Ўзбекистон | 15:44 / 28.08.2019
199259
2 дақиқада ўқилади

1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори киритилмоқда

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 12 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори оширилиши тўғрисидаги фармонини имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–5723-сон фармонига мувофиқ 2019 йилнинг 1 сентябридан энг кам иш ҳақи миқдори (ЭКИҲ) ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ), базавий ҳисоблаш миқдори ва пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори киритилмоқда.

МҲЭКМ лавозим маоши, устама, қўшимча пул, гонорарлар, қўшимча иш учун компенсация тўловлари, озиқ-овқат, йўл ва рағбатлантирувчи бошқа турдаги тўловлар, иш ҳақини ҳисоблашда қўлланиладиган чегара миқдор, қонунчилик билан белгиланган чегириб қолиш ҳамда иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлган бошқа тўловлар аниқлаш мақсадида меҳнат муносабатлари соҳасида қўлланилади.

МҲЭКМ эгалик шакли ва меҳнат муносабатларидан қатъи назар, белгиланган меҳнат нормаларини тўлиқ бажарган ишчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг паст чегараси сифатида барча иш берувчилар учун мажбурий бўлади.

Базавий ҳисобланган сумма солиқлар, йиғимлар, жарималар, давлат божлари, стипендиялар ва тақдим этиладиган давлат хизматлари учун бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш, шунингдек, оиланинг ижтимоий қўллаб-қувватловга муҳтожлигини аниқлашда қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–5723-сон фармони 1-бандида:

иккинчи хатбошидаги “577 170” рақами “634 880” рақами билан алмаштирилди (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори);

учинчи хатбошидаги “202 730” рақами “223 000” рақами билан алмаштирилди (базавий ҳисоблаш миқдори);

тўртинчи хатбошидаги “202 730” рақами “223 000” рақами билан алмаштирилди (пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори).

Мавзуга оид