Ўзбекистон | 08:01 / 10.09.2019
61020
6 дақиқада ўқилади

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Қуйидагилар Агентликнинг идоравий бўйсунувига ўтказилди:

Президент мактаблари;

тасдиқланган штат жадвалини ва уларни молиялаштиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари ҳузуридаги Абдулла Орипов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Муҳаммад Юсуф, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий, Ҳалима Худойбердиева ва Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ва Абу Али Ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни самарали амалга ошириш;

давлат таълим стандартларига мувофиқ Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ягона шаклда мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқув-тарбиявий жараёнига илғор таълим шакллари, педагогик технологиялар ва ахборот янгиликларини жорий этиш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларида ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат, бағрикенглик туйғуларини, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга нисбатан ҳурматни шакллантириш, уларнинг маънавий, ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний ривожланиши даражасини янада ошириш;

халқаро ташкилотлар ва экспертларни жалб қилган ҳолда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар педагогик кадрларини танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва уйғунлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ушбу муассасалардаги бино ва иншоотлардан фойдаланиш бўйича ишларни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш.

Белгилаб қўйилишича:

Агентлик республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Агентликнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ўрнатиладиган давлат таълим стандартлари Агентлик томонидан тасдиқланади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошидаги “O‘qituvchi” илмий-услубий нашриёт маркази Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмаларни тайёрлаш ва нашр этиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштиради;

Марказ Агентлик буюртмаси асосида давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмаларнинг, шу жумладан, электрон кўринишда тайёрланиши ва нашр этилишини таъминлайди ва улар кейинчалик Агентлик томонидан тасдиқланади.

Агентлик иш самарадорлигининг қуйидаги энг муҳим кўрсаткичлари белгиланди:

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчиларида, шу жумладан, ватанпарварлик, Ватанга беқиёс муҳаббат ва содиқлик туйғуларини, миллий ва умуминсоний қадриятларга нисбатан чуқур ҳурматни шакллантиришга йўналтирилган таълим-тарбия жараёни сифатини ошириш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларининг давлат ва чет тилларини мукаммал билиши;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга малакали ва тажрибали, чуқур билимларга эга, давлат ва чет тилларини, замонавий педагогик технологиялари ва ўқитишнинг инновацион услубларини биладиган педагогларни жалб қилиш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларининг олий таълим муассасаларида таълим олишни давом эттиришлари учун, шу жумладан, ихтисослаштирилган олий таълим тизимининг фаолият юритиши орқали керакли шароитларни яратиш;

Президент мактаблари битирувчиларининг камида 20 фоизи халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида олий таълим муассасалари орасида дастлабки 1 000 та поғонани эгаллаган етакчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириши;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, республика аҳамиятига эга бошқа ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, йирик компания ва бирлашмаларга ишга жойлашишда кўмаклашиш;

ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий қилган ҳолда талаб юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар сонини кўпайтириш;

барча Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда миллий ва жаҳон адабиёти, мусиқа, кино, ҳайкалтарошлик, амалий санъат ва бошқа ижодий йўналишлардаги асарларга эга бўлган замонавий кутубхоналарнинг ишлаши;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ўқув-услубий жараённи автоматлаштиришни таъминлаш ва уларни юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқув жараёнига таълимнинг илғор шаклларини, педагогик технологиялар ва ахборот янгиликларини жорий этиш мақсадида хорижий таълим ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни замонавий спорт зал, инвентарь, ускуна ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш.

Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу бандда назарда тутилган мақсадли кўрсаткичларни ўз вақтида бажариш ва уларга эришиш бўйича чоралар кўради.

Агентлик ҳузурида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Мавзуга оид