Ўзбекистон | 13:39 / 11.10.2019
10366
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг МДҲдаги раислигида қайси йўналишларга устувор аҳамият қаратилиши маълум бўлди

Фото: ТАСС/Шарифулин Валерий

Ўзбекистон Ашхободда бошланган саммитда 2020 йил МДҲга раислик қилиш бўйича ўз концепциясини тақдим этади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«2020 йилда Ўзбекистон ташкилот раислигини қабул қилиб олади. Биз бир қатор муҳим тадбирлар ва давлат раҳбарлари саммитини ўтказамиз. Ўзбекистон раислик қилишдан олдин яхши тайёргарлик ишларини амалга оширди. Ўзбекистоннинг 2020 йилда МДҲга раислик қилиши бўйича концепция ишлаб чиқилган ва у Ашхобод саммитида тақдим этилади», - деди Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг ўринбосари Санжар Валиев.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда Ўзбекистон ушбу ташкилотда ўзини қандай кўраётганига доир асосий устуворликлар акс этади.

«Анъанага кўра, биз иқтисодий ривожланиш масалаларига катта эътибор қаратамиз. Бундан ташқари, хавфсизлик масалалари ҳам эътибор марказида бўлади», - дея қўшимча қилди Валиев.

Шунингдек, у ушбу концепция барча асосий йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутишини таъкидлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон томони 2030 йилгача МДҲни янада ривожлантириш концепцияси лойиҳасини якунлашни режалаштирмоқда.

«Концепция келгуси ўн йилликда ташкилот қайси томонга қараб ҳаракатланиши бўйича ўзига хос тизим бўлиб хизмат қилади. 2008 йилда биринчи шундай концепция қабул қилинди. Энди бизда янги концепцияни якунлаш учун саъй-ҳаракатлар қилиш учун имконият бор», - дея хулоса қилди Валиев. 

Мавзуга оид