Спорт | 14:30 / 18.09.2019
15763
7 дақиқада ўқилади

Роналду Фелишга қарши, «ПСЖ» ва «Реал» — Неймар ва Рамоссиз. Кун ўйинлари анонси

Чоршанба оқшомида Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 1-тури доирасида яна 8та учрашув бўлиб ўтади.

Асосий актёрларсиз катта ўйин

А гуруҳи
«ПСЖ» — «Реал»
«Брюгге» — «Галатасарой»

Париждаги ўйин чоршанба оқшомининг энг жарангдор ўйинидир. Лекин бугун майдонда мухлислар истаганидек юлдузли таркиблар ҳаракатланмайди. «ПСЖ» ЕЧЛ старти арафасида ҳужум чизиғининг асосий футболчиларисиз қолди, Килиан Мбаппе ва Эдинсон Кавани жароҳат олди, Неймар эса ўтган мавсумда олинган дисквалификациясини ўтамоқда. Сешанба куни Неймарнинг дисквалификацияси 3тадан 2тага туширилгани маълум бўлди ва у энди гуруҳ босқичининг 3-туридан жамоасига ёрдам беришга киришиши мумкин.

«Реал»да эса асосий муаммолар мудофаа чизиғи билан боғлиқ. Серхио Рамос ва Начода дисквалификация бор, Зидан энди ҳимоя марказига Варан ва жамоанинг янги ҳимоячиси Милитаодан иборат жуфтликни туширишга мажбур. Мураббий майдон марказида ҳам муаммоларга эга, Модрич, Асенсио ва Иско жароҳатлар туфайли ўйинда иштирок эта олишмайди. Бундай вақтда ҳатто Хамес Родригесга таяниш мумкин бўлиб қолади. Колумбиялик футболчи яқин ойлар давомида жамоанинг асосий таркиб футболчиси бўлиб туриши кутилмоқда.

Ўзаро учрашувлар статистикаси мезбонлар фойдасига эмас. Ўтказилган 7 ўйинда «ПСЖ» фақат бир марта ғалаба қозонган ва бир марта дуранг ўйнаган. Аммо «Реал» мавсумни ишончли бошлай олмаганидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, французлар ўз майдонида биринчи марта мадридликларни енгиш имкониятига эга

«Олимпиакос» нима қила олади?

В гуруҳи
«Олимпиакос» — «Тоттенҳэм»
«Бавария» — «Црвена Звезда»

Бу гуруҳда иккита яққол фаворит бор: «Бавария» ва «Тоттенҳэм». Лекин қолган икки жамоа ҳам гуруҳ босқичида сенсация кўрсата олади.

Чемпионлар лигасининг ўтган мавсумдаги финалчиси еврокубокнинг янги мавсумини «Олимпиакос»га қарши ўйин билан бошлайди. Греклар клуб мавсум стартини ажойиб ўтказмоқда, бу жамоа ЕЧЛнинг гуруҳ босқичига чиқиш йўлида «Виктория» (Пльзень), «Истанбул» ва «Краснодар» клублари тўсиғидан ўтди. Бу  жамоа таркибида испан қамоқхонасида 5 ой вақт ўтказгач фаолиятини қайта тиклаган Рубен Семеду, «Спортинг»дан кетгач ўйини очилган Даниэл Поденсе ҳамда иккинчи ёшлигини ўтказаётган Матье Вальбуэна бор.

«Тоттенҳэм» икки йилда илк марта янги футболчилар учун маблағ сарфлади. Аммо Маурисио Покеттино ҳамон эски таркибга ишонч билдирмоқда. Аммо у журналистлар билан мулоқотларида камида ўтган мавсумдаги натижани такрорламоқчилигига ишора қилмоқда.

«Манчестер Сити» яққол фаворитми?

С гуруҳи
«Шахтёр» — «Манчестер Сити»
«Динамо» З — «Аталанта»

Гуруҳ босқичига қуръа ташланганидаёқ ҳамма «МС» шубҳасиз энг осон гуруҳга тушгани ҳақида гапирди. Дебютант «Аталанта», ўтган мавсумда Европа Лигасида иштирок этган Загреб ва мураббийни алмаштирган «Шахтёр». Умумий нархи бир миллиард евродан ошадиган таркиб учун мисоли енгил сайр.

Аммо, Манчестер осмони устида булутлар пайдо бўлди. Дам олиш кунларида «Сити» Англия чемпионатида дебютант «Норвич»дан сенсацион равишда мағлуб бўлди (2:3). Бундан маълум бўлиб қолдики, Гвардиоланинг футболи у қадар даҳшатли эмас, уни ҳам енгса бўлади. Нисбатан тажрибали ва яхшироқ таркибга эга бўлган «Шахтёр» нима учун бу ишнинг уддасидан чиқмаслиги керак? Ҳа, украинлар клубида шу ёзда мураббий алмашди, аммо улар бу ишни моҳирлик билан амалга оширишди: бир талантли португал Паулу Фонсеки ўрнига бошқаси келди — Луиш Каштру. Шундай экан, «шаҳарликлар» биринчи турга тўғри келган сафар учрашувида чиндан гуруҳ фаворити эканини исботлаши керак бўлади. Бу ўйинда инглизларнинг осон ғалабаси кафолатланмагани аниқ.

Роналду ва Фелиш: барча шоу кутмоқда

D гуруҳи
«Атлетико» — «Ювентус»
«Байер» — «Локомотив»

«Атлетико» ва «Ювентус» ўтган мавсумда ЕЧЛнинг 1/8 финалида ўзаро тўқнаш келган ва барчанинг хотирасида қолган ўйинларни ўтказишганди. Аввалига Диего Симеоне жамоаси Мадриддаги «Ваньда Метрополитано» стадионидаги ўйинда осон ғалабани тантана қилган (2:0), жавоб учрашувида эса Роналду ҳет-трик амалга ошириб, итальянларни кейинги босқичга олиб ўтганди.

Мавсумлар оралиғида эса икки жамоада ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берди. «Атлетико» таркибини деярли бутунлай янгилади. Клуб Гризманн бошчилигидаги бир қатор асосий футболчиларини сотиб юборди ва бу трансферлардан клуб ғазнасига жами 371 миллион евро пул келиб тушди, бу пулнинг қарийб 270 миллион евроси янги футболчилар харид қилиш учун сарфланди.

«Ювентус»да футболчилар ҳозирча янги мураббий Маурицио Саррининг ғояларига мослашиш жараёнида. Ўз навбатида Симеонеда ҳам муаммолар бор, матбуотда «Реал Сосьедад»га қарши мағлубиятли ўйиндан (0:2) кейин саволлар пайдо бўлган.

Ўйиндаги асосий интрига икки португалиялик қарама-қаршилиги бўлади: 19 ёшли Жоау Фелиш 34 ёшли Криштиану Роналдуга қарши. «Ювентус» юлдузи ЕЧЛ ўйинларида «Атлетико» дарвозасига 7та гол уриб қўйган (иккита ҳет-трик) — бу голларнинг барчаси уй учрашувларида урилган. У ўз анъанасини бузиб, сафар ўйинида ҳам гол ура оладими? Фелиш эса эндигина жамоа етакчиси бўлиш қандайлигини билиб бормоқда. Бу оқшомда у жаҳон футболининг асосий икки футболчисидан бирини сояда қолдиришга муваффақ бўла оладими?

Мавзуга оид