2), бундан ташқари таркибида 3-4 фоизгача турли хил механик қўшимчалар мавжуд. Ушбу сувлар иссиқлик алмашиниш қувурларининг ички юзаларига қасмоқ (накип)лар йиғилиб қолишига сабаб бўлади, натижада иссиқлик бериш ва узатиш жараёнларини секинлаштиради. Бундан ташқари, қурилмани даврий тозалаб туришга тўғри келади. Буларнинг ҳаммаси қўшимча сарфни оширади. Биз бу сувларни механик қўшимчалардан тўлиқ тозалаб, қаттиқлиги бўйича стандарт талабларига жавоб берадиган янги технология ишлаб чиқдик.

2. Яна бир янги ишимиз, Қорақалпоғистон Республикасининг Устюрт газкимёкомплексида метанни газ конденсати билан пиролиз қилинади, натижада йилига 103 минг тонна пиролиз дистилляти ҳосил бўлади. Ушбу дистиллят республикамизда қайта ишланмайди. Уни лаборатория шароитида қайта ишлаб, таркибидан 80 фоизгача бензин олишнинг янги технологиясини ишлаб чиқдик. Ушбу технологияни амалиётга жорий қилишдан кутилаётган йиллик иқтисодий самарадорлик 15 млрд. сўмдан кам эмас.

3. Нефть маҳсулотлари олингандан кейин ундан қолган чиқиндидан ҳам маҳсулот олиш мумкин. Буни биз тажрибада исботладик. Нефть шламидан қурилиш битуми олиш технологиясини яратдик. Нефтни қайташ ишлаш корхоналарида нефть маҳсулотини тиндириш вақтида йилига 3000 тоннадан ортиқ нефть шламлари ҳосил бўлади. Ушбу нефть шламлари қайта ишланмаганлиги сабабли улар атроф-муҳитга салбий таъсир қилмоқда. Ҳозирда ушбу нефть шламларини қайта ишлаб 22 фоизгача қурилиш битуми олиш технологиясини ишлаб чиқдик. Яқин кунларда ушбу технологияни БухНҚИЗда амлиётга жорий қилмоқчимиз. Ушбу технологияни амалиётга жорий қилишдан кутилаётган йиллик иқтисодий самарадорлик 900 млн. сўмдан кам бўлмайди.

4. Ҳозирда пахта тозалаш корхоналарининг яна бир долзарб муаммоларидан бири бу – пахта қуритиш. Ҳаммамизга маълумки пахтани қуритишда корхоналарда электр энергияси ва ёнилғи муаммоси бўлганлиги учун пахтани қуритиш бўйича янги, дунёда аналоги йўқ бўлган янги технология устида иш олиб бормоқдамиз, бу ишимизни яқин кунлар ичида пахта тозалаш корхонларига жорий қилиш назарда тутилган.

– Таклиф ва мулоҳазаларингиз?

– Илм-фанни юқори чўққиларига эришмоқчи бўлсак, лабораторияларни аниқлиги юқори бўлган замонавий жиҳозлар билан таъминлашимиз керак.

Ҳозирда тадқиқотчиларимиз, яъни докторантларимиз илмий мақолаларини чет элнинг нуфузли журналларида чоп эттиришлари учун камида 300 АҚШ доллари тўлашлари керак. Пул тўланмайдиган журналлар ҳам бор, тўғри, лекин уларнинг импакт фактори паст ва чоп этиш жуда узоқ вақтни олади. Аксарият докторантлар ва тадқиқодчилар яшаш шароитлари ва оилавий ҳолатларидан келиб чиқиб, бу маблағларни тўлашга қодир эмаслар. Шу мақсадда, давлат лойиҳалари ва хўжалик шартномалари ҳисобидан ушбу мақсадлар учун маблағлар ажратиш зарур.

Олий таълим муассасалари магистратура талабаларининг илмий мавзуларини бевосита илмий текшириш институтлари илмий ходимлари билан ҳамкорликда белгилаш лозим. Диссертация ишларининг аксарият қисмини илмий-тадқиқот лабораторияларида бажарса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ҳисоблайман.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

Мавзуга оид