Гемоглобин камайганини қандай билиш мумкин ва уни ошириш йўли борми?
Сизга B ва C витаминлари ёрдам беради, кальций эса халақит қилади.
Нафассиз ҳаёт йўқ. Бу кундек равшан. Аммо инсон организмида шундай моддалар борки, уларсиз нафаснинг ўзи ҳам кераксизга айланади. Улардан бири — гемоглобин.
Қон таркибидаги оқсиллар шундай аталади. Унинг асосий вазифаси нафас олиш жараёнида қабул қилинган кислород молекулалари билан бирлашиб уларни қон томирлари бўйлаб ташиб, орган ва тўқималарга етказиб беришдир.
Гемоглобиннинг иккинчи, аммо бирдай муҳим бўлган вазифаси — кислород етказиб бериш жараёнида тўқималардаги карбонат ангидрид газини йиғиб, тескари томонга яъни ўпкага ташиш. Биз нафас оламиз ва бизнинг органларимиз ҳаётий фаолиятни давом эттириши учун зарур бўлган кислородни қабул қилади. Биз нафас чиқарамиз ва тўқималарда пайдо бўлган карбонат ангидрид газини тозалаймиз. Гемоглобинларсиз тўлақонли нафас олиш-қайтариш иши иложсиз бўлиб қолади.
Гемоглобин етишмовчилигини қандай аниқлаш мумкин?
Агар ушбу оқсил миқдори кам бўлса, Тана кислородга тўйинмайди. Юрак, мия, бошқа органлар гипоксиядан азият чекишни бошлайди, бу уларнинг ишлаши ва умумий ҳис қилиш ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Анемияга (гемоглабин етишмовчилиги шундай аталади) хос аломатлар пайдо бўла бошлайди:
- Ўзингизни ҳолсиз сезасиз. Худдики, сизда одатий ишларни қилишга ҳам куч қолмагандек.
- Бирор иш бошласангиз, тез чарчайсиз.
- Фикрлашда оқсаётганингизни сезасиз.
- Бош айланиши кўпаяди.
- Жуда рангпар бўлиб қолганингизни айтишади (ёки ўзингиз сезасиз).
- Милклардаги ранги ўчганлик алоҳида акс этади — уларда оч пушти, оққа мойил ранг пайдо бўлади.
- Сизда нафас қисиши осон ва тез-тез содир бўлади.
- Юрак уришингиз тезлашиб бораётганини сезиб турасиз. Ёки баъзида юрак зарбалар қабул қилаётгандай туйилади.
Дарҳол маълум қиламиз: агар ўзингизда гемоглабин миқдори камайганидан шубҳаланаётган бўлсангиз, терапевтга учраш зарур. Шифокор кўрикни якунлаб, катта эҳтимол билан, сизга қон таҳлилини топширишни маслаҳат беради. Бу сиздаги аломатларни нима қўзғатганини аниқлаш учун керак бўлади: бу ростдан ҳам гемоглобин миқдори камайишими ёки бошқа касалликми? Масалан, юрак-қон томир касалликлари анемия аломатлари билан ниқобланиши мумкин ва уларни ўтказиб юбормаслик зарур.
Агар гемоглобин тақчиллиги ўз тасдиғини топса, шифокор унинг сабабларини излашга киришади. Улар кўп, яъни кенг кўламда — то кам зарарлиларидан ўлим даражасидаги хавфлиларигача. Мисол учун, гемоглобин камайиши — ҳомиладорлик ёки озиш мақсадида озиқ-овқатдан тийилишни бошлашда нормал ҳолат. Лекин анемия сабаби сурункали буйрак хасталиклари, жигар циррози, гипотиреоз, қўрғошиндан заҳарланиш, ички қон кетиши, турли хилдаги саратон бўлиши ҳам мумкин. Умуман олганда, ушбу нохуш ҳолатларни инкор этиш учун шифокор билан маслаҳатлашиш керак.
Гемоглобинни қандай кўтарамиз?
Организмда ҳеч қандай ёмон касаллик аниқланмайди деб ният қиламиз. Шундай ҳолатда гемоглобин даражасини нормага келтириш учун овқатланиш рационини тартибга солишнинг ўзи етарли бўлади. Натижага бехато эришиш учун баъзи тавсияларни келтирамиз:
1. Темирга бой маҳсулотларни истеъмол қилинг
Организмда гемоглобин ишлаб чиқарилиши учун унга темир жуда зарур. Ушбу микроэлемент етишмовчилигида анемиянинг энг кенг тарқалган турларидан бири — темир тақчиллиги ривожланади. Шунинг учун, гемоглобин миқдори пастлаши кузатилиши билан биринчи навбатда темирга бой маҳсулотларга мурожаат қилинг:
- гўшт ва балиқ;
- жигар ва бошқа ичак-човоқлар (калла-поча) — буйрак, юрак, сигир елини;
- исмалоқ, карам ва бошқа яшил баргли сабзавотлар;
- брокколи;
- ловия ва ясмиқ (чечевица);
- товуқ тухуми;
- ёнғоқ ва писталар;
- қуруқ мевалар.
2. Менюга таркибида фолий кислотаси мавжуд маҳсулотларни киритинг
Фолий кислотаси В гуруҳига кирувчи витаминлардан биридир. У организмда гемоглобин ишлаб чиқарилишида қатнашувчи муҳим таркибий қисм ҳисобланади. Агар ушбу модда миқдори истеъмол қилинувчи озиқ-овқат таркибида етарли даражада бўлмаса, фолий етишмовчилиги туридаги анемия авж олиши хавфи келиб чиқади.
Қуйидагилар фолий кислотаси манбаси ҳисобланади:
- баргли кўкатлар (исмалоқ, салат барги), кале карами;
- дуккаклилар — ловия, нўхот, ясмиқ;
- сарсабил;
- товуқ тухуми.
3. С витаминини ёдда тутинг
Етарли миқдордаги темир моддасини тановул қилинувчи маҳсулотлар ёки биоқўшимчалар орқали қабул қилиш муҳим, албатта. Аммо бундан ҳам муҳимроғи — ушбу микроэлемент ўзлаштирилишини таъминлашдир. Организмдаги С витамини овқатдан янада кўпроқ темир қабул қилиб олишга замин яратади.
Уни қуйидаги маҳсулотлардан изланг:
- цитрус мевалар — апельсин, мандарин, грейпфрут;
- қулупнай;
- қорағат;
- яшил баргли сабзавотлар — исмалоқ, карам.
4. А витамини эсдан чиқмасин
А витамини ва бета-каротин (унинг ўсимликларда мавжуд шакли) ҳам озиқ-овқат таркибидаги темир моддаларини самарали ўзлаштиришга ёрдам берувчи муҳим элементлар ҳисобланади.
Ушбу витаминга бойлиги жиҳатидан юқори турувчи маҳсулотларнинг қисқа рўйхатини келтирамиз:
- жигар, айниқса мол жигари, хусусан колбаса ва паштет шаклида;
- балиқ жигари ёғи;
- батат (ширин картошка);
- исмалоқ;
- қовоқ.
5. Темир моддасини ўзлаштиришни қийинлаштирувчи маҳсулотлар истеъмолига ружу қилманг
Бунга кальцийга бой маҳсулотлар қодир:
- нордон сут маҳсулотлари — йогурт, кефир, творог;
- соя ва шу таркиблилар: соя гўшти, тофу ва бошқалар;
- анжир.
Нозик фарқ мавжуд: кальцийни бутунлай чеклаш ярамайди, ахир у ҳам организм учун зарур. Муҳими меъёрни билиш. Бир стакан кефир ёки бир жуфт анжир меваси салбий таъсир кўрсатмайди ва айниқса уларни темирга бой маҳсулотлардан алоҳида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, микроэлемент сўрилишини чой ва кофе ҳам қийинлаштиради.
6. Таркибида темир сақловчи био-қўшимчалар қабул қилинг
Энг муҳими — бундай қўшимчаларни ўзбошимчалик билан танламанг. Ушбу вазифани фақатгина шифокор бажариши керак. Гап шундаки, дорихоналардаги темирга бой био-қўшимчалар таркибида бошқа моддалар — микроэлементлар ва витаминлар ҳам мавжуд.
Агар бу турдаги препаратлар назоратсиз қабул қилинса, хавфсиз дозани ошириб юбориш мумкин. Бунинг натижасида, масалан, А витамини гипервитаминози келиб чиқиши мумкин — жуда нохуш ҳолат бўлиб, бош оғриғи ва суякларда оғриқлар, соч тўкилиши, кўриш қобилияти пасайиши ва бошқа оқибатларга олиб келади.
Темир моддаси керагидан ошиб кетиши ҳам таҳликалидир. У гемохроматоз номи билан аталувчи жигар, ўт пуфаги, қалқонсимон без, юрак-қон томир тизими касалликлари ва ҳатто ракнинг баъзи турлари ривожланиши хавфи ортиши ҳолатини чақириши мумкин.
Мавзуга оид
13:16 / 09.03.2021
Қон босимини дориларсиз туширишнинг асосий усуллари маълум қилинди
15:50 / 24.10.2020
Болаларда анемия ташхисини қўйиш учун қандай текширувлардан ўтиш керак – мутахассис изоҳи
12:45 / 23.10.2020
Анемия билан оғриган болаларда инфекцион хасталикларга чалиниш хавфи юқори – мутахассис
08:49 / 02.10.2020