«Уларнинг сочлари қорайиб, янги тишлари ўсиб чиқмоқда...» — 80 ёшли қизи қарамоғидаги 120 ёшни қоралаган онахон
Инсон туғилади, яшайди ва дунёдан кўз юмади. Бу ҳаёт цикли. Кимдир бир йил, кимдир олтмиш йил умр кўрса, яна кимдир бир асрдан ортиқ вақт умргузаронлик қилади. Олимлар узоқ умр кечиришни турли сабабларга боғлашади. Уларнинг аксари соғлом ҳаёт, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиш ва тўғри овқатланишни узоқ умр кўриш омиллари сифатида келтиради. Теологик назарияларда эса руҳий сокинлик узоқ умр кечиришнинг гарови экани тушунтирилади.
Аҳолиси узоқ умр кечириши бўйича юқори рейтингларни Монако, Япония, Сингапур ва Исландия каби денгизбўйи мамлакатлари эгаллайди. Бу мамлакатларда одамлар ўртача 85-89 йил яшашади. Юз ёшдан ошган фуқаролар сони бўйича ҳам мазкур давлатлар юқори кўрсаткичларга эга.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда одамлар ўртача 73,3 йил умр кўради. Юздан ошган фуқаролар сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Мана шундай юртдошларимиздан бири сал кам 120 ёшни қаршилаган, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи онахон Райҳон Дилова бўлади. Биз ушбу онахоннинг невараси Худоберди Холов билан суҳбатлашдик.
Унинг айтишича, Райҳон хола асли Бухоро вилояти Вобкент туманида туғилган, кейинроқ Ғиждувонга кўчиб ўтган. Райҳон холанинг бир опаси ва икки синглиси бўлган, улар ёруғ оламни тарк этишган. Турмуш ўртоғи Билбек Норов ҳам 1993 йили 93 ёшида оламдан кўз юмади. Уларнинг икки қизи бўлган. Катта қизи вафот этган, кичкина қизи Холбиби Холова 1940 йилда туғилган ва ҳозирда ҳаёт. Райҳон холанинг 30 нафар чевараси ва 8 нафар эвараси бор.
«Қариндош-уруғлар энамизнинг ҳолидан хабар олиб туришади. Бундан ташқари, ҳар байрамда қўни-қўшнилар, ҳокимликдаги мутасаддилар ва маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари уларни йўқлаб туришади.
Энамизнинг қулоқлари эшитмайди, кўзлари деярли кўрмайди, лекин шунга қарамай, анча дадил. Бизни ҳидимиздан таниб оладилар.
Эрталаб уйғонгач, бир коса ширин чой ичадилар. Тушликда суюқ овқат тановул қиладилар. Соат 16:00лар атрофида бир дона уй тухуми ейдилар. Кечки овқатга эса бақувватроқ бўлган бирор гўштли овқат тайёрлаб берамиз. Чучвара, сомса ва паловни хуш кўрадилар. Меваларни ҳам доим севиб истеъмол қиладилар.
Шифокор игнасини ёқтирмайдилар. 2011 йил озгина шамоллаганларида даволатдик. Шундан бери, Яратганга шукр, соғ-саломатлар. Ҳозирда уларнинг сочлари қораймоқда, янги тишлари ўсиб чиқмоқда, овозларида ҳам тиниқлашиш кучайган. Юз ёшдан ошса инсонда шу ҳолат кузатилар экан-да. Илоҳим бизнинг бахтимизга соғ-омон юрсинлар», - дейди невараси Худоберди Холов.
Яқинларининг айтишича, Райҳон Дилова узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлган, колхозларда ишлаган. Тинмай меҳнат қилган онахон ҳозир ҳам ташқарига чиқиб табиат қўйнида дам олиб туришни канда қилмайди. Биз ҳам Райҳон Диловага саломатлик тилаб, яқинлари бахтига умрлари янада узоқ бўлишини ва Гиннесснинг рекордлар китобига киришини тилаб қоламиз.
(Райҳон Дилованинг яқинда олинган биометрик паспортларида туғилган куни биринчи январь қилиб кўрсатилган. Қизининг айтишича, бу тахминий сана ҳисобланади, лекин унинг туғилган йили 1900 йиллиги аниқ).
Зафарбек Солижонов суҳбатлашди
Мавзуга оид
12:33 / 13.12.2024
Бухорода 2,6 млн долларлик криптоактивлар билан савдо қилган 17 ёшли ўсмир ушланди
10:24 / 02.12.2024
Бухоро вилояти ҳокимига икки нафар янги ўринбосар тайинланди
13:41 / 30.11.2024
Президент йиғилишидан кейин Бухородаги учта туман ва бир шаҳарда ҳоким ўзгарди
11:34 / 08.10.2024