Жаҳон | 11:50 / 22.10.2019
57653
3 дақиқада ўқилади

Халқаро арбитраж суди «Туркуаз» иши бўйича қарор чиқарди

Жаҳон банкининг Халқаро арбитраж суди Ўзбекистонга туркиялик тадбиркорга 40 миллион доллар тўлаш мажбуриятини юклади.

Global Arbitration Review нашри маълумотига кўра, Жаҳон банкининг Халқаро арбитраж суди Ўзбекистон ҳукумати туркиялик тадбиркор Воҳид Гунешга тегишли бўлган Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd компаниясига мусодара қилинган мол-мулкининг компенсацияси сифатида 40 миллион доллар тўлаши кераклиги ҳақида қарор чиқарган.

2004-2011 йилларда Тошкентда фаолият кўрсатган Turkuaz савдо марказига асос солган, айни вақтда 50 ёшда бўлган туркиялик Воҳид Гунеш 2012 йил апрелида Ўзбекистон ҳукумати томонидан мусодара қилинган мулкларини қайтариб олиб беришини сўраб, халқаро арбитраж судига мурожаат қилганди.

Жаҳон банки гуруҳининг Инвестицион баҳсларини ҳал этиш бўйича халқаро маркази (ICSID) қарорини эълон қилган нашр маълумотига кўра, ушбу иш бельгиялик судья Ганс ван Хоугте раислигида 7 йил давомида кўриб чиқилган ва 4 октябрь куни якуний қарорни чиқарган, унга кўра, туркиялик тадбиркорга у талаб қилган сумманинг тўртдан бир қисмини тўлаш мажбурияти юкланган.

Даъвогар эса арбитраж қароридан қониқиш ҳосил қилганини, айни вақтда Ўзбекистонда бизнес юритиш учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигини айтиб ўтган.

«Айтишганидек, шариат бўйича кесилган бармоқ оғримайди. Биз ICSID чиқарган қарордан мамнунмиз, бу адолатли қарор бўлди! Биз кўпроқ сўрагандик, аммо барибир розимиз. Катта миқдорда пул йўқотишдан ташқари, мен 9,5 ой давомида тергов изоляторида ўтирганман. Мен судга тергов изоляторида менга нисбатан қўлланган қийноқлар бўйича ҳам мурожаат қилгандим. Аммо, афтидан, суд бу жиҳатга эътибор қаратмаган кўринади», деган Воҳид Гунеш.

У шунингдек, икки йил муқаддам Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти Шавкат Мирзиёев унга қайтишни таклиф қилгани ҳақида эслаган. Унинг сўзларига кўра, айни вақтда Ўзбекистонда бизнес юритиш учун ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас.

Гунеш Ўзбекистонда 2004 йилдан 2011 йилгача савдо билан шуғулланган ва «Туркуаз»дан ташқари, «Амир Темур» хиёбонидаги марказга, Тўйтепадаги истироҳатгоҳга, Самарқанддаги савдо марказига, Олмалиқ ва Юнусободдаги дўконларга эгалик қилган. 2011 йилда эса унинг фаолиятини текшириш бошланган, у ва туркиялик ҳамкорлари қўлга олинган, улар солиқдан қочиш ва «соядаги иқтисод ривожланишига кўмаклашиш»да айбланган. Кейинчалик уларнинг мулклари мусодара қилинган. Гунеш ва унинг ҳамкорлари Ўзбекистон ҳукуматига 700 минг доллар тўлашгач, уларга қарши илгари сурилган айбловлар юмшатилган, уларнинг ўзи мамлакатдан чиқариб юборилган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, арбитраж ишининг таҳлили бир қарашда Ўзбекистон фойдасига бўлмасада, лекин қабул қилинган қарорда даъво суммасининг бир қисмигина қаноатлантирилгани пухта ишланган ҳимоя тизим ишлаганлигини ҳам инкор этмайди.

Энди Ўзбекистон томони ҳам мазкур масала бўйича маълумотларни тақдим этилиши кутилади.

Мавзуга оид