Жамият | 17:14 / 31.08.2019
84765
8 дақиқада ўқилади

“Ҳаммаси бошқача бўлганди”: Вазирлар Маҳкамаси ходимини ишдан кетказган лавҳа муаллифи билан суҳбат

Яқинда қатор сайтларда, ижтимоий тармоқларда Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимининг мурожаатчи тадбиркор билан можароси акс этган видео тарқалди. Лавҳада ходим мурожаат қилган тадбиркорга нисбатан рус тилида ҳақоратли сўзлар ишлатади. Энг қизиғи, орадан бир неча соат ўтиб, яъни зудлик билан бу ходим ўз лавозимидан озод этилгани (ҳайдалгани) тўғрисидаги хабарлар эълон қилинди. Бу маълумотнинг ўзига хос жиҳати шунда эдики, Ўзбекистон тарихида ўз тилига эрк берган масъул ходимнинг бу қадар тез жазоланиши кузатилмаганди.

Лавҳада фақат ўша ходим кўринади, у билан баҳслашаётган, ҳақоратларга нишон бўлган шахс кадр ортида қолган. Фақат унинг “мен ҳам тадбиркорман, оила бошлиғиман” деган эътирозларигина эшитилади.

Биз бугун таҳририятимизга кадр ортидаги ўша қаҳрамон – ёш тадбиркор Жамшид Аҳмедовни таклиф қилдик.

– Жамшид, сизни ўзи Вазирлар Маҳкамаси биносига ким ёки нима етаклаб борганди?

– Бунинг тарихи кўпчилик ўйлаганидан кўра мураккаброқ. Мен беш йилдан буён тадбиркорлик қиламан. Тошкент вилояти Тошкент туманида камида 40, кўпи билан 60 нафаргача ёшларни иш билан таъминловчи, тикувчилик цехи, автосервис каби йўналишларни ўз ичига олувчи “Ёшлар гузари” лойиҳам тасдиқланган. Ёшларга мўлжалланган махсус жамғарма орқали дастлабки маблағни олишим керак эди. Лойиҳа анча йирик – 3,4 млрд сўм сарфлаш режалаштирилган. Аммо ресурс тугаганлиги учун маблағ ажратилиши тўхтаб қолган, табиийки менинг ҳам ишим юришмай турганди.

Шундан сўнг тумандаги мутасаддиларга мурожаат қилдим, масала ҳал этилмаганидан кейин аста-секин республика миқёсига чиқишга мажбур бўлдим. Ҳатто президент админстрациясига ҳам мурожаат қилдим. У ерда аризамни электрон тарзда Вазирлар Маҳкамасига юборишларини айтишди. Мен хатим бўйича кўрилган чорани билиш учун белгиланган рақамга бир неча марта қўнғироқ қилдим, лекин ҳеч ким гўшакни кўтармади. Шундан сўнг у ерга шахсан ўзим бордим.

– Энди ўша можароли вазият қандай туғилганини батафсил тушунтириб берсангиз? У ходим билан олдиндан таниш бўлганмисиз, ўртада қандайдир хусумат бўлмаганми? Одатда бундай видеолар тарқатилганда кўпчилик ғаразли мақсадлар бор-йўқлиги ҳақида ўйлайди.

– Ўртамизда ҳеч қандай хусумат бўлмаган, 14 августгача у кишини танимаганман ҳам. Вазирлар Маҳкамасига бориб, эшик олдидаги қўриқчиларга арзимни айтганимда ичкаридан бир киши чиқди ва ишим бўйича “Нодир ака” исмли ходим шуғулланишини айтишди ва мени бир хонага олиб киришди. Ўша ерда 45 минут кутиб турдим. Фақат қўлидаги телефонга қараб олган бир киши у ёқ-бу ёққа ўтиб турганини айтмаса, хонада мендан ташқари ҳеч ким йўқ эди. Мен чиқавермаганимдан кейин олиб кирган киши келди ва нега ўтирганимни сўради. Мен Нодир акани кутиб турганимни билдирдим. Унинг айтишича, ўша ўтиб-қайтиб юрган инсон Нодир ака бўлган экан. Ўша жойда 45 минут кутганимда телефонлар узлуксиз жиринглашини, лекин ўша кишининг атайлаб кўтармаганлигининг гувоҳи бўлдим. Тасаввур қилинг, Қорақалпоғистондан бир киши ўз хати бўйича сўрамоқчи, жавоб берилмаяпти, атай шунча йўл юриб келиб кетадими?

Жамшид Аҳмедов

Мен олдига кирдим ва салом бериб “Нодир ака сизми?” деб сўрадим. Суҳбатимиз бошиданоқ қовушмагани белгиси шуки, у киши саломимга ҳам алик олмади, кўзини монитордан ҳам узмади ва “Нима эди?” деб сўради. Мен вазиятни тушунтирдим, ишим тўхтаб қолганини, ҳаммаси ресурсга тақалаётгани, ресурслар эса Вазирлар Маҳкамаси буйруғи билан Молия вазирлиги томонидан ажратилишини айтганимда “Сенинг ишинг бизга адашиб келиб қолибди, Президент админстрацияси бизга жўнатмаслиги керак эди. Мен уни керакли жойга жўнатдим”, деди. Жўнатгани шуки, менинг хатим мазмунини ўқиб ҳам кўрмай, мен доимий рўйхатда турган Тошкент шаҳри Олмазор туманига йўналтириб юборган. Ҳолбуки, менинг лойиҳам Тошкент вилояти Тошкент туманида амалга ошириляпти. Шуни тушунтирсам “ақллилик қилма, ҳали ёш боласан” деб қўпол гапирди. Мен ўзим ёш кўринишим мумкин, лекин 27га кирдим, оилалиман, кўп йиллик тадбиркорман. Бундай муомала қилиниши яхши эмас-да.

Шундан кейин яна бир бор вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилдим. У киши: “Бор, қўлингдан келганини қил, терпила”, деб юборди. Ҳақорат аралаштиришга ўтди. Жуда жаҳлим чиқди. Мен ҳали ичкарида бўлган гапларни тўлиқ айтмадим, сабаби, барибир уларни исботлаш иложи йўқ. Ташқарига йўналиб, киришда олиб қолинган телефонимни олдим ва қайтиб кирмоқчи бўлдим. Аммо қўриқчилар киргизишмади. Шунда у кишини чақиришларини сўрадим. Ҳақоратни ҳазм қила олмаётгандим, телефонга туширмасам, барибир ўзим айбдор бўлиб қолаверардим.

Ташқарига чиққанидан кейин айтган гапларини мен интернетга жойлаган видеолавҳа орқали эшитдинглар, бу ёғига нима бўлганидан бохабарсизлар...

– Сизни ҳақорат қилган экан, нега судга мурожаат қилмадингиз?

– Аввало, шундай нуфузли ташкилотларда ҳам бундай инсонлар ишлашини омма билиши керак. Ўз дардини айтувчилар жуда кўп, кўпчилик норози. Аммо нотўғри муомала, ҳақорат қилинганини исботлай олмайди. Мен лавҳани жойлаганимдан кейин кўп ўтмай у ходимнинг ишдан бўшатилгани хабар қилинди. Шунинг ўзи жиддий жазо деб ўйладим, судма-суд юришга вақтим ҳам, тоқатим ҳам йўқ.

– Ўтган вақт давомида нега омма олдига чиқиш қилмадингиз?

– Юқоридаги воқеа 14 август куни юз берганди. У киши ишдан бўшатилганидан кейин бу можарони унутишга ҳаракат қилдим, ўз ишларим билан шуғулланишга киришдим. Аммо яқинда бир нашрда ўша ходимни оқлаб, мени эса бу воқеада айбдор қилиб кўрсатилган бир мақола эълон қилинди. Уни ўқиб жуда жаҳлим чиқди. Қаранг, мени ҳақорат қилган одам оппоғу, мен қоп-қора эмишман. Мақолада “терпила” сўзи ҳақорат эмаслигини билдиришган. Иккинчи томондан эса менинг бу ҳаракатимни йўлларда машиналар тагига атайлаб оёғини тиқиб оладиган, бунинг ортидан моддий манфаат кўзлайдиганларга тенглаштиришган.

Энг қизиғи, мени Вазирлар Маҳкамасидан кредит сўраб боришда, бу ишлар тартибини умуман тушунмасликда айблашган. Юқорида айтдим, тадбиркорлик соҳасида озми-кўпми, тажрибам бор. Аввал қуйи бўғинларга мурожаат қилганман, кейин аниқ тавсияга кўра, телефонга жавоб бермаганларидан кейин Вазирлар Маҳкамасига борганман.

Мақола муаллифи у ходим ҳақида собиқ иш жойидан фикр сўрабди. Қизиқ, ўз ҳамкасби ҳақида ОАВ орқали ёмон фикр айтадиган одам бормикан? Барибир андиша қилади-ку. Иккинчидан, мақоласида у кишининг исм-шарифини сир сақлабдилар-да, меникини бемалол ошкор қилибдилар. Ие, айбсизлик презумпцияси фақат бир тарафлама амал қиладими?! Яна у ходимнинг жаҳлини атайлаб чиқарганим тилга олинган. Мен ундай қилмаганман. У ходим биз каби солиқ тўловчилар ҳисобидан маош олади, мурожаатчиларни қабул қилишга, керакли жавобни беришга мажбур, иши шу. Мана шу ҳолат сабаб мен ҳам етакчи ОАВ орқали ўз шаънимни ҳимоя қилишга қарор қилдим.

– Лойиҳангиз тақдири нима бўлди?

– Шу кунларда ижобий жавоб кутяпман. Маблағ ажратилиши билан иш бошлаймиз. Ишонаманки, кўпчиликка фойдаси тегадиган маскан бўлади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди,
тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид