Иқбол Мирзо: «Тўйларимиз мамлакатни урушсиз вайрон қиладиган аҳволга келиб қолди»
Бугун, 20 сентябрь куни, Олий Мажлис Сенати биносида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг дастлабки мажлиси ўтказилди. Унда сенаторлар ва депутатлар томонидан қабул қилинган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори ижросини таъминлаш масалалари ўзаро муҳокама қилинди. Анжуманда Комиссия раиси, сенатор Иқбол Мирзо қўшма қарор бўйича халқнинг муносабати, ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида фикрларини билдирди.
“Ушбу қўшма қарор қабул қилингандан кейин ижтимоий тармоқда жуда кўплаб муҳокамалар бўлди. Асосий кўтарилган масала бу фуқароларнинг Конституцияда белгиланган эркинлик ҳуқуқларини чеклаб қўймайдими, деган мунозаралардир. Бу чекловларни ёқтирмаган одамлар турли йўллар билан найранг қилишга ҳаракат қилишди. Юристларимиз бу фикрни кескин рад қилиб, бу ерда инсоннинг ҳеч қандай ҳуқуқлари бузилмаганлигини асослаб беришди. Биз одамларга тўйини тартибли ўтказишларини, ортиқча дабдаба қилиб камбағал одамларнинг иззат-нафсига тегмасликларини, бошқаларнинг тинчини бузмасликларини сўраяпмиз, холос. Уларни инсофга қайтармоқчимиз. Агар инсофга чақириш Конституцияга зид келса, буни алоҳида кўриб чиқиш керак.
Муҳокамаларга сабаб бўлган иккинчи масала - тўйларга ички ишлар ходимлари аралашуви. Мақсад тўй ҳақида ички ишлар бошқармаларини хабардор қилиб қўйишдир. Уларнинг вазифаси тўй кортежлари ҳаракатланаётганда хавфсизликни таъминлаш, тўйхоналарда тартибни сақлаш ҳисобланади. Одамлар ички ишлар ходими тўйхоналарга кириб меҳмонларни санайдими, деган фикрга боришяпти. Ундай эмаслигини тўғри тушунтиришимиз керак.
Ўтган йили тузилган комиссия ўз фаолиятини давом эттиради. Ҳар бир ҳудудда вакиллар бор. Бизга қўйилаётган талаб шуки, одамларга ортиқча ваҳималарсиз, тўғри тушунтира олишимиз керак. Бойлар шунақа дабдабади тўйларни ўтказаётганлиги учун жамият иккита табақага ажралиб қолди. Бу урушсиз мамлакатни хонавайрон қилиш деганидир. Тўйларимиз бизни шунақа ахволга олиб келиб қўйди.
Иқбол Мирзонинг таъкидлашича, сенатор ва депутатларнинг ушбу қарори халқ учун жуда зарур эди. Баъзи одамлар бошқа муҳим ва ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар ҳам бор, қонун чиқарувчилар бекорчими, деб иддао қилишди. Аслида, бу муаммо анча йиллардан бери халқни эзиб келяпти ва у тартибга солинишга муҳтож.
Мавзуга оид
17:03 / 29.11.2024
Ўзбекистон йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда — Сенат
16:12 / 22.11.2024
Танзила Норбоева Россияда МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида иштирок этди
18:37 / 17.11.2024
Ҳудудлардан сайланган сенаторлар эълон қилинди
22:55 / 16.11.2024