АҚШдаги элчихона консуллик рўйхатида турувчи ўзбекистонликларнинг умумий сони очиқланди
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси консуллик рўйхатида турувчи ўзбекистонликларнинг умумий сони 3700 кишини ташкил этади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг 25 октябрь куни бўлиб ўтган семинарида маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирлигига кўра, семинарда Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов Америка Қўшма Штатлари ҳудудида иккита сайлов участкаси – Вашингтон шаҳридаги элчихонада 12-сон ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонада 33-сон сайлов участкалари ташкил этилганлиги тўғрисида ахборот берди. Иккала участка сайлов комиссияларининг таркиби шакллантирилган.
Қайд этилишича, дипломатик ваколатхоналар томонидан АҚШ ва Канада ҳудудида вақтинча ёки доимий яшайдиган Ўзбекистон фуқаролари ўртасида сайловчилар рўйхатини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Дипломатик миссия берган маълумотга кўра, ҳозирги пайтда консуллик рўйхатида турувчи Ўзбекистон фуқароларининг умумий сони 3700 кишини ташкил этиб, уларнинг 740 нафари Вашингтон шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасида ва 2960 нафари эса Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонада консуллик рўйхатига олинган.
Бўлажак парламент сайловида сайлов участкаларидан узоқда яшовчи ватандошларнинг фаол иштирокини таъминлаш учун Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари томонидан диаспора ташкилотлари, жумладан Туркистон-Америка ассоциацияси (Нью-Йорк шаҳри), АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари конгресси (Нью-Йорк шаҳри), Катта Филадельфиядаги ўзбекистонликлар ҳамдўстлиги (Пенсильвания штати), «Ватандош» ташкилоти (Пенсильвания штати), Чикаго шаҳридаги Ўзбекистон-Америка ассоциацияси (Иллинойс штати), Атлантадаги ўзбек жамияти (Жоржия штати), Америка давлатларидаги Ўзбекистон ёшлар ассоциацияси (Вашингтон шаҳри) ва ўзбекистонликларнинг бошқа бирлашмалари билан биргаликда тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бўлажак сайловида АҚШнинг нуфузли халқаро кузатувчилари иштирок этишини таъминлаш учун элчихона Ўзбекистон Сенати раҳбарияти билан биргаликда Вашингтон шаҳрида АҚШ конгрессменлари, сиёсий арбоблари ва ноҳукумат ташкилотларнинг экспертлари иштирокида қатор брифинглар ўтказилиб, ҳамкорларга сайловга тайёргарлик кўришнинг бориши, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва сайлов шаффофлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Мавзуга оид
10:31
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024