Ўзбекистон | 16:35 / 28.08.2019
73122
6 дақиқада ўқилади

Нурхон Нафасов иши: Суд унинг ишдан бўшатилиши ғайриқонуний бўлгани ҳақида қарор чиқарди

Нурхон Нафасов / Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

27 август куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик судида Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасовнинг лавозимдан озод этилиши масаласи бўйича иш кўрилди ва якуний қарор маълум қилинди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, судда федерациянинг Нурхон Нафасовни лавозимдан бўшатиш тўғрисидаги 2018 йил 26 сентябрь кунги йиғилиш баённомаси ва 2018 йил 27 сентябрь кунги буйруқ ғайриқонуний деб топилди. Жавобгар Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг қарши даъво аризаси қаноатлантирилмади.

Томонларга тегишли муддат давомида шикоят бериш тартиби тушунтирилган.

Жиноий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари - 167-модда («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») 3-қисми «а» банди ва 165-модда («Товламачилик») 1-қисми доирасида иш мазмунан кўрилиши давом этмоқда.

Ушбу иш юзасидан Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси бош котиби Отабек Қосимов ва яна бир судланувчи Бегзод Араловнинг кўрсатмалари тингланди. О.Қосимов унга нисбатан суриштирув вақтида тазйиқ ва босимлар бўлганини айтиб ўтди. Б.Аралов ҳам ўзи билан боғлиқ ҳолатларни сўзлаб берди.

Мазкур жиноий иш бўйича 8 август куни бўлиб ўтган аввалги суд мажлисида Нурхон Нафасовга ҳам сўз берилган. У федерацияга умуман алоқаси бўлмаган шахслар томонидан мажлис ўтказилгани ва тегишли тартибларга амал қилинмай уни ишдан олиб ташлашганини айтиб берган.

«Тўсатдан ўтказилган ноқонуний йиғилишдан сўнг мени президентлик лавозимидан олиб ташлашди. Мен аввалги сафар 10 йил ишлаган давримда 70 мингдан ортиқ шогирд тайёрлаганман. Ҳар бир туманда минглаб ўсмирлар каратэ билан шуғуллана бошлаганди. Ўтган даврда Ўзбекистонда каратэ жар ёқасига келиб қолди. Президент Шавкат Мирзиёев даврига келиб менга қайта имкон берилди. Ноқонуний ишдан олинганимдан кейин менга босимлар бошланди. Адлия вазирлигига боғланганимда тегишли фуқаролик судига мурожаат қилишим зарурлигини тушунтиришди. Улардан нажот бўлмагач, cудга мурожаат қилдим. Менга босим ўтказганлар қўл остимда ишлайдиган О.Қосимовга ҳам шу ишни қилишди. Менга қарши кўрсатма олишга ҳаракат қилишди (О.Қосимов буни судда тасдиқлади – таҳр.). Лекин у ҳам рози бўлмади.

Миллий олимпия қўмитасининг ўша вақтдаги раиси Умид Аҳмаджонов менга алоқага чиққан. Аҳмаджонов унга «юқори»дан (Ихтиёр Абдуллаев ва унинг қўл остидаги айрим шахслар) топшириқ бўлганини тушунтириб, федерация президентлигидан ўз хоҳишимга кўра кетишим кераклигини айтди.

Бош прокуратура тегишли департамент раҳбари Ҳасан Ишанходжаев тушунтириш беришим учун мени ишхонасига чақирди. Нега ҳали ҳам федерация раҳбарлигини топширмаганимни сўраб, устимдан менга қарши иш очишини маълум қилди. Мен қўлидан келган истаган ишини қилиши мумкинлигини айтдим. Бундан ташқари, Самарқанд вилоят каратэ федерацияси раҳбарига мусобақа учун йиғилган бадал пулларини Н.Нафасовга топширганман, деб туҳмат қилишга ҳам ундаган. Мен шахсан Ҳасан Ишанходжаев билан юзлашишга ҳам тайёрман», дея кўрсатма берганди у.

Фуқаролик иши суд қарори ўқиб эшиттирилди, жиноий иш доирасида эса ҳозирча суд давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Нурхон Нафасов Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раҳбарлигига 12 йиллик танаффусдан сўнг, 2018 йилнинг май ойида қайтган, аммо сентябрда ишдан олиниб, у ва айрим қўл остидагиларининг устидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.

2019 йил январида Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайтида Нурхон Нафасовнинг номини қоралайдиган материал эълон қилинганди.

«Ўзбекистон Каратэ Миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (Товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Тергов жараёнида амалга оширилган тафтиш натижасида ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги бирламчи маълумотлар ўз тасдиғини топди.

Хусусан, Н.Нафасовнинг федерация раиси лавозимига тайинланган кун – 2018 йил 16 майдан бошлаб октябрь ойигача 125 миллион 557 минг сўмлик пул маблағини белгиланган тарзда (терма жамоа аъзолари, уларни мусобақаларга тайёрлаш харажатлари) сарфлаш ўрнига, уларни мақсадсиз ва ортиқча ишлатганлиги, товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга йўл қўйилганлиги, спортчилардан бадал пулларини йиғиб олиб, федерация ғазнасига кирим қилинмаганлиги аниқланди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда», дейилганди «Нурхон Нафасовнинг кирдикорлари фош бўлди» сарлавҳали хабарда.

Хабарнинг русча вариантида эса Нурхон Нафасовнинг илгари ҳам жиноий жавобгарликка тортилганига ишора қилинди.

Бош прокуратура мазкур хабар бўйича расмий муносабат билдирган, унда Унда Миллий Олимпия қўмитасига айбсизлик презумпцияси ҳақида эслатилганди.

Нурхон Нафасов вазифасидан четлатилгач «Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси(ЎКМФ)нинг тегишли йиғилиш қарори ва 27.09.2018 йилдаги 1-сонли буйруқни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида» фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига мурожаат қилганди.

Мавзуга оид