Низомга қандай зарурат бор эди? АОКА расмийси қонунга зид изоҳларни ўчириш механизми ҳақида
Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан тайёрланган, веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогерга хабарнома олган пайтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан қонунчиликка зид ахборотни ўчириши ва агентликни бундан хабардор қилиши назарда тутилган ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида бўлиб турибди.
Kun.uz сайти ушбу масала юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов билан суҳбат ўтказди.
– Дилшод ака, Низом лойиҳаси ишлаб чиқилди ва таклифлар билдирилмоқда. Ушбу Низомга қандай эҳтиёж ёки зарурат бор эди?
– Таъкидлаш лозимки, бу ҳали лойиҳа ва унинг устида иш олиб бориш учун порталга қўйилган. Агентлик мамлакатдаги ахборот майдонини мониторинг қилади. Зиммамиздаги вазифаларимиздан бири – ахборот хавфсизлигида қатнашишдир. Бу кўтарилган норма 2014 йилдан бери амалда келмоқда, аслида. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган бўлиб, унинг 12-1-моддасида, блогерларга таъриф берилган ва унда қонунга хилоф ахборотлар масаласи белгилаб ўтилган. Моддада шунингдек, ҳар қандай жавобгарлик келтириб чиқарувчи ҳолатлар ҳам назарда тутилган. 2014 йилдан бери бу қоида амалда, бироқ ҳеч ким бунга эътибор қаратмаган.
Блогерлар, ижтимоий тармоқлар, ОАВ кучайгани сари халқ эркин фикрини ифода этиши нормал ҳолат. Лекин ҳеч ким бу қоидадан келиб чиқиб иш тутмаган. Уларнинг ичида кўплаб қонунга зид ахборотларни учратишимиз мумкин. Бу норма қоидаларидан келиб чиқиб, агентлик буни ҳаммага эслатди ва бу бироз эътирозларга сабаб бўлди. Блогер ва журналистларга бу бўйича тушунтириб ўтилди. Веб-саҳифа, мессенжер эгалари ва блогерлар ўзларининг хабар ва постларининг остига қолдирилган изоҳларни ҳам кузатишлари керак. Веб-саҳифа икки қисмга бўлинади: пост ва унинг остидаги изоҳлар қисми. Айтайлик, пост қонун доирасида, лекин унинг остида қонунга хилоф изоҳ бўлса, ҳар қандай ривожланган давлатларда тақиқланадиган ахборотдир. Биз бу нормани ишлаб чиқаётганда ўрганиб чиқдикки, юқоридаги моддада келтирилган ахборот деярли барча давлатларда ноқонуний ҳисобланади. Биз унинг механизмини тушунтирмоқчи бўлдик.
– Демак, бу тартиб бошқа ривожланган давлатларда ҳам мавжуд?
– Бу лойиҳани тайёрлаш жараёнида Буюк Британия, Франция, Германия ва АҚШ каби давлатлар тажрибаси ўрганилди. Юқоридаги модда таснифлаган ҳолатларнинг ҳаммаси тақиқланган. Фақат бизда қонуности норматив-ҳужжатида бу механизм ёзилмаган эди. Шу сабабли, бу мавзу жуда ҳам эътирозли бўлди. Агентлик раҳбарияти тушунтириш берганидан сўнг, шундай механизм тайёрлашга қарор қилдик. Бу нормани қай тарзда ишлатишни икки томон ҳам билар эди. Агентлик огоҳлантиришни ўз зиммасига оляпти. Мисол учун, блогернинг вақти бўлмаслиги мумкин, ОАВда ҳар бир чиққан хабарни ижтимоий тармоқларда кузатиб бориш учун масъул шахс бўлмаслиги мумкин. Уларнинг вақти бўлмай қолиши мумкин. Йиғилишда келишилдики, агентлик механизм ишлаб чиқади. Унга кўра, агентлик мониторинг қилади. Мабодо қонунга зид ахборот топилса, веб-саҳифа, мессенжер эгаси огоҳлантирилади. «Сизнинг фалон постингиз остида қонунга зид изоҳ ёзилган», деган маънода. Умид қиламизки, постларнинг ўзида қонунга зид ахборот ёзилмайди.
– Бу кўпчилик томонидан бошқача қабул қилиняпти. Масалан, ҳозирги кунда кўплаб ташкилотлар фаолиятига нисбатан танқидлар қилинмоқда. Шундай танқидий материалларга нисбатан хабарнома келмасмикин деган кўрқув бор.
– Шуни эътиборга олиш керакки, бу норма оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги, журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга ҳеч тескари эмас. Яъни, уларнинг талаблари ҳам ҳисобга олинган. Танқидий материал одатда журналист ёки блогер томонидан маълум изланиш асосида яратилган материалдир. Юқоридаги моддада бу танқидий материал ҳақида гап кетмаяпти. Масалан, терроризм, экстремизм, миллатини камситиш, бировни таҳқирлаш каби ахборотлар тушунарли. Буларнинг танқидга алоқаси йўқ. Танқид одатда конструктив бўлади. Масалан, кимдир бирор вазирлик фаолиятидан қониқмаса, ўз эътирозини ёзади. Мисол учун, йўллар ёмонлиги, мурожаатларга ўз вақтида жавоб берилмаслиги ва ҳоказо. Булар қонун доирасидаги гаплардир. Буларнинг янги механизмга алоқаси йўқ.
– Бундай тартиб жорий қилинса, ўзига яраша кадрларга бўлган талаб ҳам ошса керак. Катта ахборот майдонини бу ҳолатда назорат қилиш жуда қийин. Кадрлар захираси қанақа? Эртага норози бўлиб, судга берилиши бор. Судга бориш керак. Мониторинг қилиш керак...
– Агентлик доирасида марказ бор. Марказнинг вазифаси мониторингни амалга ошириш. У жойда кадрлар етарли. Бу улар учун оғир ва масъулиятли иш. Чунки ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ. Шу сабабли марказда кадрлар етарли. Тўғри, уларда энди иш ҳажми ошади. Лекин ишлар электрон тарзда қилинади. Хабарнома электрон жўнатилади, жавоб ҳам электрон тарзда олинади. Агар блогер ёки веб-саҳифа эгаси ўчирилиши сўралган изоҳни ўчирмаса, «агентлик уни судга бериш мумкин» дейилган. Бериши аниқ дейилмаган. Биз максимал тарзда юмшатиб ёзганмиз. Кадрлар масаласида муаммо кўрмаяпман. Бу бизнинг вазифадир.
Бизда интернетда мулоқот қилиш маданияти ёмон ривожланган. Одамлар муаммони муҳокама қилар экан, бир-бирини сўкишга ўтиб кетади. Бу ҳолат қонунга зиддир. Жиноят кодекси ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам таҳқирлашга жавобгарлик мавжуд. Механизмдан мақсад одамлар орасидаги маданиятни оширишдир. Этика қоидалари, умуминсоний қоидалар асосида мулоқот маданиятини яратишдир, аслида. Ишонамизки, вақт ўтиши билан шундай натижага олиб келади.
Баҳодир Аҳмедов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:00 / 21.12.2024
Kun.uz'нинг YouTube'даги обуначилари сони 3 миллиондан ошди
21:49 / 12.12.2024
Австралия интернет компанияларни маҳаллий ОАВ контенти учун пул тўлашга мажбур қилади
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
16:46 / 26.08.2024