Ҳукуматда «рокировкалар»: ким кўтарилди? Кимда пасайиш?
Ҳукуматда кўплаб ўзгаришлар юз берди. Бирданига бир нечта лавозимларда содир бўлган ўзгаришлар одамни чалғитиб юбориши табиий. Келинг, ҳукуматдаги «рокировкалар» қайси йўналишда амалга оширилганига назар соламиз.
Вазир энди кадрлар бўйича маслаҳатчи
Шу вақтгача Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимида ишлаб келган Шерзод Қудбиев президентнинг давлат хизмати ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Яъни, эндиликда собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири президентга кадрлар масалалари бўйича маслаҳатчи бўлди.
Маълум бўлишича, шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва кадрлар захираси масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси деб ўзгартирилган. Бу лавозимни тушуниш осон бўлиши учун кадрлар бўйича президент маслаҳатчиси деб аташ мумкин.
Шу ўринда вазирнинг президент маслаҳатчиси бўлиши кўтарилишми ёки тушиш деган савол пайдо бўлади. Вазирда ваколатлар кенгроқ эканини инобатга олсак, бу албатта ортга қадам, аммо кадрлар бўйича маслаҳатчининг вазифаси жуда муҳимлиги Қудбиев ҳамон ҳукуматнинг юқори бўғинида керакли шахс бўлиб қолганини англатади.
Дарвоқе, Қудбиевга кадрлар захираси бўйича собиқ маслаҳатчи Умар Сапаевич Исмоилов ўринбосар бўлган. Шерзод Қудбиевнинг биринчи ўринбосари эса Қаҳрамон Қуронбоев бўлди. Умар Исмоилов ўзи раҳбар бўлган бўлимда эндиликда ўринбосар бўлиб ишлаши нимани англатишини тушуниш эса қийин эмас, бизнингча.
«Энг юлдузли» кетиш
Яқин бир неча соатлар ичида содир бўлган ўзгаришларнинг энг шов-шувлиси, шубҳасиз Қаҳрамон Қуронбоевнинг Ёшлар Иттифоқи раислигидан кетгани бўлди. Ўтган йил водийда келин-куёвнинг тўй кортежини тўхтатиб, уларни таксига ўтқизиб юборганини ОАВ ходимларига пафос билан ҳикоя қилган Қуронбоев тезда бутун мамлакатга машҳур бўлганди. Кўп ўтмай Қуронбоевнинг ҳаракатларини қоралаган президент Шавкат Мирзиёев «Бу ишлар давлат сиёсатига хиёнат», деганди.
Шу тариқа 2017 йил 30 июнда ташкил этилган Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқини ҳаракат ташкил этилганидан буён бошқариб келаётган Қаҳрамон Қуронбоев ўз вазифасидан озод қилинди. Қуронбоев давлат хизмати ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича президент маслаҳатчисига биринчи ўринбосар бўлди.
Юқорида кадрлар захираси бўйича маслаҳатчи (эндиликда давлат хизмати ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчи) муҳим лавозим эканини таъкидладик. Шу боис Қаҳрамон Қуронбоев учун Ёшлар Иттифоқидан кетиш катта йўқотиш бўлмаганини айтсак бўлади. Аммо Қуронбоев олдинги лавозимида машҳур бўлганини инобатга олсак (қандай қилиб машҳур бўлгани кейинги масала), унинг янги лавозимдан кетиши кўп муҳокама қилинади. Қўпол қилиб айтганда, кўпчилик Қуронбоев президент маслаҳатчисига биринчи «зам» бўлибди демайди, Қуронбоев Ёшлар Иттифоқидан кетибди дейди...
23 ёшида вазирга ўринбосар бўлган йигит 25 ёшида президент маслаҳатчисига ўринбосар бўлди
Қаҳрамон Қуронбоевнинг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Алишер Саъдуллаев Ёшлар Иттифоқига вақтинча раис этиб тайинланди. 23 ёшида Халқ таълими вазирининг ўринбосари бўлган Саъдуллаев бир вақтнинг ўзида президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисига биринчи ўринбосар бўлди.
25 ёшли йигитнинг каръераси бунчалик тез ривожланишига шунчаки ҳавас қилиш мумкин. Саъдуллаевнинг иккита лавозимидан муҳимроғи, шубҳасиз Ёшлар Иттифоқи. Ҳаракат раҳбарлигига тайинланишида унинг ёш экани инобатга олингани аниқ. Чунки ёшлар ҳаракатини ёш одам бошқариши мантиққа ҳам тўғри келади.
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
18:17 / 04.10.2024
Бош вазир Абдулла Арипов шахмат федерациясига раислик қилади
16:32 / 14.02.2024
Маҳаллаларда мадҳия айтиш топшириғини Қаҳрамон Қуронбоев бергани маълум бўлди
11:53 / 17.01.2024
Қаҳрамон Қуронбоев президент администрациясидан кетди
23:38 / 19.10.2023