Жаҳон | 22:29 / 19.08.2019
25149
2 дақиқада ўқилади

Путин намойишлар вақтидаги тартибсизликларда айбдор бўлганларни жазолашга чақирди

Фото: REUTERS / Gerard Julien/Pool

Россия президенти Владимир Путин Москвадаги норозилик намойишларига биринчи марта изоҳ берди. У Франция президенти Эмманюэл Макрон билан учрашув олдидан журналистлар билан суҳбатда россияликларнинг осойишта намойишлар ўтказишга ҳуқуқи борлигини тасдиқлаган, бироқ тўқнашувлар учун куч тузилмалари ходимлари ва намойишчиларни танқид қилган.

Путин Москва шаҳар думасига аввалги сайловларда қоидабузарликлар сабабли овоз беришгача 100 дан кўпроқ номзод қўйилмагани, ҳозир эса бундайлар сони камроқ – 57 нафар эканлигини таъкидлаб ўтган. Асосан улар имзоларнинг қалбакилаштирилиши сабабли сайловларга қўйилмаган. 

“Фикримча, фуқаролар осойишта, қонунга тўғри келувчи норозилик намойишларини ўтказишга ҳақли, ҳокимият эса уларнинг бу ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаши керак. Бироқ ҳеч ким – на ҳокимият, на қандайдир гуруҳлар қонунни бузишга ва вазиятни бемаъниликка ёки ҳокимият билан тўқнашувларга олиб келишга ҳақли эмас. Бу қонунбузарликдир, унда айбдор бўлганлар эса жавобгарликка тортилиши керак”, деб айтган Путин.

Унинг таъкидлашича, Россия Москвада Франциядаги “сариқ жилетлар” намойишлари каби вазият юзага келишини истамайди. 

Москвадаги норозилик намойишлари Москва шаҳар думасига мустақил номзодлар рўйхатга олиниши рад этилгандан кейин бошланган. Бунга имзолардаги хатоларнинг кўплиги сабаб бўлган. Мухолиф номзодлар бу қадамни асоссиз деб аташган.

Бундай намойишлардан 10 августда Сахаров номидаги шоҳкўчада ўтган охиргисида 60 мингга яқин одам иштирок этган.

Мавзуга оид