Ўзбекистон | 19:27 / 19.10.2019
38531
3 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ бодикамералар билан ишлаш жараёнига ойдинлик киритди

Бугунги кунда Тошкент кўчаларида йўл-патрул хизматлари ходимларига бериладиган бодикамералар синовдан ўтказилмоқда. Шу муносабат билан, ИИВ ЙҲХББ ҳайдовчиларга ушбу тизим қандай ишлаши хусусида ахборот бериб, ҳайдовчиларни «Йўл қоидалари»га қатъий риоя қилишга чақирди. 

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Матбуот хизмати йўл-патрул хизмати ходимларига бериладиган бодикамералар ҳамда улар билан хизмат вазифасини олиб бораётган ходимларнинг ишлаш тартиби хусусида маълумот берди. Унда, ҳайдовчини тўхтатган ЙПХ ходимининг ўзини таништириши ва бошқа огоҳлантириш қай тарзда амалга оширилиши юзасидан ахборот берди

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишлар самарадорлиги ошириш мақсадида “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги қарорига асосан ЙПХ инспекторлари ўз хизмат вазифаларини бодикамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб боришлари белгиланган. Ходим бодикамера билан ишлаш жараёнида йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганидан кейин унинг олдига боради, ўзини таништириб, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот беради. Ҳайдовчининг талабига кўра, кўкрак нишон белгисини маълум қилиб, хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатади. 

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Бунда энг муҳими, йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилади ва келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун ундаги видеоёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида мобиль видеокамераларни тест режимида синовдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. Синов давомида камералар турли об-ҳаво шароитларида, турли кўринишларда, ҳар хил ҳолатларда, вазиятларда ишлатиб кўрилади.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Синов текширувларида аниқланган камчиликлар эса камераларни ишлаб чиқарувчиларга етказилиб, бартараф этилади. Шунингдек, маълумотларни сақлаш қурилмалари, дастурий таъминот ҳам синовдан ўтказилади. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, баҳс-мунозаралар келиб чиқмаслиги, айнан мана шу қурилма ҳамда дастурий таъминотнинг тўғри ва аниқ ишлашига боғлиқ.

Айтишга осондек бўлиб кўринган бу вазифалар замирида катта меҳнат турибди. Чунки, ҳар қандай янгиликни жорий этиш осонлик билан амалга ошмайди. 
Мобиль видеокамераларнинг ишга туширилиши биринчи навбатда шу соҳа вакиллари учун зарур. Сабаби, камералар орқали вазиятни доимо назорат қилиб туриш имконияти ошади. Назорат кучайтирилган жойда эса бошқа ҳолатлар, тушунмовчиликлар келиб чиқмайди. Камералар оқни оқ, қорани қора қилиб кўрсатиб беради. 

Шу муносабат билан барча йўл ҳаракати иштирокчиларини “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъий амал қилишга чақирамиз. Унутманг, ЙПХ инспектори билан ўзаро муносабатингиз мобил видеокамералар нигоҳида турибди», - дейилади хабарда. 

Мавзуга оид